Велоспорт бўйича жаҳон чемпиони энди Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади

11:31 08 Август 2018 Спорт
302 0

Велоспорт бўйича жаҳон чемпиони, учта олимпиада ўйинлари совриндори, шу пайтгача Россия байроғи остида мусобақаларда иштирок этиб келган велоспортчи Ольга Забелинская Ўзбекистон фуқаролигини олди.

Забелинская Ўзбекистон таклифига кўра Халқаро велосипедчилар уюшмаси (UCI) га фуқаролигини ўзгартириш бўйича ариза билан чиққан ва ижобий жавоб олиб, 5 июль куни Ўзбекистон паспортига эга бўлган. Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилган Ольга Ўзбекистон олимпия қўмитаси томонидан шу йилнинг 16 августидан 2 сентябригача Индонезияда бўлиб ўтадиган XVIII Осиё ўйинларига йўл оладиган велоспортчилар қаторига киритилган. Ольга билан биргаликда мусобақада Андрей Измаилов ва Мурод Ҳолмуродовлар қатнашишади. Жамоа раҳбари этиб Козим Ўринбойхўжаев, мураббий сифатида эса Рустам Нуритдинов ва Алексей Смирновлар кўрсатилган.

2012 йил Лондондаги Олимпиадада жамоавий ва индивидуал баҳсларда бронза медалларини, 2016 йилги Рио-де-Жанейрода кумуш медални қўлга киритган 38 ёшли Ольга Забелинская 2020 йилдаги Олимпиадада ҳам қатнашишни режалаштирган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар