Вазни 300 килограм, ногиронлиги бор Жеймс Боннернинг иродаси

11:55 20 Февраль 2018 Lifestyle
758 0

Америкалик Жеймс Боннер ўз вазнининг ярмини йўқотишга эришиб, охирги 15 йил ичида илк бор стадион бўйлаб югура олди.
“The Daily Mail”нинг ёзишича, 29 ёш бўлган Жеймсда ортиқча вазн билан боғлиқ муаммолар болалигиданоқ бошланган. Ўшанда уни янги оила асраб олган, боз устига энг кенжатой ва ягона ўғил бола фарзанд бўлгани учун уни ҳамма эркалар, сўраганини шу заҳотиёқ муҳайё қилишар, тинмай овқатлантиришар эди. Айниқса, холаси уни тунда ҳам пирог ва музқаймоқ ейишга ўргатиб қўйганди. Натижада 8 ёшидаёқ унинг вазни 68 килограммга етади.
Ўша пайтларда бундай ҳолат болага спорт билан шуғулланишга халақит бермасди. Лекин ўсмирлигида Боннер нафақат таомларни жуда кўп паққос тушира бошлади, балки алкоголь ичимликларини меъёридан ортиқ истеъмол қилишга ўрганиб қолганди. Оқибатда уни мактабдан ҳайдашди. 25 ёшида эса у автоҳалокатга учради ва бир оёғидан ажралди. Мазкур фожиадан сўнг Боннер фақат таом еб ўзини юпатди. Ҳаракат қилишдан буткул тўхтади. Протез қўйса, вазни кўтара олмаслигидан қўрқди.
... 2017 йил. Ва ниҳоят Жеймс ўзини енгишга куч топди. Янги ҳаёт бошлашга қарор қилди. Бу вақтга келиб, унинг оғирлиги деярли 300 килограммга етиб қолганди. Аввалига ёш йигитнинг ошқозонида шунтлаш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Шундан сўнг у психотерапия курсларига қатнади. Парҳез сақлади. Натижада 143 килограмм, яъни ўз вазнининг ярмини йўқотишга муваффақ бўлди. Жеймс учун янги протез тайёрлаб берилди. У эса ўз умрининг охирги 15 йилида илк бор югурди. Ҳозир у уйидан унча узоқ бўлмаган жойдаги стадионга мунтазам бораяпти.
Энди ҳаммасини эсдан чиқариш учун югураяпти. 
Янги ҳаётдан завқланиб югураяпти. 
Келажаги ёрқин бўлиши умидида тинмай югураяпти.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар