Вазирлик ижтимоий тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлган видео бўйича изоҳ берди

13:59 01 Ноябрь 2019 Жамият
319 0

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Миробод тумани Меҳржон кўчасида жойлашган 2-сонли ИИБ бўлимида 25 ёшли шахсни кўрикдан ўтказиш мақсадида Миробод туман тез ёрдам бўлимига келиб тушган мурожаат юзасидан тарқалган видеохабар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Маълум бўлишича, турли ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа шу йилнинг 24 октябрь куни эмас, балки 26 июнида рўй берган ҳамда воқеа жойидаги шахслар томонидан тасвирга олинган. Унга кўра, туман ички ишлар бўлими ходимлари хизмат вазифаси вақтида икки нафар аёлни маст ҳолатда жамоат жойида жанжаллашиб турганида қўлга олади. Вазиятни ойдинлаштириш мақсадида улар билан суҳбатлашиш асносида алкоголь маҳсулоти истеъмол қилингани аниқланади. Аммо шунга қарамай фуқароларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини тиббий тасдиқлаш мақсадида тонгги соат 7:55 атрофида ички ишлар ходимлари томонидан тез ёрдам чақирилади.

Шу орада ҳудуддаги подстанцияда мурожаатларнинг кўплиги боис, фақат битта бригада бўш бўлганлиги ва айни шу вақтда подстанцияга тумандаги Оқ йўл кўчаси 195-хонадонда истиқомат қилувчи 65 ёшли аёлнинг юрак хуружи билан боғлиқ чақириғи келиб тушгани сабаб шифокорлар аввал ушбу манзилга зудлик билан етиб боради. Беморга тиббий ёрдам кўрсатиб, унинг ҳаётини сақлаб қолишга сабабчи бўлишади. Шундан сўнг қарийб ярим соатдан ошиқроқ вақт ўтиб, иккинчи чақириқ тушган ИИБ бўлимига боришади.

Бу ерда тасвирдаги аёл томонидан чақириққа кеч келдинг дея, ўша ердаги ички ишлар ходимлари гувоҳлигида шифокор Э.Салиевга нисбатан турли камситиш ва ҳақоратомуз сўзлар айтилади. Шунга қарамай шифокор аёлни кўрикдан ўтказади ва унда мастлик ҳолати мавжудлигини аниқлайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги пайтларда юртимизда халқимизга тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатишда шошилинч ва тез тиббий ёрдамнинг сифат ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада аҳолининг “тез ёрдам”га ишончи ортмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида биргина Тошкент шаҳри миқёсида “тез ёрдам”га 750 мингга яқин чақириқлар тушган. Бу кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоиз кўпроқдир.

Бироқ, давлатимиз томонидан яратилаётган замонавий шароитларга қарамай, соҳада ҳали қатор масалалар ҳам йўқ эмас. Масалан, баъзи ҳолларда “тез ёрдам”га тушаётган чақириқларнинг 30-40 фоизи асоссиз чақириқларга тўғри келаётгани ачинарли албатта. Аксарият ҳолатларда у ёки бу сурункали касаллиги бор беморлар гоҳ қон босимини ўлчатиш, гоҳида қайсидир уколни қилдириш ёки бўлмаса режали даволаш муолажалари учун ҳам “тез ёрдам”ни чақираверишларини нима билан изоҳлаш мумкин?

Устига устак худди шу ҳолат ички ишлар ходимлари томонидан оддий текширувларга ҳам чақириш ҳолатларида тез-тез учраб турмоқда. Бу эса оддий чақириқдан кўра кўпроқ вақт олади, шифокор ҳам, тиббий ёрдам машинаси ҳам банд бўлиб қолишига олиб келади.

Шу боис юқоридаги ҳолатларга барҳам бериш ва асоссиз чақириқлар сонини камайтириш мақсадида Миробод туман 7-тез тиббий ёрдам бўлими томонидан жорий йилнинг май ойида туман ички ишлар бўлимига мурожаат хати билан чиқилган. Натижада ушбу чақириқларнинг сони камайишига эришилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019