Вазирлик диққатига: Қўштепа туманида 32 йил таъмирланмаган, таъмирталаб мактаб бор!

17:52 05 Июль 2019 Жамият
680 0

Сиз тасвирларда кўриб турган қаровсиз бу жойлар анча йиллардан буён ишламай турган, тадбиркорларга берилиши кўзда тутилган,“0” қийматда аукционга қўйилган бино иншооти эмас! Бу зиё ва таълим маскани – капитал реконструкциядан “етим” қолган мактаб биноси.

Ташқаридан қараганда мактаб бинойидай кўринади. Таълим тизимига, мактабларга жиддий эътибор қаратилаётган бир пайтда, наҳотки Фарғона вилоятида шу даражада аянчли ҳолга келиб қолган муассаса бўлса?! Аҳвол ижобий эмаслиги бу ерда таълим олаётган болалар, ўқитувчилар кайфиятига нечоғли таъсир кўрсатаётган экан? Мактаб мукаммал таъмирга  муҳтож бўла туриб мутасаддилар бирор чора кўрмаганмилар? Мактабни мукаммал таъмирлаш учун давлат дастурига киритишнинг шу пайтгача нега уддасидан чиқилмаган?

Ўқув муассасасини обдон кузатсангиз сизда ҳам мана шундай саволлар уюми онгу шуурингизга ёпирилиб келиши аниқ. Келинг,бошидан бошлаймиз!

Ўқчи қишлоғидан Қўштепа туман марказига элтувчи йўлнинг шундоққина ёқасида жойлашган 27-умумтаълим мактаби 1987 йили фойдаланишга топширилган. Қуввати дастлаб 620 ўринли, ҳозирда негадир 720 ўқувчига мўлжалланган деб юритилаётган даргоҳда айни пайтда 987 болага 64 нафар устоз сабоқ беради. Жумладан, бошланғич синфларга мўлжалланган 120 ўринли бинода синф хоналари етишмаслиги сабаб тўртинчи синфлар юқори синфлар биносида ўқишади.

Мактаб директори қандай фикрда?

—Таълим тизимида туман, вилоят миқёсида ишлаганман,—дейди мактаб директор Зоиржон Тожибоев. —Шароити оғирлиги учун шу мактабга жўнатишди. Аҳвол мен ўйлагандан ҳам оғирроқ эканлигини бу ерга келиб билдим. Орада кетиб қолдим, яна қайтаришди. Ахир ҳаммамиз қочиб кетаверсак, аҳволни кимдир ўнглаши ҳам керакку! Мактабнинг ҳолати ўқитувчилар ишчанлиги, кайфиятига ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани яққол сезилади. Айрим фанлар бўйича етишмаётган ўқитувчилар ўрнига яхши мутахассисларни таклиф этдим. Оз вақт ишлаб шароит йўқлигидан кетиб қолишяпти. Ҳозир ҳам инглиз ва рус тили ўқитувчилари етишмайди. Ҳеч ким бу мактабга келишни хоҳламаяпти. Ўқувчи ва ўқитувчиларга шароит яратиш мақсадида тегишли идораларга бир неча бор мурожаат қилдим. Навбатдаги ўқув йили учун мўлжалланган инвестиция дастурига киритиш ҳақида туман халқ таълими бўлимига расмий хат билан чиққанман. Назаримда, улар ҳам бундай сўров билан юқоридан ижобий жавоб олишолмаган. Барибир шундай аҳволдаги мактаб бу йил ҳам негадир дастурга кирмай қолди.

Ички имкониятлардан келиб чиқиб, умуман яроқсиз бўлиб кетган эшикларни алмаштирдик, айримларини ямадик, тутқичлар ўрнатдик. Мактаб орқасидаги ташландиқ ерда ҳашар йўли билан спорт майдони қилдик. Хуллас, эскини эплаб, эсимиз кетяпти. Ромларнинг ойналарини артишнинг иложи йўқ, чунки тозалаётганда умрини аллақачон ўтаб бўлган ҳаддан ташқари катта ромлар пастга қулаб, ойналари чилпарчин бўляпти. Ҳавонинг иссиқ кунларида айрим синфларда ўқитувчилар деразаларни очишга қўрқишади, чунки чириб, узилиб тушишга келиб қолган. Полларнинг аҳволини айтмаса ҳам бўлади. Назаримда, шароити бизникидан оғирроқ мактаб вилоятда ҳам бўлмаса керак. Нима учун дастурдан тушиб қолаётганидан ҳайронман.

Мактабдаги бугуннинг манзаралари

Мактаб раҳбарлари ва маҳалла фаоллари ҳамроҳлигида синф хоналарини кўздан кечирамиз. Рус тили, биология хоналаридаги ленолиумлар йиртилиб, остидаги шағалу қумлари чиқиб ётибди. Ямоқчилар ҳам яшасинлар, тўғри келган рангдаги қопламаларни ёпиштириб кетаверишибди. Қолган синфларда ҳам аҳвол шу.

Информатика хонасида махсус столлар бор холос, компьютердан дарак йўқ. Ўқувчилар уйида бўлмаса, компьютерни мактабида фақат тасаввур қиларканлар. Ахборот технологиялари асрида-я?! Дарслар қандай ўтилади? 

—Тўғриси, шу йил январигача мактабимизда компьютер бўлмаган,-дейди информатика ўқитувчиси Қобилжон Солижонов. Тугалланган ўқув йили давомида амалий машғулотларни битта технология ёрдамида фақат қизиққан болалар билан тасвирни мана бу проект орқали экранга тушириб олиб, кўрсатиб тушунтираман. Биз ҳам бошқалар каби компьютерлашган синфларимиз бўлишини истаймиз. Ҳолатга қараб иш тутяпмизда.

Мактабларда электрон доскалардан фойдаланилаётган бир пайтда бу ерда чет тили хонасидаги доска икки жойидан ёрилиб кетган, шкафлар ҳам алмисоқдан қолган. Кимё фанидан лаборатория хонасига юзланамиз. Бу ерда амалий машғулот учун бирор бир жиҳоз йўқ. Улар яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги учун аллақачонлар ҳисобдан чиқариб юборилган. Лаборант Ферузахон Қўчқорованинг айтишича, амалий машғулотларга тажриба воситаларини қўшни—20 умумтаълим мактабидан ойда бир марта олиб келиб туришаркан.

Биология фани хонаси деярли жиҳозланмаган, кўргазмали воситалар йўқ ҳисоби, лаборатория эса бўм бўш. Биология фани ўқитувчиси Ҳилолахон Аҳмаджонова икки нафар биолог таътилдан олдин бериладиган ойлик маошидан пул тўплаб, хонани бир амаллаб янги ўқув йили учун таъмирлаб олишларини айтди.

Узоқ йиллардан буён ишламай турган мактаб ошхонасини ку гапирмаган маъқул. Фотосуратларни кўрсангиз кифоя. 

Тадбирлар ўтказиладиган хонанинг қаттиқроқ тегиб кетсангиз ағанаб тушадиган эшиги устма уст бўёқ қилинаверганидан “семириб” кетган.Чириб кетган ромлар, моғор босган шифт ва деворлар, ранги ўчган ва синган ўтиргичларни кўриб ачиниб кетасан,киши. Унча катта бўлмаган залнинг ҳавосизлиги нафасингизни қайтаради. Спорт залидаги аҳвол ҳам дилингизни хира торттиради. 9х12 ўлчамли залга кираверишдаги манзаранинг ўзи кайфиятингизни бузади. (спорт зал киравериши фотоси бор)

— Мана шу майдон ташландиқ бўлиб ётганди, — дейди директор. —Тепа-пастликларини текислаб, спорт майдонига ўхшатиб олгунимизча, эркак ўқитувчиларимиз қаттиқ меҳнат қилишди.

Мактабда шароитнинг йўқлиги таълим сифатига ҳам таъсир қилган

Мактабда кейинги ўн йилда директор етти марта, катта синфларда директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари тўрт марта, бошланғичларда уч марта, маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосар тўрт марта алмаштирилди. Раҳбарларнинг қўнимсизлиги педагогик жамоани “кун ўтсинга“ ишлашга ўргатиб қўйгани аён ҳақиқат. Бир неча йиллардан буён ҳукм суриб келаётган юқоридагидек аҳвол уларда тушкун кайфиятнинг давомийлиги, бепарволик, ўзибўларчилик кайфиятини қарор топтирди. Каттагина жамоада атиги икки нафар биринчи, 17 нафар иккинчи тоифа, 35 нафар мутахассис (!), 4 нафар тугалланмаган олий, 3 нафар ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар меҳнат қилишаркан.

Бир пайтлар ўз нуфузига эга бўлган мактаб олимпиада ва билимлар беллашувлари натижасига кўра, туман халқ таълими бўлими рейтингида 39-ўринни эгаллаб турибди. Мактаб собиқ ўқувчиларининг атиги ўн нафари кейинги ўн йилда олий даргоҳларда ўқишган. Ободлик кўнгилдан бошланади. Мактабда меҳнат ва ўқиш учун зарур шароит яратилмас экан, аҳвол ўнгланиши қийин, бизнингча.

Раҳбарлар нима дейди?

—Бу даргоҳ капитал таъмирга жуда муҳтож,—дейди туман халқ таълими бўлими мудири Орифжон Деҳқонов.—Шунинг учун ҳам биз 2019-2028 йилларда Инвестиция дастурига киритилиши таклиф этилаётган мактаблар қаторида бу муассасани 2020 йилда капитал таъмирлашга тавсия қилганмиз. Нима учун 2019 йил дастуридан тушиб қолгани,келгуси 3 йиллик дастурга киритилмаётгани бизга қоронғи.

—27- мактабни мукаммал ўрганиб чиққанмиз, —дейди туман халқ таълими бўлими бош муҳандиси Насимхон Ғофуров. —2019 йилда дастурга зудлик билан киритиш учун таклиф ҳам берганмиз. Лекин негадир киритилмади.Сабаби бизга қоронғи. Яқинда вазирликдан Дониёржон, деган Вакил келганди. Шу масалани ўртага ташладим. Олиб келиб мактабни кўрсатдим. Бу дастурга тушмаса бўлмас экан. Аҳволи анча оғир мактабни, деб айтди.

—Мактаб фалон йилги, писмадон йилги дастурга тушади,таъмирлаймиз, деган гап-сўзлар ва ваъдалардан қишлоқ аҳли “тўйиб” кетган, —дейди Юқори Ўқчи МФЙ раиси Бахтиёр Хожиматов. —Бунақа қуруқ ваъдаларга кейинги пайтларда маҳалла аҳли эътибор ҳам бермай қўйишган. Бизнинг наздимизда ҳаммаси қуруқ ваъдалардан бошқа нарса эмас. Ахир, ҳар йили, йиллар давомида шунақанги баландпарвоз сўзларни қулоққа илишавергач, ишончингиз ҳам, умидингиз ҳам йўқолиб кетаркан. Маҳалла аҳли ҳатто дастурга туширишнинг “чиқимлари”га ҳам рози. Нима қилсанг, қил! Лекин дастурга тушириш керак дейишяпти.

Хулоса ўрнида

27-умумтаълим мактаби фаолият бошлаганига 32 йил бўлсада бирор марта мукаммал таъмирланмаган. Муассаса шунча мурожаатларга қарамасдан 2019 йил Инвестиция дастурига ҳам киритилмади. Фарғона вилояти халқ таълими бошқармасининг бизга берган маълумотига қараганда,

Республика ва вилоят ишчи гуруҳи томонидан барча муаммоли объектлар жойида бориб кўрилган. Берилган якуний хулосага кўра, агар Халқ таълими вазирлиги тасдиқласа,2020-2022 йиллар давомида Манзилли дастур асосида вилоятда жами 123 мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Дастлабки ҳисоб китобларга кўра, бу катта ишлар учун 441 млрд. 700 млн. сўм маблағ керак бўлади.3 йил давомида танланган объектларнинг 76 тасида реконструкция  ва 47тасида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Дўппини бир четга қўйиб обдон мушоҳада қиладиган бўлсак, табиий саволлар туғилиши аниқ. Агар тажрибали республика ва вилоят ишчи гуруҳи аъзолари мактабларни, яъни муаммоли объектларни жойида бориб ўрганган бўлса, нега 27 мактаб уларнинг назарларига илинмади? Ёки мактабнинг бу аянчи аҳволи 3 йиллик (!) дастурга киритилишга арзимайдими?

Фарғона вилояти халқ таълими бошқармасининг бино ва иншоотлардан фойдаланишни мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Рустамжон Холиқназаровдан келгуси йиллар учун тайёрланган Манзилли дастурнинг туманлар кесимидаги рўйхатини сўраганимизда очиқдан очиқ бу маълумотларни беришдан бош тортди.Мақола сўнгида Халқ таълими вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти халқ таълими бошқармасига бир саволимиз бор: Нега муаммоларини биз “элга дастурхон” қилаётган ушбу мактабда дастур асосида таъмирлаш ишлари шунча йиллардан буён пайсалга солиняпти.

Саволларимизга вилоят ва республика миқёсидаги мутасаддилардан реал ҳақиқатларга асосланган жавоб кутамиз. Зеро, Қўштепа туманида бу мактабнинг аҳволидан кўра аянчли мактаб топилмаслиги — айни ҳақиқат.

Элёржон ЭҲСОНОВ, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019