Вазирлар Маҳкамасида Россия соғлиқни сақлаш вазири билан учрашув бўлиб ўтди

01:57 07 Март 2019 Сиёсат
454 0

Фото: ЎзА сурати.

Кеча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова билан учрашув бўлиб ўтди, дейилади ЎзА хабарида.

Мулоқотда мамлакатларимиз ўртасида тиббиётда кадрлар малакасини ошириш бўйича самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилди. Ўзбекистонлик шифокорларнинг Россия етакчи тиббий муассасаларида малака ошириши ташкил қилинаётгани, соҳада илғор технологияларни қўллаш, ташхис қўйиш ва даволаш, мураккаб жарроҳлик амалиётидаги тажриба алмашишга қаратилган маҳорат дарслари ўтказиш мунтазамлик касб этгани таъкидланди.

Бугунги кунда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик фаол давом этмоқда. Келгуси ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизда И. М. Сеченов номидаги Москва давлат тиббиёт университети филиалини очиш режалаштирилган. Ташкил этиладиган қўшма факультетларда бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрланади.

Учрашувда тиббиёт соҳасини молиялаштириш, логистика, соғлиқни сақлаш тизимини рақамли бошқарувга ўтказиш, ҳукумат даражасида қабул қилинаётган дастурлар аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

* * *

Делегация аъзолари республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, хусусий клиникалар, бирламчи тиббий ёрдам муассасалари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртларида ҳам бўлиб, икки томонлама ҳамкорликка оид қатор учрашув ва музокараларда иштирок этди.

Хусусан, кеча улар Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази фаолияти билан танишди.

Бугунги кунда марказда юрак, жигар ва бошқа аъзоларда жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Кардиожарроҳлик бўйича кўрсатилаётган хизматлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, меҳмонлар “Akfa Medline” тиббиёт маркази мисолида мамлакатимизда малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликлар профилактикаси, патронаж ва скрининг хизматларини замонавий даражага кўтариш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳам яқиндан танишди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019