Вазир ва ҳоким Чиноз туман марказий шифохонасининг янги биносини очишди — ССВ

16:34 29 Август 2020 Жамият
664 0

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил июнь ойида Тошкент вилоятига ташрифи давомидаги топшириқлари асосида вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги муассасаларни қуриш, реконструкция ва таъмирлаш учун қўшимча 387 миллиард сўм маблағ ҳисобига жами 71 та даволаш профилактика муассасалари қурилиш, реконструкция ҳамда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган эди.

Вилоятнинг барча ҳудудлари қатори, Чиноз туманида ҳам қатор қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, Ватанимиз Мустақиллигининг 29 йиллик байрами арафасида туман марказий шифохонасининг янгидан бунёд этилган биноси фойдаланишга топширилди. Шифохонанинг очилиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов иштирок этишди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу шифохона бунёд этилишига 23,5 миллиард сўм сарфланди. Муассаса энг замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, беморларга аниқ ташхис қўйиш, самарали даволаш учун барча имкониятлар яратилган. Болалар бўлими, шошилинч тез ёрдам, терапия ва туғруқхона бўлимлари, умуман олганда, 140 ўринли мазкур замонавий шифохонада нафақат Чиноз тумани, балки қўшни вилоятлар ва туманлар аҳолисига ҳам сифатли ва самарали тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга.

Бу ердаги малакали шифокорлар самарали фаолият юритиши, касалликка чалинган фуқароларнинг сифатли тиббий ёрдам олишлари, ҳатто беморларни кўришга келган яқинлари учун ҳам барча шароитлар яратилган. Бундай қулайлик эса пандемия шароитида аҳолининг тезкор ва зарур тиббиёт ёрдам олишларида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Бир сўз билан айтганда, мазкур марказий шифохона туман аҳлига, меҳмонларга замонавий ва сифатли тиббиёт ёрдам кўрсатадиган маскан сифатида узоқ йиллар хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?