Вазир коронавирусга қарши кураш масаласида германиялик мутахассислар билан мулоқот ўтказди

17:33 22 Август 2020 Жамият
336 0

Мамлакатимиз билан Германия ўртасидаги алоқалар ҳар доим дўстона ва кўп томонлама ҳамкорлик асосида кечган. Хусусан, 2019 йилнинг 21 январида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Германияга, ўша йилнинг 27 майида Германия Федератив Республикаси ПрезидентиФранк-Валтер Штайнмаернинг Ўзбекистонга ташрифи давомида кўплаб соҳалар қатори тиббиёт йўналишида ҳам кенг ҳамкорлик қилишда янги саҳифалар очилган эди.

Шу кунга қадар Хитой, Россия, АҚШ, Корея Республикаси, Туркия каби давлатлар билан бир қаторда Германиядан келган нуфузли мутахассислар ҳам Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларни даволаш жараёнларида бевосита қатнашиб, ўз тавсияларини бериб келишмоқда.

Куни кеча коронавирус инфекциясига қарши курашда кўмак бериш мақсадида яна бир гуруҳ германиялик мутахассислар юртимизга келгани  ҳақида хабар бергани эдик.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, бугун Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов нуфузли немис мутахассислари иштирокида ўзаро мулоқот ўтказди. Унда Германиянинг Роберт Кох институти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси ва Дюсселдорф университети ҳамда Франкфурт-Майн университети клиникаларидан келган мутахассислар билан юртимизда пандемиянинг таъсирини имкон қадар камайтириш, касаллик тарқалишининг олдини олиш ва беморларни даволашда немис мутахассислари ва маҳаллий шифокорлар ўртасида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Европалик мутахассислар гуруҳи шу йилнинг 28 августига қадар юртимизда бўлиб, пойтахтимиз, Тошкент, Самарқанд, Бухоро вилоятларидаги шифохоналарда коронавирусга чалинган беморларни даволаш жараёнларида бевосита иштирок этадилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?