Ватанпарварлик — Ҳаётимизнинг маънавий асоси

12:09 16 Август 2019 Жамият
110 0

Марралар қанчалик баланд олинмасин, лойиҳалар нечоғли истиқболли бўлмасин, Ватанни севадиган, чин юракдан меҳнат қиладиган фидойи инсонларсиз уларни амалга ошириш имконсиз.

Ҳар бир қалбда ўз халқининг жажжи қиёфаси яшайди, деб ёзган эди таниқли немис адиби Густав Фрейтаг. Ватанга муҳаббатнинг асл боиси шудир эҳтимол?!

Бугун одамлар кўнглига йўл топиш, уларнинг дарду ташвишларига қулоқ тутиш, муаммоларига ечим излашга қаратилган улуғвор ишлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Хўш, ана шу эзгуликлар, хайрли ташаббуслар қаердан қувват олмоқда? Албатта, кўнгилдан! Ватанга, халққа дахлдорлик ҳиссидан!“Элга қўшулғон эш топти”, деб бежиз айтмаган Ҳазрат Навоий.

Кейинги уч йил давомида Ўзбекистонда рўй берган, бераётган янгиланишлар шиддати дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Ўз навбатида, эришилаётган натижалар юксак даражада эътироф этиляпти ҳам. Чунки ислоҳотлар кириб бормаган соҳа қолмади ҳисоб. Шаҳару қишлоқлар қиёфасига қўшилиб, одамлар тафаккури, дунёқараши, ҳаёт тарзи ҳам ўзгармоқда. Энг муҳими, халқимиз бугун олиб борилаётган сиёсат мазмун-моҳиятини тушуниб етди. Дахлдорлик туйғуси кучайди. Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари боряпмиз. Шунинг учун ҳам ўзгаришларга, озми-кўпми ҳиссам қўшилсин, дея енг шимариб, ишга киришганлар кам эмас.

Албатта, марралар қанчалик баланд олинмасин, лойиҳалар нечоғли истиқболли бўлмасин, Ватанни севадиган, чин юракдан меҳнат қиладиган фидойи инсонларсиз уларни амалга ошириб бўлмайди. Шукрки, бу борада ҳам мақтанса арзигулик мисолларимиз кўп. Чинакам ватанпарварларимиз сафи жуда кенг! Қуйида улардан айримларининг ибратли ҳаёти ва хайрли ишлари ҳақида сўз юритамиз.

Муаллима пулини қаерга сарфлади?

Фаридахон Маматисақова — Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидан. Фидойи муаллима. Камтарона ҳаёт кечиради. Мактабдаги ҳамкасблари қатори ойлик маоши билан рўзғор тебратади. Аммо унинг кўпчиликдан ажралиб турадиган бир жиҳати бор: юраги Ватан ишқига лиммо-лим. Одамларга яхшилик қилсам, қишлоқдошларимга янаям кўпроқ нафим тегса, дейди.

Фаридахон опа яқинда бир эзгу ишга қўл урди. Ҳар ой маошидан 100 минг сўм орттириб, сандиққа ташлаб қўйишни одат қилган экан. Бисотини кавлаб, бундоқ санаб кўрса, мўмайгина пул йиғилибди. Сарфлайман деса, ташвиши, орзу-ҳаваси камми? Опахон эса бундай йўл тутмади. Шогирдлари тақдирини, келажагини ўйлади. Ўзи истиқомат қилаётган Қалмоқ маҳалласида мўъжазгина кутубхона барпо этди. Ичини ўз жавонидаги ва ҳомийлар туҳфа этган турли адабиётларга тўлдирди. Аммо бу билан кўнгли таскин топмади. Кутубхона-ку бор, энди китоб ўқийдиганлар сонини кўпайтириш керак. Бу борада болаларни рағбатлантиришни ҳам йўлга қўйди. Яъни 5 та китоб ўқиган ўқувчига 1 китоб совға қиляпти. Бу усул иш берди. Бугун устознингкутубхонасидан ўқувчилар аримайди. 2000 дан зиёд адабиётлар қўлма-қўл бўлиб ўқиляпти.

Саховат ҳам ибодатдир

Ҳаж зиёрати — исломнинг беш арконидан бири. Бундай саодатга эришганлар сафи юртимизда йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.

Риштонлик Изроба Усмонова ҳам шундай улуғ ниятни дилига туккан эди. 2013 йилдан айни кунгача ҳаж сафари учун 20 миллион сўмдан зиёд маблағ йиғди. Аммо, тақдир экан, ­навбати келганида тўсатдан бетоб бўлиб қолди. Жарроҳлик амалиёти ўтказилишига тўғри келди. Шифокорлар бу аҳволда ҳаж зиёратига боришига изн беришмади. Шунда ­Изроба Усмонова ҳаж харажати учун йиққан маблағини кам таъминланган, эътиборга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилаларга бўлиб берди.

— Ҳозир саломатлигим жойида, — дейди онахон. — Гарчи ҳаж ибодатини адо этиш насиб қилмаган бўлса-да, кўнглим тоғдек баланд. Ҳозир мени риштонликлар “Ҳожи она” деб чақиришяпти...

Муқаддас ришта

Президентимиз Мўйноқ туманига ташрифи чоғида “Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган асли шу — Мўйноқ аҳолиси. Уларнинг сабр-қаноати, ватанпарварлиги, меҳнаткашлиги учун раҳмат айтишимиз, шунга муносиб хизмат қилишимиз керак”, дея ҳамманинг дилидаги гапни айтганди.

Чиндан ҳам, бу заминда шунчаки кун ўтказишнинг ўзи катта машаққат. Улкан денгиз аввалги қирғоғидан 100 километр нарида!Тубида ҳосил бўлган Оролқум майдони роппа-роса 5,5 миллион гектар! Денгизнинг бир литр суви таркибида 150 — 300 граммгача туз бор. Бу ерда илгари мавжуд бўлган 38 турдаги балиқлар қирилиб кетган. Заминдан ҳар йили шамол юз миллион тоннагача қум ва тузни кўтариб, ­юзлаб километрга учиради. Мўйноқликлар ана шундай ҳаводан нафас олади.

Айни сабабдан Оролбўйи аҳли туманда Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев ташаббуси билан бошланган кенг кўламли ободонлаштириш, бунёдкорлик ва кўкаламзорлаштириш ишларини катта шоду ҳуррамлик билан қарши олди. Қишнинг қаҳратонида, изғирин совуқда қўлига кетмон, белкурак кўтариб, ҳашарчиларга кўмакка отланди.

Улфат Қалабаев — шулардан бири. Мўйноқ давлат ўрмон хўжалиги тракторчиси. У шу ерда туғилиб-ўсган. Тумандаги экологик жараёнлар доимо кўз ўнгида кечган.

— Болалигимизда денгиз атрофида ҳосил бўлган кўлларда балиқ овлардик, — дейди у. — Бора-бора ўша ҳавзалар ҳам қуриб-битди. Турмуш кечириш қийинлашди. Бироқ бу замин— туғилган маконим, Ватаним! Қандайдир бир кўринмас ва муқаддас ришта мени Мўйноқдан қўйиб юбормайди. Шунинг учун ҳам ­Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Орол денгизининг қуриган тубида амалга оширилган оламшумул ишларда фаол иштирок этдим. Жамоамиз билан саксовул экишга жон-жаҳдимиз билан киришдик. Ҳатто қишнинг қировли кунларида ҳам ишни асло сусайтирмадик. Ҳозир 20 гектар майдонда кўчатхона барпо этганмиз. Бу ерда саксовул ниҳолларини ўстиряпмиз. Уларни ҳам насиб бўлса, Оролқум бағрига қадаймиз.

Улфат оға — оилапарвар. Турмуш ўртоғи билан бир ўғил, бир қизни ­вояга етказяпти. Қаҳрамонимизнинг мақсади эзгу: фарзандлари келгусида яшилликка бурканган Мўйноқ заминида ҳаётдан завқ олиб яшасин.

«У — мен учун қаҳрамон»

Яқинда бўлиб ўтган воқеа кўпчиликнинг инсоний туйғуларини жунбушга келтирди. Шифокор Сергей Владимирович Тобиас ота-онаси томонидан клиник ўлим ҳолатида олиб келинган икки ёшли болакайнинг ҳаётини сақлаб қолди. Пойтахтимиздаги хусусий шифохоналардан бирида содир бўлган ушбу воқеа тасвирланган видео турли сайтлар ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Мазкур материалларга юртдошларимиз шифокорнинг профессионал ва инсоний саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этиб, юзлаб фикр-мулоҳазалар қолдирдилар.

Клиник ўлим организмнинг асосий ҳаёт фаолияти — қон айланиши, нафас олиши тўхтаган вақтидан бошланиб, бош мия пўстлоғи ҳужайраларининг нобуд бўлишигача давом этади. Реанимация тадбирлари ўз вақтида ва юксак маҳорат билан ўтказилгандагина бош мия пўстлоғи ­фаолияти тикланиши мумкин. ­Эътиборлиси, бу иш 5-6 дақиқа ­ичида амалга оширилиши керак. 

Дарҳақиқат, клиник ўлим ҳолатидаги инсоннинг яна ҳаётга қайтиши Яратганнинг инояти билан юз берадиган, сўз билан таърифлаб бўлмас воқелик. Шу билан бирга, шундай улуғ, илоҳий бир ишга сабабчи бўлиш кишидан катта жасорат, фидойилик, ўз касбини севиш, юксак инсонпарварлик талаб этади.

Воқеа қаҳрамони Сергей Тобиас ана шундай фазилатларни ўзида мужассам этган инсон эканини ҳаётда исботлади. У, гарчи реаниматолог бўлмаса ҳам, масъулиятли бир паллада касб маҳоратини намойиш қилди.

Қайд этиш керакки, ушбу воқеадан сўнг бемор 3-болалар клиник шифохонасига тез ёрдам машинасида шифокор кўриги остида юборилган. Ушбу шифохонада барча муолажалар амалга оширилган.

— Фарзандимни қутқариб қолган шифокордан жуда миннатдорман, — ­дейди болакайнинг отаси Дилшод Раззоқов. — Ота сифатида унинг бу фидойилигини ҳеч нарсага қиёслай олмайман. У мен учун ҳақиқий қаҳрамон.

Айтиш жоизки, шифокорнинг бу фидойилиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан алоҳида эътироф этилди. У “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шу юрт — ҳаммамизники!

Лоқайдлик — иллат. Ҳамжиҳатликда эса ҳикмат кўп. Хўш, одамларни нима бирлаштиради? Эзгу мақсад! Умумманфаат! Бугун Ватанни обод қилиш йўлидаги чақириқларга юртдошларимиз нима учун бир овоздан “Лаббай” деб жавоб қайтаришмоқда? Чунки юртнинг бугуни, келажаги ҳаммага дахлдор.

— Қишлоғимизга Зомин туманидан тоза ичимлик суви келтирилмоқда, — дейди Ховос туманидаги “Қайирма” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ­Нажмиддин Жўраев. —Сув тармоғининг ҳудудимиздаги қисми бир неча километрни ташкил этади. Қувурлар ётқизилгач, маҳалламиз аҳли қараб турмади, виждон амри билан хайрли ишга бош қўшди. Тармоқни кўмиш ишларида қурувчиларга ёрдам бериб юборишди. Яъни ҳар бир оила ўз уйи атрофидан ўтган қувурларни ёпиб, бу билан қурилишни тезлатишга ўз ҳиссасини қўшди. Рости, бунинг учун ҳеч бир кўрсатма ҳам, топшириқ ҳам берилгани йўқ. Гап шундаки, энди одамлар ҳаммасини давлат қилиб бериши керак, деган эски тушунча ўрнига шу юрт, шу Ватан ҳаммамизники, деган эзгу ғоя билан яшашга ўрганишди. Қолаверса, аҳолимиз табиий газ тармоғини тортишга ҳам баҳоли қудрат ёрдам берди.

Яна бир гап. Яқинда Бекобод туманилик бир саховатпеша инсон маҳалламизда яшовчи кам таъминланган оилага 4 хонали уй қуриб берди. Бу хайрли ишга қишлоғимиз аҳли ҳам бош қўшди. Буларнинг барчаси нимадан далолат беради? Тўғри йўлдан бораётганимиздан!

Энг буюк жасорат намуналари қандай юзага келганини биласизми? Машҳур француз файласуфи Жан-Жак Руссонинг фикрича, Ватанга муҳаббат туфайли! Бу туйғунинг ҳаётбахш кучи эса — яратувчанлик!

Замонавий Ўзбекистоннинг янги даврини ҳам ана шундай хислату фазилатлар соҳиблари — фидойи ва ватанпарвар юртдошларимиз яратмоқда. Бинобарин, барчамизнинг дилимиздаги мақсаду муддао муштарак — Ўзбекистонимиз энг бахтиёр инсонлар мамлакатига айлансин! 

«Халқ сўзи».


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019