​“Ватанпарварлар боғи” ёшларимизни юртга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади

01:39 14 Январь 2019 Жамият
674 0

Муаллиф олган сурат.​

Қарши шаҳрида бунёд этилаётган “Ватанпарварлар боғи” аҳолининг Қуролли Кучларимиз ҳақидаги тасаввурини янада бойитадиган, айниқса, ёшларда ҳарбийлик касбига ҳавас уйғотадиган, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган масканга айланмоқда.

Айни пайтда бу ерда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни олдидан қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Умумий майдони 7 гектардан зиёд бўлган боғ қурилиш лойиҳаси ва дизайни, қулайликлари жиҳатидан мамлакатимиздаги бошқа истироҳат масканларидан мутлақо фарқ қилади. Унда Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим этилган ҳарбий техника ва самолётлар намуналари экспонат сифатида жойлаштирилган. Йўлаклар бўйлаб юрар экансиз, Қуролли Кучларимизда мавжуд қудратли ҳарбий техникалар, самолёт ва вертолётлар, танк, бронетранспортёрлар эътиборни тортади. Уларни яқиндан томоша қилиш, техник имкониятлари, бошқарув усуллари билан танишиш мумкин.

Муаллиф олган сурат.​

 

Боғ лойиҳасида ёшларда ҳарбий касбга қизиқишни орттирадиган ҳарбий-тактик ўйинлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ҳарбий амалиётлар вақтида фойдаланиладиган ҳарбий ҳандақ, унга жойлаштирилган алоқа воситалари, қурол-яроғлар кишида ҳарбий амалиёт майдонига оид тасаввурларни гавдалантиради.

— “Ватанпарварлар боғи”даги сайримиз жуда мазмунли, унутилмас таассуротларга бой кечди, — дейди қаршилик Жасур Жалилов. — Барча ҳарбий техникаларни томоша қилдик. Шаҳримизда ана шундай ажойиб маскан барпо этилаётганидан жуда мамнунмиз.

Муаллиф олган сурат.​

— Ҳарбий соҳага болаликдан қизиқишим баланд. Шу боис лицейимизда фаолият кўрсатаётган ҳарбийлашган махсус гуруҳга аъзо бўлганман, — дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчиси Сирож Маматқулов. — Боғдаги ҳарбий техникаларни катта қизиқиш билан томоша қилдим. Келгусида яхши ўқиб, жисмонан чиниқиб, мен ҳам, албатта, ҳарбий хизматчи бўламан.

Боғда қад ростлаган шарқона услубдаги музей ташқи томондан Амир Темур ва ундан кейинги даврларда қурилган сарой иншоотларини ёдга солади. Бино атрофидаги муҳит ҳам тарихий қиёфа касб этиб, улуғвор бино ичкарисида мамлакатимиз ҳарбий тарихига оид буюмлар, расмлардан иборат экспонатларни томоша қилиш мумкин.

Ҳудудда барпо этилган очиқ сув ҳавзаси ҳам ўзига хос иншоот. Унга ўрнатилган фавворалар сувни 30 метрдан 50 метр баландликкача кўтариб, ажиб манзара ҳосил қилади. Фавворалар атрофида эса ҳарбий қайиқ ва катерларда саёҳат қилиш кишига ўзгача завқ бахш этади.

Президентимиз яқинда Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида “Ватанпарварлар боғи”ни бориб кўрди ва уни янада замонавийлаштириш, мавжуд имкониятлар, инновацион ғоялардан унумли фойдаланиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди. Айни пайтда ана шу кўрсатмалар асосида бунёдкорлик ишлари қизғин давом эттирилмоқда.

 

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019