Ватанпарвар, фидойи дипломатлар сафи кенгаяди

11:00 22 Июнь 2018 Жамият
343 0
Фото: uznews.uz

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари фаолиятига бағишланган йиғилишдаги нутқида дипломат кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо этаётгани, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўз касбига садоқатли ҳамда профессионал ёш кадрлар тайёрлаш бўйича вазифаларни тўлақонли бажармаётгани ҳақида куюнчаклик билан тўхталган эди. Бу бежиз эмас, албатта.

Бинобарин, дунё сиёсатининг тартиб-таомиллари кун сайин ўзгариб бораётган бугунги шиддатли замон Ўзбекистон дипломатлари олдига нафақат маълум бир масалалар юзасидан келишувларга эришиш, балки ўз давлатининг ҳам иқтисодий, ҳам геосиёсий манфаатларини илгари суриб, ундан юртига максимал фойда келтириш каби ўта муҳим ва мураккаб вазифаларни қўймоқда.

Шу кунгача мамлакат ташқи сиёсатида фаолият олиб борадиган кадрлар 1992 йилда ташкил этилган ҳамда алоҳида нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида тайёрланар эди. Очиғини айтиш керак, яқин вақтгача бу ерга ўқишга кириш ҳам, уни битириш ҳам анча мураккаб эди. Таълим жараёнлари халқаро талаб ҳамда стандартларга мослаштирилган мазкур университет дипломини қўлга киритиш эса ҳар бир ёш учун янги истиқболларни очарди.

Лекин мамлакатни жадал ривожлантириш жараёнидаги талаблар чет давлатларда Ўзбекистон номидан гапирадиган ва муносиб иш олиб борадиган дипломатларнинг янги авлодини тарбиялаш вазифасини долзарб қилиб қўйди.

Президентимизнинг “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги устувор вазифаларни ҳал этишга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир.

Қарор ўз моҳиятига кўра, халқаро муносабатлар соҳасидаги мутахассислар ҳамда дипломатик бошқарув кадрларини танлаш тизимининг самарадорлигини тубдан ошириш, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш масалаларини комплекс тарзда янгича шакл ва мазмунда ташкиллаштиришга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат бўлди.

— Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети йиллар давомида ўзига яраша тажрибага эга бўлди, малакали ҳамда билимли мутахассисларни тайёрлади, — дейди ташқи ишлар вазири ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Абдужаббор Абдувоҳидов. — Лекин замон ўзгарди, янги дастурлар, янги талаблар юзага келди. Буларни амалга ошириш ҳамда дунё билан ҳамоҳанг тарзда мамлакатимиз нуфузини янги поғонага олиб чиқиш учун ишни тизимли ташкил этсак, биз янада истиқболли ва кучли мутахассисларни тайёрлаймиз.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида янги факультетлар иш бошлаб, уларда халқаро иқтисодиёт ҳамда менежмент, халқаро муносабатлар ва сиёсий фанлар, халқаро оммавий ҳамда хусусий ҳуқуқ, гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти бўйича етук билимли мутахассислар тайёрланади.

Университетнинг асосий вазифалари ҳамда фаолият йўналиши ҳам ўзгармоқда. Эндиликда ушбу таълим муассасаси ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий фаолият соҳасидаги мутахассисларни тайёрлашнинг юқори сифатини таъминлаш, ўқув-режа, дастурлар мазмуни ҳамда таълим жараёнининг амалиётга йўналтирилганлигини янада ошириш, доимий янгиланиб турадиган истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш амалий тизимини яратиш, халқаро муносабатлар ривожи истиқболларини башорат қилишга йўналтирилган фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар самарадорлигини тубдан ошириш билан шуғулланади.

Таълим даргоҳи фаолиятидаги яна бир таркибий ўзгариш шундан иборатки, университетнинг Бошқарув институти ва Дипломатик курслари бекор қилиниб, унинг ўрнида Олий дипломатия мактаби ташкил этилади.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети проректори Матёқуб Бақоевнинг таъкидлашича, мазкур Олий мактаб Ташқи ишлар вазирлиги тизимида ишлайдиган ҳар бир ходимнинг даврий равишда малакасини ошириб боради. Шунингдек, бу ерда халқаро муносабатлар йўналишида бошқа олий таълим муассасалари илмий-педагог кадрларининг малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича доимий курслар иш юритади. Шу билан бирга, Олий мактаб тўлов-контракт асосида бизнес бошқаруви дастури бўйича магистрлар тайёрлашнинг йиллик тайёрлов курсини ҳам очади.

Қарорга биноан, 2018 йил 1 сeнтябрдан эътиборан Oлий мактабда ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий фаолиятга жалб қилинган вазирлик ҳамда идораларнинг маъмурий ва бошқарув ходимлари, шунингдек, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, ҳокимликлар, ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги вазифаларни бажариш билан боғлиқ раҳбар лавозимларига захира сифатида жалб этилган, Ўзбeкистоннинг хорижий идоралари ҳамда халқаро ташкилотларнинг маъмурий-тeхник лавозимларига тайинланган ходимлар, халқаро муносабатлар ва сиёсий фанлар, халқаро иқтисодиёт ҳамда мeнeжмeнт, халқаро оммабоп ва хусусий ҳуқуқ, гид ҳамроҳлиги ҳамда таржимонлик фаолияти соҳасидаги олий таълим муассасаларининг пeдагог кадрлари ҳар уч йилда бир марта мажбурий малака оширадиган бўлдилар.

Бундан ташқари, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб университетга қабул тартиблари ҳам ўзгармоқда. Гап шундаки, аввало, университетда бакалавриат йўналиши бўйича таълим муддати янги ўқув йилидан эътиборан тўрт йил қилиб белгиланяпти. Ўқишга қабул қилиш чет тили, математика, тарих, она тили ва адабиёт фанларидан тест синовлари топшириш асосида амалга оширилади.

— Университетга қабул жараёнига дастлабки имтиҳон механизми жорий этилмоқда, — дейди Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети катта ўқитувчиси Акрам Умаров. — Бунда абитуриентларнинг мантиқий фикрлаши, дунёқараши, тил билиш кўникмалари, маънавий-маърифий тайёргарлик даражасига жиддий эътибор қаратилади. Мазкур тизим ушбу соҳани эгалламоқчи бўлган абитуриентлар орасидан энг кучлиларини саралаб олиш имконини беради. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, дастлабки имтиҳондан ўта олмаган абитуриентлар бошқа олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишлари мумкин бўлади.

Магистратура йўналишига эса таълим муддати — ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда бир йил, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда эса икки йил қилиб белгиланмоқда. Бундан ташқари, университетда қабул квоталари ҳам ўзгаради. 2018/2019 ўқув йили учун бакалавриатга жами 150 нафар (шу жумладан, давлат гранти асосида 30 та), магистратурага 50 нафар (шу жумладан, давлат гранти бўйича 10 нафар) талаба қабул қилинадиган бўлди.

Қарор билан мустаҳкамланган яна бир янгилик. Эндиликда университет таркибида Халқаро иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар маркази ҳамда Халқаро-ҳуқуқий тадқиқотлар ва қиёсий оммавий ҳуқуқ маркази ташкил этилади.

Қисқача айтганда, мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон дипломатларини тайёрлайдиган олий даргоҳнинг мақоми ҳам, йўналиш ҳамда вазифалари ҳам, кадрларни ўқитиш услуби ҳам тубдан ўзгаради. Бундан кўзланган асосий мақсад эса она тилимиз, бой тарихимиз, маданиятимиз ва қадриятларимизни мукаммал биладиган чинакам ватанпарвар дипломатлар сафини шакллантиришдан иборатдир. Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда “...дипломатия, дипломатлик — оддий касб эмас, балки инсондан жуда кўп фазилатларни талаб этадиган ноёб санъатдир. Ҳақиқий дипломат бўлиш учун фақат билим ва тажриба, чет тилларни билиш етарли эмас, бунинг учун аввало туғма талант керак. Энг муҳими, дипломат ҳақиқий ватанпарвар бўлиши, ўз халқи, ўз юртининг чинакам фидойиси бўлиши зарур”.
Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа
маркази материаллари асосида
Раҳим ШЕРҚУЛОВ тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар