Ватанга бахшида умр ёхуд “Ўзбекистон Қаҳрамони” Лолахон Муротованинг портретига чизгилар

10:48 30 Август 2019 Жамият
271 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олтиариқ тумани “Нурли обод” фермер хўжалиги бошлиғи Лолахон Муротовага “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони бериш ҳақида”ги Фармони опани таниган-билганларнигина эмас, барча фарғоналикларни чексиз қувонтириб юборди. Ҳамманинг дилида ва тилида бир сўз:

— Муносиб инсонга муносиб мукофот!

Лола опа яқинлари, ҳамюртлари ва маслакдошлари, туман, вилоят раҳбарларининг табриклари қуршовида ўзигагина хос соддалик ҳамда камтарлик билан миннатдорчилик билдирди:

— Мени ардоқлаган халқимга, Президентимга раҳмат!

... Лолахон оддий деҳқон оиласидаги иккинчи фарзанд эди. Акаси Набижон ота-онаси изидан бориб деҳқончиликка меҳр қўйди. Ҳали мактаб ўқувчиси бўлса-да, Лолахон дам отаси, дам онаси билан далага чиқар, ерни экишга тайёрлашдан то пахта териб олингунча улар ёнидан кетмас эди. Отаси Неъматжон ака хўжаликда муҳандис учунми, ҳали у, ҳали бу тракторни ҳайдаб кўрар, техникага шайдолик пайдо бўлганди, унда. Қиз болага механизаторлик оғирлик қилади, деган насиҳатларга қулоқ солмади. Мактабни тугаллабоқ механизаторликка ўқиди.

— Биринчи бор тракторга ўтирганимда қўлларим қалтирар эди. Бирон кўчатга зарар етказмай деб охиста ҳайдардим, кейин барибир отам кабинага чиқиб ёнимга ўтирди, — деб эслайди Лола Муродова.

— Техникани бўйсундириш ўзингга бўлган ишончга боғлиқ, энди асло иккиланма, — деган эди отам ўшанда. — Шу-шу мен бошқармаган техника қолмади. Экдим, ишлов бердим, пахта тердим, ер ҳайдадим...

Ўшанда, 1977 йилда ёш қизнинг трактор ҳайдаётганини кўргани қўшни туманлардан ҳам тенгқурлари келар, шогирдликка олишларини сўрардилар.

Лолахон механизаторлик йиллари қишлоқ хўжалигининг барча паст-баландлигини кўрди. Ҳатто иши йўқ кунлари ҳам даладан бери келмасди. Нега бу майдонга 90 схемада-ю, бунисига қўшқатор экиляпти, нега чигит навлари турлича, тунда шарбатлаб суғоришнинг нафи нимада... У хўжалик мутахассисларини ҳоли-жонига қўймасди. Бир кун хўжалик раҳбари ундаги иштиёқ, меҳнатсеварлик ва ерга бўлган меҳрни кўриб,

— Пудратчи бўласанми, — деб сўраб қолди. — Ўзинг экасан, ўзинг ишлов берасан, ўзинг териб давлатга сотасан. 50 гектар ер ажратамиз.

Лолахон бундай таклифдан қувониб кетса-да, ҳаяжонини босолмасди. Чунки масъулият катта. Ахир пудратчининг атрофида унга ишониб бирга ишлайдиганлар ҳам бўлади. Уларнинг тирикчилиги пудрат натижаларига боғлиқ.

Қатъийлик унга болалигидан “юққан”. Таклифни қабул қилди. У механизатор бўлиб юрган йиллари тўплаган тажрибаси, ўйлаб қўйган услубларини мана энди ҳаётда қўллаш имкони келди. Ёнига ўзига ўхшаган ёш йигит-қизларни тўплаб, астойдил ишга киришди.

— Ўша, биринчи йили роса қийин бўлган. Баҳор ёмғирли келди. Экиш муддатлари ортга сурилди. Натижада чигитнинг бир қисми чириб кетди. Май ойининг ўрталарида яна қайтадан экдик, чала жойларга, — деб эслайди Лолахон. — Кўзимга уйқу келмасди. Бундай пайтда такрор ва такрор ишлов бериш керак ерга. Шундай қилай десам, ёнилғи лимити деган гап чиқди. Даромаддан қоплаймиз қўшимча харажатни, дедиму ўзим трактор рулига ўтириб даладан чиқмадим. Ернинг захи кўтарилди. Тупроқ қуёш нуридан қувват олди. Кейин ғўзалар бирдан кўтарилиб кетди. Минерал ўғит билан бирга шарбатга урғу бердик. Биоматериални аямадик. Бир вақт гуллар шиғил кўракка айланди. Ишонсангиз ғўза қаторларини варақлар эканмиз, ҳар бир туп, ундаги ҳар бир кўсакни танийдиган бўлдик. Дала шийпони уйимиз бўлди. Ниҳоят хўжаликда биринчи бўлиб ва энг юқори ҳосилдорлик билан мажбуриятларни ҳам адо этдик. Биз билдикки, ирода билан қилинадиган меҳнат ва агротехникадаги қатъийлик, албатта, ижобий натижа берар экан.

Пудратчи Лолахон Муротованинг номи унинг эришган ютуқлари туфайли тез тилга тушди. Энди уни туманда ўтадиган йиғинларга таклиф қилишадиган, ҳурмат кўрсатиб сўз беришадиган бўлишди. Аммо Лолахон булардан ғурурланиб кетмади. Бир гектардан 40-50 центнер ҳосил олиш учун кўчат сони қанча бўлиши керак, суғоришда сув тежамкорлигига эришиш учун нима қилиш лозим, тунда ҳам чигит экса бўладими, хуллас, шу каби саволлар унга тинчлик бермасди.

— Илгари эркимиз ўзимизда эмасди. Мана бу навни экасан, фалон кундан бошлаб ишлов берасан, фалон пайтда теримга тушиш мумкин... Бу каби чекловлар аслида қишлоқ хўжалигига путур етказарди. Деҳқон ернинг ҳақиқий эгаси бўлолмади. Ҳайриятки, 2006 йилга келиб биз “Нурли обод” фермер хўжалигини туздик. Энди биз, деҳқонлар тажриба ва шароитдан келиб чиқиб, қачон нима қилишни ўзимиз белгилар эдик.

Лолахон Муротовага фермер ҳўжалиги учун ер ажратилар экан, аслида уни яна бир синовдан ўтказишди. “Нурли обод” фермер хўжалигига Марказий Фарғона чўлларига туташ, қумлоқ, зах, унумдорлиги паст майдонлар берилди. Лолахон бу ерларда деҳқончилик қилиш машаққатларини билсада, рози бўлди.

Яна тинимсиз меҳнат кутарди, уни. Аввало, экин майдонларини қайта карталаштирди. Ҳар бир майдон учун тупроқ таркибидан келиб чиқиб алоҳида “даволаш” йўл харитасини тузди. Кеч куз ва қишда деҳқон дам олади одатда. Аммо Муротова фидойи ҳамқишлоқлари билан на кундузи, на кечаси тиним билмади. Пол олди, шўр ювди, чуқур рихление қилинмаган карта қолмади. “Тезоб” ерларни плёнка остида чигит экишга тайёрлади. Мартнинг дастлабки кунлари уруғ қадалган карталар ҳам бор эди унинг фермер хўжалигида.

— Мен пахта етиштирувчи Хитой, Америка, Ҳиндистон, Миср каби давлатлар тажрибаси билан қизиқдим, — дейди. Лолахон ҳамкасбларига бир гал даласида ўтган семинарда. — Нега уларда ўртача ҳосилдорлик юқори? Биз қишлоқ хўжалигида инновацион услубларни қўрқмай жорий этишимиз зарур.

Фарғона вилояти мамлакатнинг энг саноатлашган ҳудудларидан бири. Аммо қишлоқ хўжалигида деҳқончилик маданияти юқорилиги, илғор услубларни дадил қўллайдиган, ернинг ҳар бир қаричини қадрлайдиган, “тиллаша” оладиган етук мутахассислари борлиги билан ҳам машҳурдир. Давлатга дон сотиш режаси мамлакатда биринчилар қаторида ортиғи билан бажарилди. Бошқа туманлардаги пахта далаларини кўриб қайтган Лола опанинг фикрича, пахта хирмони ҳам ошиб-тошади, ҳосил мўл. Шубҳасиз, бу онгли меҳнат, илмий ёндашув натижасидир. Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида берилган тавсияларни ҳаётга татбиқ этиш, аввало, ҳосилдорлик юксалишига олиб келмоқда. Масалан, 2018 йилда вилоятда битта пахтачилик кластери ташкил этилганди. У мамлакатда биринчи бўлиб режани бажарди. Эгалик ва натижадан манфаатдорлик янги кластерларни шакллантирди. 2019 йилда вилоятдаги 9 туман қишлоқ хўжалигининг шу илғор усулига ўтди. Кластерлар 40 та чигит экиш, ерга ишлов бериш техник воситаларини сотиб олдилар. Натижада биринчи чигит экиш ўтган йилга нисбатан 15 кун аввал якунланди.

Риштон туманида энг кўпи билан 15 центнер пахта ҳосили оладиган фермер хўжалиги бор эди. Инновацион усул — томчилатиб суғоришга ўтилгач бугунги абрабация (баҳолаш) ҳар гектардан 41 центнердан пахта ҳосили етиштирилганини кўрсатмоқда.

Умуман, 2019 йилгача томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ишлари 3.7 минг гектардан ортиқ майдонга, агатга қора плёнка ётқизиб суғориш 4.0 минг гектарга, эгилувчан қувурлар билан суғориш ишлари 10 минг гектардан ортиқ майдонларга жорий қилинди. Бунинг натижасида 120 млн.м3 сув иқтисод қилиняпти. Ишчи кучи, техника хизматларини 15-20 фоиз камайтиришга эришилди. Қолаверса, илғор усулни қўллаган 12 та фермерга 1,1 миллиард сум субсидия берилди. Суғориш насослари учун электр энергияси бепул қилинди...

Лола Муротова жонкуярлиги кенгроқ майдонларда юқоридаги каби янгиликларни жорий этиш, қишлоқ хўжалигини янги, халқаро босқичларга олиб чиқиш зарурлигини билганидан эди. Унинг далаларида туман фермерлари иштирокида ғўзанинг “Наманган-77” навини экиш, “Ғўза абрабацияси” ва “Уруғлик пахта етиштириш”, “Маҳаллий ўғит жамғариш”, “Ерларни чигит экишга тайёрлаш ва экиш” ва “Дон экиш” мавзуларида кўргазмали семинарлар ўтказилиб келинмоқда.

“Нурли обод” фермер хўжалигининг экин майдони 488,4 гектарни ташкил этиб, ҳозирги кунда 207 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Тажрибали фермер ерларнинг мелиоратив ҳолатини ҳамда тупроқ унумдорлигини яхшилаш мақсадида сўнгги уч йилда 120 млн. сўмлик мелиорация ишларини амалга ошириб, экин майдонларининг балл бонитетини 41 баллдан 50 баллга оширишга эришган.

2016 — 2018 йилларда хўжаликда 1764,6 тонна пахта ва 6946,1 тонна ғалла етиштирилиб, шартнома мажбуриятлари пахтачилик бўйича 120-130, ғаллачиликда 150-160 фоизга бажарилган.

— Бу йил ғалладан ўртача ҳосилдорлик 80 центнердан ошди, — дейди Лола Муротова. — Соф фойдадан яна 3 та техника сотиб олдим. Фермер хўжалиги ҳисобига келган дондан 274 тоннасини ишчиларимизга тарқатдик...

Лола опа бу гапларни оддийгина қилиб айтарди. Деҳқончиликдан бир оз бўлса-да хабардор инсон бу рақамлар ортида қанчалар машаққтли меҳнат ётганини хис қилади.

Лола Муротова қандай ютуққа эришса дарҳол бошқалар билан уни баҳам кўради. У тумандаги ёш фермерларга экин майдонларининг тупроқ унумдорлигини ошириш, юқори ҳосилдорликка эришиш борасида амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Жумладан, ҳудуддаги 2 та фермер хўжалигида унинг маслаҳати асосида иш юритилиб, ҳосилдорлиги ўртача 30-31 центнердан иборат ерлардан  33-34 центнер пахта, ғаллачиликда 40-45 центнерлик ерларидан 55-60 центнер ҳосил олишга эришилди.

Лолахон Муротова фермер хўжалиги даромадларини нима қилар экан, деган савол туғилиши табиий. Албатта, аввало, ишчиларини рағбатлантиради, техник воситаларни янгилаш, инновацион лойиҳаларга ажратади. Лекин у хайрия ишларида ҳам намуна кўрсатиб келмоқда. Шу йилнинг ўзида тумандаги кам таъминланган оилалар, ногиронлар, якка-ёлғиз кексаларга 30 млн. сўмлик ҳомийлик ёрдамини кўрсатган. Шунингдек, 1 та кўп фарзандли ва кам даромадли оилага хўжалик ҳисобидан қорамол олиб берилди, 12 дан зиёд ёшларга уй қуриш ва тўй-ҳашамларини ўтказишларига кўмаклашилди.

Лола Муротованинг меҳнатлари йиллар давомида давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. Унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвони берилди. “Эл юрт ҳурмати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланди. Мана энди Лола Муротова “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак мукофотга сазовор бўлди.

— Аёлига юксак эҳтиром кўрсатиладиган мамлакатимизнинг олий унвони мен каби барча фарғоналик деҳқонлар меҳнатига берилган юксак баҳо деб биламан, — дейди Лолахон Муротова. — Шу билан бирга бу мен учун янада юксак масъулият. Халқимга, Президентимга ваъда бериб айтаманки, бундан буён ҳам Парвардигор берган умрни Ватаним равнақи, қишлоқ хўжалигини юксалтириш учун бахшида этаман.

Муҳаммаджон ОБИДОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019