Вашингтондан Тошкентгача узлуксиз парвоз

07:20 19 Май 2018 Жамият
920 0

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси яна битта “Boeing-787 Dreamliner” самолётини қабул қилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи тарихий аҳамиятга эга учрашувлар, музокараларга бой бўлди. Қатор манфаатли шартномалар имзоланди.
Олий даражадаги мулоқот ҳамда эришилган келишувлар ҳақида бугун жаҳон матбуоти, хусусан, АҚШ оммавий ахборот воситалари атрофлича сўз юритаяпти.
Давлатимиз раҳбари ташрифи доирасидаги тадбирларда иштирок этиш мақсадида ушбу мамлакатга борган Ўзбекистон делегацияси (унинг таркибида журналистлар ҳам бор эди)нинг юртимизга қайтиши яна бир унутилмас воқеа билан уланиб кетди. Гап шундаки, Тошкентга 17 май куни Вашингтон шаҳри яқинидаги “Эндрюс” аэропортидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг авиапарки учун олинган навбатдаги замонавий самолёт — “Boeing-787 Dreamliner”да учишимиз маълум қилинди. Бундан ҳаммамиз қувондик, албатта.

Чунки янги лайнернинг илк йўловчилари бўлиш ҳам бир омад аслида.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг хабар беришича, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Вашингтондан қайтиб, Тошкент халқаро аэропортида янги “Boeing-787 Dreamliner” самолётини кўздан кечирди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси раҳбариятига хорижий мамлакатларга қатновлар сони ва сифатини ошириш, бунинг учун энг замонавий самолётлар ҳамда технологиялардан фойдаланиш зарурлиги юзасидан тегишли тавсиялар берди.

Дарвоқе, АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги вақт тафовути катталиги учун учиш ва қўнишда сана фарқ қилишини айтиб ўтиш жоиз. Яъни биз “Эндрюс”дан 17 май куни тушдан кейин ҳавога кўтарилдик. Ўша пайтда Ўзбекистонда аллақачон 18 майга ўтилганди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига қўнишимиз эса айнан 18 май, соат тахминан 12:22 га тўғри келиши билдирилди.
Ҳаво лайнерини Ўзбекистонга Миллий авиакомпания экипажи: МАК Учув-услубий бўлими бош учувчи-йўриқчиси Иосиф Зак, “Boeing-787” учувчилар отряди командири ўринбосари Шаҳзод Икромов ҳамда иккинчи учувчи Олимжон Узоқов олиб келди.

— Ушбу русумдаги учинчи авиалайнер МАК авиапаркида мавжуд бўлган аввалги иккита “Boeing-787 Dreamliner”дан йўловчи ўриндиқларининг сони кўплиги ҳамда экипаж дам олиши учун алоҳида бўлинма ташкил этилгани билан фарқланади, — дейди “Boeing-787” учувчилар отряди командири ўринбосари Шаҳзод Икромов. — Мазкур самолётда ҳам ёнилғи тежаш самарадорлигини ошириш, шовқин даражасини пасайтириш ва атмосферага зарарли моддалар ажралиб чиқишини камайтириш имконини берувчи двигателлар ўрнатилган.

Икки классли компоновкада ишланган самолётнинг кенг саҳни 270 ўриндиққа (бизнес класс — 24, иқтисодий класс — 246) эга. Лайнер қулай ҳамда кенг ўриндиқлар, янгича ёритиш ва шовқин ўтказмайдиган тизимлар, пол қопламалари ҳамда ҳар бир йўловчи учун алоҳида мўлжалланган индивидуал кўнгилочар дастурли мониторлар билан жиҳозланган.

— Ҳақиқатан ҳам, булар парвозни юқори даражадаги қулайликда, мароқли ўтказиш имконини бераркан, — дейди янги самолётнинг илк йўловчиларидан бири, журналист Шерали Қўчқоров. — Бортга чиқишингиз биланоқ унинг ички дизайни кайфиятингизни кўтаради. Салоннинг юқори қисмидаги чироқлардан таралаётган нур киши кўзини чарчатмайди, аксинча одамни дам олдиради. Лайнер ойналарини “ақлли” ойналар дейиш мумкин. Билсангиз, аксарият самолётларда ташқаридан тушадиган ёруғликни тўсиш учун қўлингиз билан унинг пластмасса ёпқичини тушириб қўясиз. “Boeing — 787 Dreamliner”да эса ойна остидаги тугмачани боссангиз, у автоматик тарзда қораяди. Истасангиз, яна оқартиришингиз мумкин. Унинг меъёрини хоҳишингизга қараб ўзингиз белгилайсиз. Бундай замонавий технологиялар бир қанча. Борт кузатувчилари бизга жуда хушмуомалалик билан хизмат кўрсатишди. Умуман, ажойиб шароит, юқори даражадаги сервис туфайли қарийб 12 соатлик парвоз қандай ўтганини билмай ҳам қолдик. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясига муваффақият тилаймиз.

Миллий авиакомпания вакилларининг айтишича, авиакомпания парки 2020 йилга қадар “Boeing-787 Dreamliner” русумидаги олтита самолётга эга бўлади. Мутахассисларнинг юқори тайёргарлик даражаси туфайли эксплуатация жараёнида “Boeing-787 Dreamliner” самолётларининг 100 фоизлик ишончлилиги таъминланди. Бугунги кунда авиакомпаниянинг учиш ҳамда техник таркиби учинчи самолётни ишга туширишга ҳам тўлиқ тайёр.
Янги “Dreamliner” авиакомпаниянинг парвозлар жадвалига киритилган бўлиб, узоқ масофалардаги қатновларда эксплуатация қилиниши кутилаяпти.

Таъкидлаш жоиз, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Марказий Осиёда “Boeing-787 Dreamliner” самолётларига буюртма берган биринчи буюртмачидир. Авиакомпания “Dreamliner”ларнинг тижорат эксплуатациясини 2016 йилда бошлаган. 2017 йилнинг 27 июлида эса, Ўзбекистон Миллий авиаташувчиси тарихда биринчи марта мазкур русумдаги самолётда Тошкентдан Нью-Йоркка илк узлуксиз парвозни амалга оширди.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг замонавий ва қулай авиалайнерлари Европа ҳамда Осиёнинг 40 дан ортиқ шаҳарларига парвоз қилмоқда ва Аляскадан тортиб, Янги Зеландиягача чартер қатновларини бажараяпти. Авиакомпания авиапарки замонавий “Boeing 757, 767, 787 Dreamliner” ҳамда “Airbus 320” ҳаво кемаларидан иборат.

...Парвоз бошланиши арафасида Вашингтонда кучли ёмғир ёғаётганди. Тошкентга белгиланган вақтда етиб келиб, ойнадан ташқарига боқар эканмиз, чарақлаб турган қуёш тафтидан она-Ватаннинг қайноқ меҳрини ҳис қилгандек бўлдик. Самолёт ерга оҳиста қўнгач, ҳамма хуш кайфиятда, миннатдор қиёфада экипаж аъзоларига раҳмат айтиб, борар манзили томон ошиқди.
Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» махсус мухбири.
Тошкент — Вашингтон — Тошкент


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019