Валюта сиёсатини либераллаштириш: Натижа ва истиқбол

11:40 26 Июнь 2018 Иқтисодиёт
1049 0

Банк-молия академиясида “Валюта сиёсатини либераллаштиришнинг Ўзбекистон иқтисодиёти ва аҳоли турмуш тарзига таъсири: ютуқлар ва муаммолар” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда сенаторлар, мутасадди вазирлик ва идоралар, тижорат банклари вакиллари, иқтисодчи олимлар ҳамда мутахассислар қатнашди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда бугун барча соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, энг аввало, аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.Айниқса, сўнгги йилларда валюта сиёсатини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган саъй-ҳаракатлар миллий иқтисодиётга хорижий сармояларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришга хизмат қиляпти. Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ушбу тизимни ислоҳ этишда муҳим дастуриламалбўлмоқда.

Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил

13 сентябрдаги “Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, пул-кредит сиёсатининг макроиқтисодий барқарорлик ва миллий валютанинг мустаҳкамлигини таъминлашдаги ролини кучайтириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда ички нархлар барқарорлигини самарали таъминлаш мақсадида ўрта муддатли истиқболда ривожланган хорижий мамлакатлар марказий банклари томонидан кенг қўлланиладиган инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Конференцияда сўзга чиққанлар иқтисодиётда таркибий ўзгартиришларни рўёбга чиқариш, хусусан, товар ва хизматлар бозорларида рақобат муҳитини ривожлантириш, ишлаб чиқаришда таннарх харажатларини пасайтириш, корхоналарга солиқ юкини оптималлаштириш, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар турларини камайтириш каби вазифаларни самарали ҳал этиш зарурлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Муҳокамалар чоғида бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини доимий таҳлил қилиш тизимининг яхши йўлга қўйилмагани, зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа истеъмол товарлари билан мавсумга қараб таъминлаш ишлари тўғри ташкиллаштирилмагани, Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармасининг самарали фаолият кўрсатмагани каби омиллар ҳисобига нархларнинг асоссиз равишда ошаётганига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ўз навбатида, умумиқтисодий, солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсатининг ўзаро мувозанатлашган тарзда олиб борилиши учун мутасадди вазирлик ва идораларнинг фаолиятини янада мувофиқлаштириш механизмини ишлаб чиқиш тавсия этилди. Бунда, иштирокчилар қайд этганидек, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда мамлакатни иқтисодий ривожлантириш стратегиясининг ишлаб чиқилиши макроиқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш ва унинг мувозанатли ривожланишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Якунда амалдаги қонун ҳужжатларига молия бозорини ривожлантириш, микромолиялаш механизмларини жорий қилиш, тижорат банклари томонидан имтиёзли шартлар асосида кредит ресурслари ажратиш, давлат қисқа муддатли қимматли қоғозларини чиқариш ҳамда бошқа масалалар бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019