Валюта операцияларини амалга оширишда қандай янгиликлар киритилди?

12:27 24 Октябр 2019 Жамият
324 0

2019 йил 22 октябрь куни Президентимиз “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолади. Мазкур ҳужжат Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисида маъқулланган эди.

Қонуннинг мақсади валюта операцияларини ва валюта назоратини амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Жумладан, Қонун Ўзбекистон Республикасининг валютага оид ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.

Қонунда валютани тартибга солувчи давлат органи – Марказий банк белгиланган. Марказий банк ўз ваколатлари доирасида:

* валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларини белгилайди;

* валюта биржалари фаолиятини лицензиялайди ва тартибга солади;

* банклар учун очиқ валюта позициясининг лимитларини белгилайди;

* умум қабул қилинган халқаро амалиётга мувофиқ валюта операцияларининг ва ташқи секторнинг статистикасини тайёрлайди ҳамда эълон қилади;

* резидентлар ва норезидентлар томонидан амалга ошириладиган валюта операцияларини мониторинг қилиш тартибини белгилайди, шу жумладан, валютани назорат қилувчи органлар билан биргаликда белгилайди;

* Ўзбекистон Республикаси банклари учун валюта операциялари ҳисоби ва ҳисоботи шаклларини ҳамда уларни тақдим этиш тартиби ва муддатларини белгилайди;

* ташқи сектор статистикасини тузиш учун барча резидентлар ва норезидентлар томонидан тақдим этилиши мажбурий бўлган валюта операцияларининг ҳисоби ва ҳисоботи шаклларини белгилайди;

* Ўзбекистон Республикаси банкларининг валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этишга доир фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишни амалга оширади.

Марказий банк Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида валюта операцияларининг барча турларини амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, Қонунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш белгиланиб, бу фақат Ўзбекистон Республикаси банклари орқали амалга оширилади.

Қонунда валюта операцияларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси банкларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланган. Қайд этилганидек, жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш чекловларсиз амалга оширилади. Ўз навбатида жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш юз миллион сўм эквивалентдан ортиқ бўлмаган суммада амалга оширилади. Нақд валютани белгиланган эквивалентдан ортиқ суммада олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли тартибига мувофиқ амалга оширилади.

Юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тақиқланади, Ўзбекистон Республикаси банклари бундан мустасно.

Ҳисоб палатаси, Марказий банк, Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикасида валюта назорати органлари ҳисобланади.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур Қонун мамлакатимизда валютани тартибга солиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чораларнинг устуворлигини таъминлаш, резидентлар ва норезидентларнинг валюта операцияларига давлат органларининг ноқонуний аралашувига йўл қўймаслик, валютани тартибга солиш ва назорат қилиш тизимининг бирлиги, Ўзбекистон Республикаси валютасининг чет эл валютасига нисбатан курсини аниқлашда бозор механизмларига асосланиш каби иқтисодиётдаги долзарб масалалар ечимига қаратилган.

Мухамет Джумагалдиев,

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий

ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?