"Вакцина ҳақида ажойиб янгилик", “Cоvid-19” хавфлилигига шубҳа қилаётган Швейцария ва бошқа муҳим янгиликлар

01:06 16 Июль 2020 Дунё
2179 0

15 июлда Хитойнинг Ухан шаҳрида коронавирус аниқланганига 217, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан пандемия эълон қилинганлигига эса 127 кун бўлди.

Coronavirus-monitor сервиси маълумотларига кўра, дунёда бу касалликка чалинганлар сони 13,475,478 кишига етган (ўтган бир кун ичида +223.486 одам хасталикни юқтириб олган), 7,846,021 бемор (+220 572) тузалган. Афсуски, 581.532 киши (+6 136) эса ушбу инфекция қурбонига айланди.

Инфекция билан зарарланишнинг энг кўп қисми АҚШда қайд этилган — 3 545 077 киши. Ундан кейинги ўринларни Бразилия (1,931,204) ҳамда Ҳиндистон (937.487) эгаллаб турибди.

Коронавирусга қарши вакцина

АҚШ президенти Дональд Трамп бугун «Твиттер»даги саҳифасида «Вакцина ҳақида ажойиб янгилик» дея ёзди. Аммо АҚШ раҳбари ушбу постини бошқа изоҳламаган. Шундай бўлсада, унинг бу қайдлари кўплаб одамларга умид ва ишонч бергани, аниқ.

Кейинги кунларда коронавирусга қарши вакцина яратиш борасида айрим натижаларга эришилгани маълум қилинди. Хусусан, Россиянинг Сеченов университетида ўтказилган коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовларида иштирок этган кўнгиллилар унинг қандай таъсир қилгани ҳақида сўзлаб беришди.

Синовларда қатнашган Анна Гуткинанинг айтишича, вакцина билан эмланганидан кейинги дастлабки икки кун давомида унинг тана ҳарорати 38 даражага кўтарилган ва қалтироқ тутган. Бу ҳолат паратсетамол ёрдамида бартараф этилган. Яна бир кўнгилли Георгий Смирновнинг сўзларига кўра, у эмланганининг биринчи кунида кечки пайт боши оғриган, эрталаб эса тана ҳарорати 37,5 даражага кўтарилган. У ҳам паратсетамол қабул қилганидан сўнг ҳарорати тушган.

Аввалроқ Сеченов университети ходимлари вакцинанинг хавфсиз эканлиги исботланганлигини хабар қилганди. Қайд этилишича, вакцинанинг биринчи партияси август ўрталарида тиббиёт муассасаларига етказиб берилади, сентябрдан эса уни оммавий ишлаб чиқариш бошланади.

Исроилнинг Қуддус университети олимлари қонда холестерин миқдорини пасайтира оладиган мавжуд дори “Cоvid-19”ни даволашда самарали бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, инфекция углеводларнинг одатий эриш жараёнига қарши чиқади ва натижада ўпка ҳужайраларида кўп миқдордаги ёғ тўпланиб қолади, бу эса ўз навбатида, вируснинг кўпайиши учун зарур шароитни яратиб беради. «Фенофибрат» дориси эса ўпка ҳужайраларига тўпланган ёғ қатламларини тезроқ эришига ёрдамлашиб, “SARS-CоV-2”нинг кўпайиш қобилиятини пасайтиради.

Американинг “Moderna” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган вакцина тадқиқотнинг илк босқичидаги барча — 45 беморда кучли иммунитет реакциясини келтириб чиқарди. Мутахассисларнинг айтишича, кўнгиллилар 15 кишидан иборат уч гуруҳга бўлинган. Синов иштирокчиларига 25, 100 ва 250 микрограм миқдордаги дозалар юборилган. Натижада барча беморлар организмида антитаначалар ишлаб чиқарилган.

Коронавирус билан боғлиқ тадқиқот ўтказган швейцариялик иммунолог Беда Штадлер “Cоvid-19”, шунчаки, кенг тарқалган мавсумий касаллик эканлигини, унинг симптомларсиз ташувчилари мавжуд эмаслигини маълум қилди. Айтишича, бундай инсонларда фақат иммунитет бор, холос.

Айрим давлатлар яна карантинга қайтмоқда

Коронавирус инфекциясининг янги ҳолатлари кўпайгани боис баъзи мамлакатлар мақсадли карантин чораларини жорий этишга қарор қилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аввалроқ кўплаб мамлакатларда вазият ёмонлашаётганини ҳақида маълум қилган эди.

Хусусан,

* АҚШнинг Калифорния штатида барча ресторан, бар, тунги клуб, ҳайвонот боғлари ҳамда музейлар ёпилди.

* Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳри ҳукумати бир ҳафталик карантин жорий этди.

* Эрон пойтахти Теҳронда ҳам карантин етти кунга узайтирилди. Университетлар, мактаблар, семинарлар, кутубхоналар, гўзаллик салонлари, масжидлар, кинотеатрлар, театрлар ҳамда музейлар фаолияти тақиқланди. Барча маданий, кўнгилочар ва диний тадбирлар вақтинча бекор қилинди.

* Гонконгда аҳолидан ижтимоий масофага риоя қилиш талаб этилмоқда. Очилишдан бир ой ўтгач, ҳудуддаги “Disneyland” яна ёпилди.

* Марокашнинг Танжер шаҳрида ҳам карантин жорий этилди.

* Жанубий Африкада комендантлик соати ўрнатилди.

* Колумбия пойтахти Боготанинг баъзи ҳудудларида икки ҳафталик карантин кучга кирди.

* Австралиянинг Мелбурн шаҳри 5 миллион атрофидаги аҳолиси билан олти ҳафталик карантинга олинди. Ушбу шаҳар жойлашган Виктория штати эса қўшни Янги Жанубий Уэлс ҳамда Жанубий Австралия билан чегараларни ёпди.

* Исроил ҳамда Ғарбий Соҳилда баъзи чекловлар ўрнатилди.

Дўконларга кириш фақат ниқоблар билан...

Англияда 24 июлдан бошлаб барча дўконларга ниқоб билан кириш талаб этилади. Бу ҳақда Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Метт Хенкок маълум қилди. Ҳокимият эса барча жамоат жойларида ниқоб тақиб юришни тавсия этмоқда.

Дўкон ходимлари ушбу қоидага риоя қилмаган мижозларга хизмат кўрсатишни рад этиш ҳуқуқига эга бўлиб, истисно ҳолатлар фақат тиббий сабабларга кўра ниқоб тақа олмайдиганлар учун амал қилади. Қоидабузарлар учун 100 фунт жарима белгиланган.

Олимлар эса керакли амалий чоралар қўлланилмаса, коронавирус эпидемиясининг иккинчи тўлқини яна 120 минг британияликни ҳаётдан олиб кетиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришди. Ваҳоланки, Буюк Британияда 45 мингга яқин киши “Covid-19” дан вафот этган бўлиб, бу Европадаги энг юқори кўрсаткичдир.

Қайд этилишича, август ойида март ойидан буён ташрифлар учун ёпилган Лондоннинг айрим машҳур музейлари яна очилади.

Президент ўзини яхши ҳис қилмоқда

Бир ҳафта олдин коронавирус билан касалланганлиги ҳақида хабар берган Бразилия президенти Жаир Болсонару “Covid-19” учун янги синов ўтказмоқчи. Бир неча бор пандемия хавфини камайтирган Президент ўзини жуда яхши ҳис қилаётганини маълум қилмоқда.

Сербия ва Черногория хавфсиз мамлакатлар рўйхатдан чиқарилмоқда

Европа Иттифоқи Сербия ва Черногория фуқароларини чекловсиз ташриф буюрадиган хавфсиз мамлакатлар рўйхатидан чиқариб ташламоқчи, дея хабар беради “Reuters” ўз манбаларига таяниб.

«Ушбу рўйхат тавсиявий кўринишга эга бўлиб, якуний қарорни мамлакатларнинг ўзлари чиқаришади. Сербия ва Черногорияни хавфсиз мамлакатлар рўйхатдан чиқариш эса ушбу мамлакатларда инфекциянинг янги ҳолати қайд этилгани боғлиқ», дейилади “Reuters” хабарида.

Кузатилаётган янги ҳолатлар сони ушбу давлатларга ташриф буюришни хавфли деб ҳисоблаш учун етарли эмас деган қарорга келинган Жазоир ва Марокаш эса хавфсиз давлатлар рўйхатида қолдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?