ВАҲИМА

16:43 18 Март 2020 Маданият
330 0

Қизиқ одамлар бор:
Иши – ваҳима,
Оғиздан қулоққа қараб чопади.
Харидор ахтариб оҳу-воҳига,
Содда кимсаларни излаб топади.

Мабодо кўрса ҳам бирор ёмон туш,
Таъбирин қиёмат қойимга йўяр:
“Ё ер қимирлайди, ё бўлар уруш...” –
Аҳвол чатоқ, дея, бош чайқаб қўяр.

Сиз янги ой ёки Зуҳрога боқиб,
Самовий ҳусндан завқланган маҳал –
У дер: “Метеорит келар улоқиб...
Заминга урилса – тақдиримиз ҳал!”

Ўзи-ку кўрмаган харитани ҳам,
Халқаро аҳволни қилар қизғин шарҳ:
“Нефт қиймати ўйнаб турибди шу дам,
Демак, қон босими каби ошар нарх...”

Не бадбин хаёллар келар ўйига,
Шуури – хавотир ва ҳадик кони.
Яхшиям, бой эмас... Йўқса, уйига
Кўчириб келарди бутун дўконни.

Хуллас, иши оғир – 
Кун бўйи қоп-қоп
Ваҳима уруғин дилма-дил ташиш.
Кимдир кулиб қўяр, кимдир дейди лоф,
Кимнингдир кўксида нишлайди ташвиш.

Мен-чи, на куламан,
На чекаман ғам,
Не қилай, англайман унинг ҳолини.
Талабгор, ишқибоз борки унга ҳам –
Осон ўтказмоқда элга молини.

Биродар,
Уйингиз буғдойга тўлсин,
Бозор-ўчар қилиб ҳеч қачон толманг.
Лекин олганингиз фақат файз бўлсин,
Текинга бўлса ҳам ваҳима олманг!

 

Нодир Жонузоқ


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019