Вадим Меньков  тўрт карра Осиё ўйинлари чемпиони бўлган илк ўзбекистонлик спортчига айланди. Ўзбекистон эса 6-ўринга кўтарилиб олди

10:03 30 Август 2018 Спорт
349 0
Архив фото

Ўзбекистонлик спортчилар Индонезияда давом этаётган Осиё ўйинларида кетма-кет медалларни қўлга киритмоқда. 

Бугун, 30 август куни Вадим Меньков эшкак эшиш бўйича Осиё ўйинларининг тўрт карра чемпионига айланди. 

Ҳамюртимиз 1000 метрга каноэда эшкак эшиш бўйича яккалик баҳсларида маррага биринчи бўлиб етиб борди ва якунда мусобақа ғолибига айланди. Бу Вадим учун Осиё ўйинларидаги тўртинчи олтиндир. Бунгача у Доха, Гуанчжоу ва Инчеонда ўтказилган Осиё ўйинларида биринчи ўринни эгаллаган. У бундай натижага эришган биринчи ўзбек спортчисига айланди.

Шунингдек, каноэда эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасида 500 метр масофага ўтказилган баҳсларда Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова тандеми маррага иккинчи бўлиб етиб борди ва кумуш медални қўлга киритди.

1000 метрга каноэда эшкак эшиш йўналишида қатнашган Нурислом Тўхтасин ўғли ва Серик Мирбеков жуфтлиги ҳамда қайиқда 1000 метрга эшкак эшиш бўйича стартга чиққан Шаҳриёр Маҳкамов ва Шоҳруҳбек Аъзамов бронза медалларини қўлга киритди.

Эндиликда Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 49 тага етди - 13 олтин, 18 кумуш ва 18 бронза. Айни вақтда Ўзбекистон жамоаси 6-ўринга кўтарилиб олди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар