Ўзбекистон терма жамоаси Осиё ўйинлари тарихидаги ўз рекордини янгилади

15:19 30 Август 2018 Спорт
1856 0

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида давом этаётган Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг навбатдаги медалларини нақд қилди.

Гап шундаки Ўзбекистон терма жамоасининг яна уч нафар курашчиси ярим финалга чиқиб медалларни нақд қилди. -78кг вазн тоифасида гиламга чиқаётган Кумуш Йўлдошева ярим финалда Хитой Тайпейи вакили Янг Ҳсин Цюни мағлубиятга учратиб финалга йўлланма олган бўлса, -90 кг вазнда бир йўла икки спортчи Яҳё Имомов ва Шермуҳаммад Жандреев ярим финалга чиқиб, камида бронза медалларини нақд қилишди.

Бир кун муқаддам бокс бўйича терма жамоамизнинг барча, етти нафар аъзоси ярим финал йўлланмасини қўлга киритиб, камида бронза медалларини нақд қилишганди. Бугунги учта медаль билан бу ҳали расмийлаштирилмаган нақд медаллар сони 10тага етди. Айни вақтда Ўзбекистон делегацияси расмий ҳисоб-китоблар бўйича 49та медални қўлга киритганди. Унга нақд бўлиб турган 10та медални қўшадиган бўлсак, жами медалларимиз сони энг камида 59та бўлиши аниқ бўлди.

Айнан мана шу натижа Ўзбекистон спорт делегациясининг барча даврларда энг кўп медаль қўлга киритган Осиё ўйинлари сифатида тарихга кирадиган бўлди. Шу кунгача Ўзбекистон терма жамоаси Осиё ўйинларида энг кўп медални 2010 йили Гуангжоуда бўлиб ўтган ўйинларда қўлга киритганди — 56та медаль (11 олтин, 22 кумуш, 23 бронза).

Олтин медаллар сони бўйича рекорд 2002 йили Пусанда ўтган Осиё ўйинларида қўлга киритилган. Унда Ўзбекистон делегацияси 15та олтин медални ўзиники қилиб олганди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар