“Uzbekistan GTL” лойиҳасига 2,3 млрд доллар миқдорида инвестиция жалб этилмоқда

14:47 15 Декабрь 2018 Иқтисодиёт
896 0

Иллюстратив фото

Тошкент шаҳрида Ўзбекистоннинг нефть-газ саноатидаги энг муҳим лойиҳаларидан бири бўлган “Uzbekistan GTL” замонавий корхонасини молиялаштириш учун умумий қиймати 2,3 миллиард АҚШ долларлик ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтмоқда.

Унда Хитой тараққиёт банки, Корея Республикаси Экспорт-импорт банки, Корея Республикаси Савдо ва суғурталаш корпорацияси, “Газпромбанк“ акциядорлик жамияти, Экспорт кредитлари ва инвестициялари суғуртаси бўйича Россия агентлиги, шунингдек, Швейцария ва Япониянинг йирик банклари, хорижлик экспертлар, соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.

Айтиш жоизки, Ғузор туманида бунёд этилаётган бундай заводлар дунёда саноқли ҳисобланади. Айни пайтда GTL заводлари ЖАР, Малайзия ва Қатарда мавжуд, холос.

Ўзбекистонда ушбу заводнинг айни пайтда қурилиш ишларининг 60 фоизи бажарилди. Келгуси йилда бунёдкорлик юмушларнинг қолган қисми бажарилиб, 2020 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

“Минтақамиздаги ноёб лойиҳани молиялаштиришда ўн битта давлатнинг молиявий тузилмалари иштирок этмоқда, - деди “Ўзбекнефтгаз“ АЖ бошқаруви раиси Баҳром Ашрафхонов. - Шунинг ўзиёқ Ўзбекистон ва нефть-газ саноатининг инвестициявий жозибадорлиги ортиб бораётганидан далолат беради. Мазкур завод ишга туширилиши туфайли газни ўзимизда чуқур қайта ишлаш ҳажми ортиб, импорт кескин камаяди, экспорт имкониятлари кенгаяди“.

“Газдан суюқлик“ технологиясига асосланган ушбу замонавий заводда “Евро-5“ стандартларига тўла жавоб берадиган 1,5 миллион тоннадан ортиқ синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарилади.

Саид РАҲМОНОВ, “Халқ сўзи“ мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019