Ўзбекистон ва Вьетнам ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 100 млн долларга етказмоқчи

09:09 24 Июль 2018 Иқтисодиёт
159 0
Фото: Ташқи савдо вазирлиги

Тошкентдаги Халқаро савдо марказида 23 июль куни Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Вьетнам ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ташқи савдо вазири, комиссия ҳамраиси Жамшид Хўжаев, Вьетнам саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Хоанг Куок Вионг ва бошқалар мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда, жумладан, савдо-иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Вьетнамга ловия, ипак, юқори сифатли пахта толаси, минерал ўғитлар ва бошқа товарлар экспорт қилади. Вьетнам Ўзбекистонга ускуналар, электротехника, фармацевтика маҳсулотлари, қаҳва ва чой етказиб беради.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми мунтазам ошмоқда. Бу борадаги кўрсаткич жорий йилнинг ўтган олти ойида 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баравар ортди ва 30 миллион долларга етди. Томонлар бу кўрсаткични йил охирига қадар 100 миллион долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлигини билдирди.

Тадбирда ўзаро ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистондаги қулай инвестициявий муҳит туфайли Вьетнам ишбилармонларининг юртимизда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга қизиқиши ортиб бораётгани қайд этилди. Савдо, иқтисодиёт, сармоя, хусусий сектор каби йўналишлардаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, экологик тоза технологияларни жорий этиш ва ривожлантиришга доир масалалар муҳокама қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар