UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитасининг даъволарига жавоб берди

09:26 09 Октябр 2020 Иқтисодиёт
489 0

Бир ҳафта олдин, 2 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий судида UzAuto Motors компаниясининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 2020 йил 19 августдаги қарорини бекор қилиш тўғрисидаги шикоятини кўриб чиқиш бўйича суд мажлиси бошланди. UzAuto Motors АЖ юридик бўлими раҳбари Рустам Шаймардонов бу ҳақида берилган саволларга жавоб қайтарди.

– Судда иш кўриб чиқилиши бошланишидан олдин ҳам, бу иш асосан UzAuto Motors депутат Кушербаев билан алмашган қатор айбловлар туфайли жанжалли тус олган эди. Компаниянгиз илгари жамоатчилик муҳокамаларида қатнашмас эди, бу сафар нима ўзгарди?

– Авваламбор, ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича асосий позицияси ўзгарди: компаниянинг янги раҳбарияти икки йилдан буён шаффофлик стратегиясига амал қилмоқда. Бошқа тарафдан, яқин вақтгача UzAuto Motors агрессив ҳужумлар нишонига айланмаганлиги сабабли, уюштирилган ахборот хуружларига жавоб беришимиз шарт эмас эди. Афсуски, вазият ўзгарди: сўнгги икки йил ичида амалга оширилган трансформациялар ҳаммага ҳам ёқмайди - «шапкалар» тизимининг амалда йўқ қилинишидан ва коррупцияга алоқадор кўплаб одамларнинг ишдан бўшатилишидан тортиб, сўмлик ҳисоб-китобга ўтиш ва рақобатнинг ривожланиши. Lada, Hyundai, Volkswagen, Skoda, KIA салонлари - буларнинг барчаси ҳаводан пайдо бўлмаган: UzAuto Motors 2018 йилдан бери узоқ муддатли имтиёз ва преференциялардан воз кечиб, бозор рельсларига ўтмоқда. Ўрнатилган тизимни бузиш кўпчиликка ёқмаслиги аниқ ва ҳамма ҳам ислоҳотчилар тарафдори эмас. Нима бўлса ҳам, биз қонуний услублар орқали ўзимизнинг ҳақлигимизни ҳимоя қилишга ва бу борада курашишга тайёрмиз.

– Лекин Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳозирги топ-менежментнинг кўзга кўринарли хизматлари ҳақида баҳслашмаяпти. Гап нархлар ҳақида кетмоқда. Назорат қилувчи органнинг хулосаларига кўра, март ойида UzAuto Motors томонидан ўз маҳсулотларига нархларни ўртача 10,29 фоизга ҳаддан ташқари ошириб юбориш ҳолати юз берган, бу эса 942,9 миллиард сўмни ташкил этди. Таъкидланишича, ушбу ўсиш март ойидан бери сотилган 254 минг автомобилга таъсир кўрсатган.

– Қарор, албатта, суд томонидан қабул қилинади, аммо шуни таъкидлашни истардимки, Монополияга қарши курашиш қўмитасини холисликда айбламаган ҳолда, биз уларнинг мутахассислари томонидан қилинган ҳисоб-китобларнинг сифати тўғрисида бир қатор саволларимиз бор. Мен энг содда мисоллардан бирини келтираман: қўмита Gentra CDX A/T Plus нархини 19,8 миллион сўмга арзонлаштириш зарурлигини эълон қилди - ушбу моделдаги март ойидаги нарх ўсиш атиги 4 миллионни ташкил этганига қарамай. Умуман олганда, буни қандай тушуниш мумкин? Саволдан келиб чиқадиган яна бир мисол: қўмита нарх ошишидан қарор қабул қилингунга қадар 254 минг дона машина сотилган деб даъво қилмоқда. Бироқ уларнинг ярмидан кўпи - 131 мингта автомобиллар 4 мартгача тузилган шартномалар бўйича, яъни эски нархларда етказиб берилган. Ва бу даъволар миқдорини автоматик равишда деярли ярмига камайтиради. Ҳисоб-китобларда ақл бовар қилмайдиган «хатоликлар» мавжуд, тўғрими? Умуман олганда, қўмитанинг хулосалари шошқалоқлик билан ва босим остида ёзилган деган фикр уйғонади.

– Бу ҳақида, айтайлик, ҳаммаси тушунарли. Бироқ, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг яна бошқа бир қатор шикоятлари мавжуд ва биз уларнинг ҳар бирини кўриб чиқишни истар эдик. Масалан, қўмита қарорида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар миқдори автомобиллар нархида 244,8 млрд сўмни ташкил этилиши келтирилган.

– Ҳа, шу билан бирга, иш ҳақи харажатлари иш ҳақи тўғрисидаги корпоратив Қоидаларга мувофиқ белгиланган. Гап шундаки, ушбу қисмдаги текширувчилар, баъзи бир сабабларга кўра, 2020 йилда ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайиши боис ходимларни кенгайтириш режаси бўйича эҳтиёжлар, KPI дастури асосида ходимларга бонуслар тўлаш бўйича харажатлар ва иш ҳақи, Trade In тизимини, янги ташкил этилган бўлинмалар ва ҳоказолар ҳисобга олинмаган ҳолда, негадир 2019 йилги кўрсаткичларини асос қилиб олишган. Менимча, ишлаб чиқариш таннархи ўтган йил ёки ундан ҳам олдинги йилга асосланиб эмас, балки шу ерда ва ҳозирда шаклланиши ҳаммага аён.

– Давом этайлик: Монополияга қарши курашиш қўмитасининг маълумотларига кўра, «реклама ва бошқа харажатлар» моддаси бўйича маҳсулотлар нархини ҳисоблашда 76,8 минг сўм ўрнига 1,1 миллион сўм қўшилган, натижада ортиқча нарх кўтарилиши 269 миллиард сўмга етган.

– Менга қўмитанинг юзлаб миллиардларни ўз хоҳишидек санаб, айлантириши ёқади. Дарҳақиқат, таннарх нархини ҳисоблашда объектлардан бири «реклама ва бошқа харажатлар» деб таърифланади. Бошқа харажатлар, хусусан, логистика тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, сотиб олиш учун режалаштирилган ускуналарнинг амортизацияси, ҳайдовчиларнинг иш ҳақи, омборларни ижарага олиш ва шу каби бошқа харажатларни ўз ичига олади. Бироқ, текширувчилар буларни умуман ҳисобга олишмаган. Аслида, нима учун? Ушбу харажатларни компания учун бошқа биров қоплайдими? Хўш, монополияга қарши курашиш қўмитаси бизга ушбу хайр-эҳсон қилувчини кўрсатса, биз бу харажатларни дарҳол асосий харажатлардан чиқариб ташлаганимиздан мамнун бўлар эдик.

– Ва охирги савол: нархларни белгилашдан ташқари, монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors ишига бошқа даъволарини ҳам билдирмоқда. 89 дилерлик савдо тармоғида автомобилларнинг 45 фоизи харидорларга атиги 8 дилер орқали сотилган деган айбловга қандай жавоб берасиз?

– Ушбу вазиятнинг кулгили томони шундаки, рақобатни ҳимоя қилишга мўлжалланган қўмита бу ҳолда бизни дилерлик муҳитида соғлом рақобат тизимини яратиш оқибатларида айбламоқда. Узоқ вақт давомида биз принципиал равишда дилерлар ўртасида маҳсулотларни тарқатишни амалга оширмаганлигимиз ҳеч кимга сир эмас - барча савдолар «Узавтосавдо» электрон битим тузиш тизими орқали амалга оширилади. Оддий қилиб айтганда, мижознинг ўзи қайси дилердан автомобиль сотиб олишини танлайди. Худди шу тартиб ички бозорда сотиладиган экспорт конфигурацияси моделларига нисбатан ҳам қўлланилади. Рақобат муҳитида дилерлар хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва ўзларининг реклама акциялари орқали мижознинг эътиборини жалб қилиш учун курашмоқдалар. Айрим дилерларнинг юқори савдо кўрсаткичлари улар ўртасидаги табиий рақобатнинг натижасидир ва биз буни судда тушунтиришга мажбур бўлишимиз қўмитада қарорни тайёрлаган мутахассисларнинг очиқчасига лаёқатсизлигининг яна бир далилидир.

Кўриб турганингиздек, агар вазият ошириб юборилмаса, ҳеч ким ёмон отлиққа чиқарилмаса, фитна назарияларини тўқилмаса, компанияга қўйилган айбловларнинг аксарияти карта уйи сингари қулаб тушади. Бизнинг ягона истагимиз - буни жамоатчиликка етказиш ва судда қўлимиздаги ҳужжатлар билан буни исботлашдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?