“.UZ” доменида жойлашган сайтларга 308 марта хуруж уюштирилган

17:30 26 Ноябрь 2018 Жамият
726 0

Таҳлилларга кўра, ўтган даврда маҳаллий идоралараро ахборот ресурсларига хориж мамлакатлари ҳудудидан киберхуружлар сони ошган. 13 млн. 111 минг 553 та таҳдиднинг 832 минг 995 таси давлат органлари ахборот базасини яроқсиз ҳолга келтириб қўйиш даражасида хавфли бўлгани аниқланган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа марказининг “Халқ сўзи”га маълум қилишича, жорий йилнинг учинчи чорагида “.UZ” доменида жойлашган сайтларга ҳам 308 марта хуружлар уюштирилган. Шундан 184 таси сайтларнинг бош саҳифасини ўзгартириш, 119 таси эса уларга бегона ахборотни жойлаштиришга уринишлар билан боғлиқ.

Бу глобаллашув жараёнида ахборот технологияларининг имкониятлари тобора ошиб бораётганини инобатга олиб, хавфсизликка катта эътибор қаратиш лозимлигини талаб қилмоқда. Демак, бунинг учун ана шундай ишлар билан шуғулланадиган, вазиятни мунтазам назорат қиладиган масъул ташкилотга эҳтиёж туғдиради.


Президентмизнинг “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг жорий этилишини назорат қилиш, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекция ҳамда вазирликнинг Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази тугатилиб, уларнинг ўрнига, иккита янги — Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ҳамда “Техник кўмаклашиш маркази” ДУК фаолияти йўлга қўйилади.

Булар юқоридаги каби хавфли хуружларга қарши яхлит бир ҳимоя қўрғонини барпо эта оладиган, ахборот технологиялари соҳасида интернет, телекоммуникация ва мобиль алоқа каби юзлаб хизмат турларининг сифатли ишлаши, жумладан, муаллифлик ҳуқуқларига амал қилиниши учун доимий назорат ўрнатадиган ташкилот бўлади. Қолаверса, юртимизга кириб келаётган хорижий электрон ахборот дастурлари қаторида, маҳаллий мутахассислар томонидан ишлаб чиқилаётган электрон маҳсулотларнинг мониторингини юритишни ўз қўлига олади, жараённи таҳлил қилиш, камчиликларни ўз вақтида бартараф қилиш каби вазифаларни бажаради.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019