Ушшоқдек маошга хиёнат: Ҳисобчи мактаб ўқитувчиларининг салкам 50 млн пулини ўзлаштириб, еб юборди

17:35 22 Май 2018 Жамият
1099 0

 

Таҳририятимизга Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани, Янгибозор қўрғонидаги 7-сонли умумий ўрта мактаб ўқитувчилари номидан шикоят келиб тушди. 

Мактаб жамоа бу борада тегишли ташкилотларга мурожаат қилган. Хатда Юқори Чирчиқ тумани прокуратурасининг жавоб хати ҳам илова қилинган. Унда қайд этилишича, Г. Пирназарова 2015, 2016, 2017 ва 2018 йилнинг биринчи чорагида мактабда ишлаган 41 нафар ўқитувчининг ойлик иш ҳақларини тўлиқ равишда тўламасдан, ўзининг ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларини кўзлаб, ойлик иш ҳақ ҳисоботларига била туриб, компьютер техникаси воситасидан фойдаланиб, сохта маълумотлар ва ёзувлар  киритган, тўлов рўйхати (ведемость)ни қалбакилаштириб, ўқитувчиларга шу рўйхат бўйича ойлик тарқатган. Натижада жами 47 052 559 сўм миқдоридаги маблағни ноқонуний равишда ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юборган. 

Прокуратура хатида кўрсатилиши бўйича мазкур ҳолат юзасидан Г.Пирназарова ва бошқа мансабдор шахсларга нисбатан жиноят кодексининг 167-моддаси "г" банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани қайд қилинган.

Аммо бизга мактуб йўллаган бир гуруҳ ўқитувчилар вазиятнинг боришидан норози эканини қайд қилишган.

«Туманимиз терговчиси ёлғиз бўлгани учун бу иш чўзилишини айтди. Аммо ишнинг чўзилиши фаолиятимизга салбий таъсир кўрсатмоқда. Энг қизиғи Пирназарова фақатгина 7-мактабда ишламаган. У бошқа мактабларда ҳам бухгалтерлик лавозимида ишлаган. Лекин унинг иши фақатгина 7-мактабдан ариза тушгани учунгина шу мактаб миқёсида кўриб чиқилган. Наҳотки бир мактабда шунча қинғир ишни қилган ҳисобчи бошқа мактабларда ҳам бу ишини давом эттирган бўлиши мумкин деб ҳам уларда суриштирув ўтказилмади.

Туман халқ таълими бўлими эса мазкур иш юзасидан мурожаат қилганимизда текширув ўтказмасдан, унинг ўрнига ўқитувчиларга таҳдид қилиш билан машғул бўлди. Фақатгина прокуратуранинг айбловларидан кейингина улар худди шу пайтгача хабари йўқдек чора кўришди. Аслида бунгача уларга жуда кўп мурожаатлар билан чиққандик», деб ёзади ўқитувчилар.

"Халқ сўзи online" воқеалар ривожини кузатиб боради ва тафсилотлар билан ўртоқлашади. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар