Ушбу ташкилотнинг Халқ таълими вазирлиги ходимлари фаолиятига қандай алоқаси бор?

17:34 12 Декабрь 2018 Жамият
875 0

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Kun.uz сайтида эълон қилинган “Ўқитувчиларнинг маошига уланган “қувурлар” қачон олиб ташланади?” сарлавҳали мақолага ўз муносабатини билдирди.

Муносабат қандай бўлса, шундайлигича эълон қилинмоқда

“Ўтган қисқа давр ичида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўқитувчиларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, ҳурматини жойига қўйиш, уларни қийнаб турган муаммоларни ҳал қилиш, кундалик фаолиятларидаги тўсиқларни олиб ташлаш ва бу орқали ўқитувчиларнинг ўз касбига бўлган меҳрини юксалтириш провардида фарзандларимизга берилаётган таълим сифатини яхшилаш борасида жуда катта ишлар амалга оширилди ва бу саъй-ҳаракатлар бугунги кунда тизимли асосда давом эттирилмоқда. Буларнинг натижасида ўқитувчи жамиятдаги нуфузи юксалиб бормоқда, десак муболаға бўлмас.

Энди мақола хусусида. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Уставига кўра, фуқаролар Федерацияга якка тартибда ёки жамоавий тартибда аъзо бўлиб киришлари мумкин. Жамоавий тартибда аъзо бўлиш учун ташкилотда ўтказилган йиғилиш ва мазкур ташкилот ишчи-ходимларининг жамоавий аризаси асос бўлиб хизмат қилади.

Федерациянинг амалдаги Устави ва тартибларига кўра, бундай ҳолда жамоа аъзолари ичидан жамоавий аризани имзолаб, Федерация аъзолигига қабул қилинган ишчи-ходимлардан энг кам иш ҳақининг 2 фоизи миқдорида аъзолик бадали марказлаштирилган тартибда корхона, ташкилот бухгалтерияси орқали Федерацияга ўтказиб берилади. Бундан кўзланган мақсад, албатта, ишчи ходимларга қулайлик яратиш, яъни уларнинг шу 4055 сўм пулни Федерацияга ўтказиш учун банк ёки бошқа шу каби тўловларни қабул қилувчи муассасаларга бориб, ортиқча вақт сарфлаб юрмасликлари учун яратилган шароит, имкониятдир.

Бугунги кунда нафақат Федерация, балки аъзолик бадаллари ҳисобига фаолият олиб борувчи бошқа жамоат ташкилотлари ҳам шу йўл билан бадалларни йиғиб бормоқда. Демак, бу йўл бугунги кунда фуқароларнинг ўзлари аъзо бўлиб кирган жамоат ташкилотлари олдидаги мажбуриятларидан бирини адо этиб боришлари йўлидаги шароит ва имкониятларига мосроғидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида фуқаролар жамият ва давлат бошқаруви ишларида бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги, 34-моддасида эса фуқаролар касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатиб ўтилган. Албатта, фуқаронинг мазкур йўналишлардаги фаолияти ихтиёрийлик асосида бўлиши кундек равшан ҳолат. Фуқаро мазкур ташкилотлар фаолиятида иштирок этишни истамас экан, уни ҳеч ким мажбурлай олмайди. Бежизга “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддасида ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий ривожланиш, фан, маданият, экология ва ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги қонуний манфаатларини биргаликда рўёбга чиқариш учун бирлашган фуқароларнинг хоҳиш-иродаларини эркин билдиришлари натижасида вужудга келган ихтиёрий тузилма жамоат бирлашмасидир, деб белгилаб қўйилмаган.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳам жамоат бирлашмасидир. Ўқитувчи ҳам, шифокор ҳам, бошқа давлат ташкилотларининг ходимлари ҳам, тадбиркор ҳам, фермер ҳам, ҳаттоки Сиз ҳам истеъмолчисиз. Федерация эса истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини биргаликда рўёбга чиқариш учун бирлашган фуқароларнинг хоҳиш-иродаларини эркин билдиришлари натижасида вужудга келган ихтиёрий тузилмадир. “Ушбу ташкилотнинг Халқ таълими вазирлиги ходимлари фаолиятига қандай алоқаси бор экан?“, деган саволингизга қисқача жавоб ҳам шу.

Уч-тўрт йиллар олдин бўлиб ўтган бир кичкина воқеани айтиб берай. Ёзёвонда сув омбори қурилишида ишлаётган сурхондарёлик юртдошимизнинг (фамилия исмларини келтирмаймиз) турмуш ўртоғи ўқитувчи экан.

Қўйингки, Сурхондарёдан турмуш ўртоғи телефон қилиб коммунал идора уларнинг катта миқдорда қарзлари борлигини даъво қилаётганлигини айтади. Гап орасида тармоқдан узамиз, дейишгани ҳам қўшимча қилади. Уч-тўрт кунгина олдин ўзи меҳнат қилаётган жамоада Федерациянинг Ёзёвон туман жамияти томонидан тарғибот руҳидаги йиғилиш ўтказилиб, ташкилотларида Федерация таянч гуруҳига асос солинганлиги ёдига тушган юртдошимиз ана шу таянч гуруҳи орқали Федерациянинг тумандаги масъулларига ўз муаммосини етказади. Фарғоналиклар Сурхондарёлик ҳамкасбларидан ҳолатга аниқлик киритиб беришни сўрайди. Қарабсизки, ўқитувчининг қарздорлиги йўқлиги исботини топиб, унинг ҳалол пешона тери билан топган фалон юз минг сўм пули кимлардир томонидан “туя қилинишининг” олди олинади. Шу ўринда Федерациянинг “Халқ таълими вазирлиги ходимлари фаолиятига қандай алоқаси бор экан?“ дейишингиз мумкин.

Жорий йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида юртимиз истеъмолчиларидан Федерация ва унинг ҳудудий органларига 9 865 та та мурожаатлар келиб тушди ҳамда уларнинг аксарияти ўз ижобий ечимини топди. Натижада истеъмолчиларнинг 5 467 684 000 (беш миллиард тўрт юз олтмиш етти миллион олти юз саксон тўрт минг) сўмлик қонуний ҳақлари тиклаб берилди.

Келинг бўлмаса, шуларнинг ичидан қайси бири ўқитувчининг, қайси бири унинг отаси ёки онасининг, қайси бири фарзандининг, қайси бири унинг акаси ёки синглисининг ёки бошқа яқин қариндошининг мурожаати эканлигини ўрганиб чиқамиз, алоқа бор ёки йўқлиги тўғрисида хулоса қиламиз.

Бир фуқаронинг жамоат бирлашмасига аъзо бўлиб кириб, унинг жамғармасига энг кам иш ҳақининг 2 фоизи миқдорида қўшган ҳиссасини гапирасизу, нега ўша фуқаронинг фойдасига ҳал қилиб берилаётган миллионларни тарозининг бу палласига қўймайсиз?

Фуқаролар нега давлат ташкилотларини хатлаб ўтиб, шу нодавлат ташкилотига ёрдам сўраб келмоқда, деган саволни ўзингизга бермайсиз?

Ундан кўра, Сиз ҳам сафимизга келинг. Ўткир қаламингиз кучидан халқимизни ҳақиқатда қийнаб турган муаммоларни танқид остига олиб, жамоатчиликни шу муаммоларга қарши курашиш учун бирлаштиришда фойдаланайлик. У ёки бу муаммони айтишимиз, танқид остига олишимиз баробарида шу муаммонинг ечими қаерда, деган саволга ҳам биргаликда бош қотирайлик. Халқимиз онги-шуурига бу сизларнинг ташкилотингиз, демак бу ташкилот ютуққа эришса бу сизларнинг ютуғингиз, агар инқирозга юз тутса, ўз навбатида, бу сизларнинг йўқотишингиз, деган фикрни етказайлик. Зеро, барчамиз истеъмолчимиз.

Энди айтинг, фуқароларга ҳеч қандай жамоат бирлашмасига аъзо бўлма, улар шундоқ ҳам сенинг ҳуқуқларингни ҳимоя қилишга мажбур, уни қилма, буни қилма, деб одамларда боқимандалик кайфиятини, ҳамма нарсани давлат қилиб бериши керак деган салбий иллатни ривожлантирганимиз маъқулми ёки уларни сиёсий ва ижтимоий фаолликка чақириб, давлат ва жамият ишларида фаол қатнашишга ундаганимиз?

Сенинг овозингни ҳам ўз ўрни бор, сен ҳам шу жамиятда ижобий ўзгаришларни қилишга қодирсан, деган фикрни сингдирганимиз, уларни юртимизда олиб борилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотларда фаол иштирок этишига эришганимиз маъқулми?

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз топдик. Жорий йилнинг июль ойида Федерация Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (СI) га тўлақонли аъзо бўлиб кирди. Бу билан Федерациянинг имкониятлари янада кенгайди, дея оламиз. Бугун Федерация халқаро ташкилот аъзолари ҳисобланган 100 дан ошиқ давлатларнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари билан тўғридан-тўғри алоқага чиқиш имкониятига эга бўлди. Бу нима дегани? Бу энди фуқароларимизнинг СIга аъзо бўлган қайси бир давлатда истеъмолчилик ҳуқуқи бузилса, ўша давлатдаги ҳамкорлар орқали уларни ҳуқуқларини ҳимоя қила олиш имконияти вужудга келди, дегани. Бугунги кунда Федерация мазкур йўналишдаги ишларни тўғри изга солиб олиш, янада ривожлантириш устида изланишлар олиб бормоқда.
Шерали САТТАРОВ,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот ва хорижий алоқалар бўлими бошлиғи.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019