АҚШ НАТОдан чиқиши мумкинми?

17:57 13 Июль 2018 Дунё
272 0
Фото: IB Times

Брюсселда ўтган икки кунлик НАТО саммити якунида АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳарбий альянс етакчиларининг фавқулодда йиғинини ўтказишга чақирди.

АҚШ раҳбарининг огоҳлантиришича, агар аъзо давлатлар мудофаа бюджетларини тез орада оширмаса, Вашингтон ҳатто НАТОдан чиқиши мумкин. Бу ҳақда “Америка овози” телерадиоси хабар берди.

“НАТОга ишонаман. Аммо АҚШга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлинмоқда. Вашингтон ҳарбий альянснинг 70-90 фоиз харажатини қоплаяпти ва бу АҚШ солиқ тўловчилари учун ноҳақлик”, - деди Трамп Брюсселда ўтган матбуот анжуманида.

Президент Трампнинг айтишича, аъзо мамлакатлар мудофаа учун ажратадиган маблағларини тез орада икки фоизга оширишга рози бўлган.

Трампнинг таъкидлашича, у АҚШни НАТОдан Конгресс рухсатисиз ҳам чиқариб олиши мумкин, лекин сўнгги ваъдалар ортидан бундай чора кераксиз.

“НАТО машинаси ниҳоят соз ҳолатда”, - дея қўшимча қилди у.

Трамп аввалроқ Германияни Россия газига тобе бўлиб қолганликда ҳам айблаган эди.

“Германия кўмир заводларини ёпиб, атом энергиясидан воз кечиб, Россия асирига айланди. Германиянинг Россиядан бунчалик кўп газ ва нефть олишига НАТО эътибор қаратиши лозим. Германия Россияга миллиардлаб доллар тўлаши, аммо унинг мудофааси билан АҚШнинг шуғулланиши тўғри эмас”, - дейди Трамп.

НАТО етакчилари фақат мудофаа харажати муаммоси билан ўралашиб қолмай, Афғонистондаги урушга якун ясаш масаласини ҳам муҳокама қилди. Альянс раҳбари Енс Столтенбергнинг умид қилишича, афғон хавфсизлик кучларини молиялаш 2024 йилгача давом этади.

Брюссел анжуманидан кейин Трамп бугун Британияга етиб борди. У ерда бош вазир Тереза Мэй ва қиролича Елизавета II билан учрашади.

Шундан сўнг АҚШ раҳбари Хельсинкига жўнаб, 16 июль куни Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, “У менинг душманим эмас ва балки кун келиб дўстимга айланар”, - деган Трамп Путин ҳақида.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар