АҚШ Хитой товарларига нисбатан яна қўшимча божлар жорий этмоқчи

17:21 11 Июль 2018 Дунё
302 0
Фото: АР

АҚШнинг савдо музокаралари бўйича вакили Роберт Лайтхайзер божга тортилиши мумкин бўлган Хитой товарларининг навбатдаги янги рўйхати ишлаб чиқилганини маълум қилди. Ундан умумий қиймати 200 миллиард долларлик олти мингдан ортиқ товар номи жой олган. Уларга бож киритиш бўйича ҳал қилувчи қарор август ойи охиригача қабул қилинади. Бу ҳақида AP хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, Қўшма Штатлар раҳбарияти 6 июлдан бошлаб Чин ўлкасидан импорт қилинадиган маҳсулотларга 25 фоизлик бож жорий этганди. Мазкур миқдор 50 миллиард долларни ташкил этади. Дональд Трамп мазкур қарор ХХРнинг адолатсиз савдо амалиётига жавоб эканлигини айтиб ўтганди.

Натижада Хитой ҳам АҚШ товарларига божлар татбиқ этди. Бунга жавобан Оқ уй раҳбари яна ХХР маҳсулотларига қўшимча 200 миллиард долларлик тўлов киритилишини билдириб, шу бўйича мамлакат савдо вакили бошқармасига топшириқ берди.

ХХР савдо вазирлиги эса бундай ҳаракатлар Вашингтонга нисбатан Жаҳон савдо ташкилоти орқали оммавий норозилик билдирилиши ва жавоб чоралари қўлланилишига олиб келишини қайд этди.

“Биз халқаро ҳамжамиятни саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, эркин савдо ва ўзаро алоқаларнинг кўп томонлама форматини биргаликда ҳимоя қилишга чақирамиз. Ҳамжиҳатликни кўрсатиш ва савдо гегемонлигига қарши биргаликда зарба бериш зарур. Бундан ташқари, Америка томонидан бир ёқлама чоралар қўлланилгани муносабати билан ЖСТга зудлик билан шикоят йўллаймиз”, дейилади ХХР вазирлиги маълумотида.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар