Уруш йилларида 50 минг рубль миқдоридаги мукофот пулини давлат Мудофаа фондига берган машҳур ўзбек бастакори ҳақида биласизми?

16:03 13 Декабрь 2019 Маданият
369 0

1912 йил ёзининг дастлабкида кўҳна Бухорода истиқомат қилувчи Ашрафжон Ҳофиз хонадонида чақалоқ йиғиси эшитилди.Табиатан мусиқага, адабиётга ошно хонадон соҳиби “Илоҳим, болам улғайиб, изимдан борсин. Ёққан чироғим ўчмасин. Санъаткор бўлиб етишсин.Эл кўнглидан жой олсин”, дея ният қилади.

Яхши ниятга фаришталар ҳам “Омин” дер экан. Ота умидлари рўёбга чиқди. Фарзанди дунёнинг мана ман деган санъаткори тан берадиган бастакор бўлиб етишди. Гап машҳур композитор, замонавий ўзбек мусиқа санъати асосчиси Мухтор Ашрафий ҳақида бормоқда.

Отасидан илк мусиқий сабоқни олган Мухтор  1929 — 1931 йилларда Самарқанд мусиқа, театр ва хореография институтида, кейин эса Москва ва Санкт-Петербургдаги консерваторияларда таҳсил олди. Ўзбекистонга қайтиб, жуда баракали ижод қилди. Унинг С. Н. Василенко билан ҳамкорликда  1939 йилда ёзган “Бўрон” номли асари биринчи ўзбек операси сифатида тарихда қолган. “Дилором”, “Шоир юраги” опералари ҳам машҳур.Ҳаёти давомида кўплаб унвону мукофотлар, жумладан, собиқ Иттифоқ халқ артисти унвонига сазовор бўлган. Бугина эмас, унинг иқтидори, меҳнати халқаро даражада ҳам эътироф топган. Жавоҳарлал Неру ҳамда Жамол Абдул Носир номидаги халқаро мукофотлар соҳиби бўлгани фикримиз тасдиғидир.

 Тошкентда М. Ашрафий уй-музейи фаолият кўрсатмоқда.

 М. Ашрафийнинг Иккинчи жаҳон уруши даврида яратган “Қаҳрамонлик симфонияси” асари ҳам диққатга сазовор. Бу асар учун Иккинчи даражали давлат мукофотига муносиб кўрилган. Эътиборлиси, 50 минг рубль миқдоридаги мукофот пулини бастакор давлат мудофаа фондига топширган. Ўша даврда катта пул саналган бу сармоя авиаэскадрилья ва танк колоннаси қурилишига сарфланган экан.

Таниқли композитор ҳаёти ва ижодининг айрим қирралари ҳақида тўхталганимиз бежиз эмас.Шу йилнинг ёзида Тошкент ҳамда Россия Федерациясининг Қозон шаҳарларида “Ashrafi World Music—2019” халқаро маданият акцияси ўтказилган эди. Энди эса анъанавий бу тадбирга бастакорнинг она — шаҳри Бухоро мезбонлик қилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан уюштирилган ранг-баранг тадбирлар дастуридан улуғ бастакор туғилиб ўсган қадимий Бозори гул кўчасидаги уй пештоқига хотира тахтаси ўрнатиш ҳам  жой олганди. Бу тадбир тантанали тарзда кечди. Сўнг мусиқа ихлосмандлари  Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактабига йиғилдилар. Тадбирда Ҳиндистон, Франция, Россия Федерацияси, Исроил, Индонезия каби қатор давлатларнинг мамлакатимиздаги элчихоналари йўллаган табриклар ўқиб эшиттирилди.Шундан кейин “Мухтор Ашрафий ва жаҳон мусиқаси” деб номланган концерт дастури намойиш этилди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019