Уруғчилик тармоғида хусусий сектор янада қўллаб-қувватланади

10:10 24 Май 2018 Иқтисодиёт
267 0

Мамлакатимизнинг 31 туманида сабзавот ва полиз экинлари уруғларини етиштиришга ихтисослаштирилган 40 дан зиёд хўжаликлар ташкил этилади. Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ўтказилган семинарда бу саъй-ҳаракатлар ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос бўлган экспортбоп ҳамда рақобатбардош экинлар уруғларини етиштириш имконини бериши қайд этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда қишлоқ хўжалиги, хусусан, уруғчиликни ривожлантириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳамда “Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора--тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Уруғчиликни ривожлантириш маркази ташкил этилди. 

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини тайёрлаш, фойдаланиш ҳамда экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш, маҳаллий ва хорижий селекция навлари уруғчилигини ташкил этиб, ривожлантириш, уруғларни тайёрлаш, қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича норматив талабларни халқаро стандартлар ва техник регламентларга мувофиқ ишлаб чиқиш, соҳада илмий-амалий тадқиқотларни олиб бориш, тармоқ корхоналарининг илмий салоҳиятию моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, уруғчилик бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда соҳага -инновацион технологияларни кенг жорий этиш кабилар мазкур марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Ҳозирги кунда давлат-хусусий шериклик асосида уруғчилик тизимини янада такомиллаштириш ва соҳани халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланган бўлиб, улар ижроси изчил амалга оширилаётгани қайд этилди. 

Бу борада хусусий секторни янада қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Кўчатхоналар ва иссиқхоналарда уруғ етиштирувчи хўжалик юритувчи субъектларга солиқ имтиёзлари берилгани, масалан, улар 3 йил муддатга барча турдаги солиқлардан озод қилингани бу борадаги ишлар сифатини оширишда муҳим ўрин тутаяпти. 

Сенаторлар уруғчилик тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, яратилган имконият ҳамда имтиёзлар хусусида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини янада кенгроқ хабардор қилиш, жойларда бу борада тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтириш лозимлигини алоҳида таъкидладилар. 

Х. ҚОБИЛОВ.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар