Урганчда ҳарбий хизматчилар учун кўп қаватли тураржой бинолари фойдаланишга топширилди

10:39 26 Август 2020 Жамият
238 0

Энг улуғ ва энг азиз байрамимиз — мамлакатимиз Мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Урганч шаҳрида ҳарбий хизматчилар оилалари учун мўлжалланган кўп қаватли тураржой бинолари фойдаланишга топширилди. Шаҳарнинг «Оби-ҳаёт» маҳалласида қад ростлаган ҳар бири 30 хонадондан иборат 2 та 5 қаватли янги уйлар халқимиз ва юртимиз тинчлигини кўз қорачиғидай асраб келаётган ватан ҳимоячилари учун чинакам байрам туҳфаси бўлди.

Янги квартираларни ўз эгаларига топшириш маросимида иштирок этган Хоразм вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Фарҳод Эрманов, Шимолий-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Фарҳоджон Шерматов ва бошқа сўзга чиққанлар ҳарбийлар ҳамда уларнинг оилаларини ижтимоий муҳофаза қилиш, ҳарбий шаҳарчалар инфратузилмасини, ҳарбий қисмлар ўқув-моддий базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталдилар. Кейинги уч йил ичида ҳарбий округ ҳудудида имтиёзли ипотека кредити асосида 300 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилар оилалари учун 8 та кўп қаватли уйлар қуриб фойдаланишга топширилгани эътироф этилди.

Яна таъкидлаш жоизки, жорий йилда Хоразм вилоят мудофаа ишлари бошқармасининг маъмурий биноси, ҳарбий-техник мутахассислар тайёрлаш марказида 100 ўринли ошхона реконструкция қилинди. «Янгиариқ» дала ўқув майдонининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида қўшимча бино ва иншоотлар қурилиши давом этмоқда.

Одилбек Одамбоев,
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?