Урганчда Ал-Хоразмий халқаро олимпиадаси бошланди

13:53 29 Октябр 2018 Жамият
980 0
Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати

Одилбек Одамбоев/“Халқ сўзи”/Хоразм. Урганч шаҳрида Ўзбекистонда илк маротаба талабалар ўртасида математика бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ўтказилмоқда.

Илк бор ўтказилаётган нуфузли халқаро олимпиадада дунёнинг 20 та давлатидан 58 та университет жамоалари иштирок этяпти. Унда 234 нафар талаба ўзаро беллашмоқда.Олимпиада жараёнларига 20 нафар кузатувчи ва 60 нафар таржимон жалб қилинган.

- Ушбу халқаро олимпиадада қатнашиш учун йўлланмани қўлга киритган тўрт нафар иштирокчи Болгариядан етиб келдик, - дейди София университети талабаси Теодор Антонов Вакарелски. - Шу пайтгача кўп халқаро олимпиадаларда қатнашган бўлсакда, мазкур беллашув “Алгоритм” асосчиси Муҳаммад ал-Хоразмий ватанида ўтказилаётгани боис бироз ҳаяжонланяпмиз. Бу сафар ҳам яхши натижаларга эришишга ҳаракат қиламиз.

- Ўзбекистонга бир неча бор келганман ва ўзбек тилида бемалол мулоқот қила оламан,- дейди Буюк Британия делегацияси раҳбари Адам Ашер Массиас. - Олимпиадани ўтказиш учун тайёргарлик ишлари жуда юқори даражада ташкил этилганлигига амин бўлдик. Жумладан тарихий шаҳарлар бўйлаб уюштирилган саёҳат талабаларда жуда катта таассурот қолдирди.

Халқаро олимпиадада иштирок этувчи меҳмонлар қадимий Хоразмнинг кўҳна қалъаларидан бўлган Аёзқалъа ҳамда Хивадаги тарихий обидалар билан танишдилар.

Бугун Халқаро олимпиаданинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, халқаро олимпиадани ташкил этиш ташаббуси мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг сентябрида Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида илгари сурилган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилнинг 26 августида қарори билан олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ҳар икки йилда бир марта математика бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ташкил этилиши белгиланди. Ундан кўзланган асосий мақсад буюк алломанинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш, қолаверса, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларни фундаментал ва аниқ фанлар билан шуғулланишга кенг жалб этиш ҳамда илм-фан йўлида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.

Халқаро олимпиадада ғолибликликни қўлга киритган ўзбекистонлик талабаларга математика, физика, ахборот технологиялари йўналишлари бўйича магистратурага квотадан ташқари давлат гранти асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019