Унутилган ўсимликлар инсониятни очликдан сақлаб қола оладими?

17:50 25 Август 2018 Lifestyle
425 0
Фото: Pinterest

Фақатгина тўрт экин тури - буғдой, маккажўхори, гуруч ва соя - жаҳон озиқ-овқат таъминотининг учдан икки қисмини ташкил этади. Бироқ малайзиялик олимлар ўтган тарих давомида инсоният томонидан унутилган ўсимликларни “қайта тирилтириш” орқали бу тартибни ўзгартириш ниятида, деб ёзади “Би-би-си”.

Малакка Бўғози яқинида жойлашган фермер Лим Кок Анга қарашли кичик боғда биргина кедондонг дарахти ўсиб турибди. Кедондонг - этдор, нордон олмасимон мева бўлиб, малайзияликлар уни, кўпроқ, тузлама ва салатларга қўшадилар.

“Бу мева унча машҳур эмас”, - дейди 45 ёшли Лим.

Жаноб Лим кедондонгдан кўра харидоргир лонган меваси ва ананас етиштиришга эътибор қаратган. У каби мевачиликка ихтисослаштирилган кичик фермерлар учун бозори чаққон бўлмаган кедондонгни етиштиришдан наф йўқ.

“Яхши фойда келтирадиган маҳсулот етиштиришга мажбурмиз”, - изоҳлайди у.

Бу ердан бир соатчалик йўл нарида эса учта улкан кумушранг гумбаз остида олимлар озиқ-овқат келажагини ўзгартириш борасида бош қотирмоқдалар. Улар кедондонг каби ўсимликларни инсонларнинг кундалик истеъмоли учун “муқобил” маҳсулотга айлантириш йўлида ҳаракат қилмоқдалар.

Crops For the Future ёки CFF (Келажак экинлари) халқаро тадқиқот марказининг бош қароргоҳида кедондонг мевасидан C витаминига бой шакарсиз шарбат олиш усули ишлаб чиқилган.

“Бу ерда кўриб турган экинларингизнинг бари инсонлар томонидан йиллар давомида унутилган”, сўзлайди CFF раҳбари Саид Аъзам-Али марказнинг Малайзия пойтахти Куала- Лумпур ташқарисидаги боғларида тебраниб ётган турли ўсимликларга ишора қила туриб.

Баланд бўйли моринга дарахтлари, қаймоқранг бамбара ерёнғоғи, нордон кедондонг меваси - бу ўсимликлар асрлар давомида тор доирада етиштириб келинган, аммо дунёда уларни деярли билишмайди. Ҳаттоки, улар маданийлаштирилган жойларда ҳам талаб юқори эмас. Экинларнинг “катта тўртлиги” таъсирида улар эътибордан четга чиқиб қолган, дейди жаноб Аъзам-Али.

“Биз бу тўрт асосий экинга қарам бўлиб қолганмиз. Аслида, инсоният минглаб йиллардан бери 7,000 дан зиёд маданий экинларни етиштириб келади. Биз шунчаки уларга назар солмаймиз, холос”.

Тадқиқотчилар мазкур “унутилган” экинларнинг салоҳиятини имкон қадар чуқурроқ ўрганишга уринмоқдалар.

Иссиқхона таъсирини юзага келтираётган газларнинг учдан икки қисми озиқ-овқат саноати томонидан атмосферага чиқарилади. 2050 йилга қадар дунё аҳолиси сони 10 миллиардга етиши тахмин қилинмоқда. Бунча аҳолини боқиш учун эса ҳозиргидан 50 фоиз кўпроқ озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқаришга тўғри келади. Бундай миқдордаги озиқ-овқатни тайёрлаш, агар ҳозирги шароит ўзгартирилмаса, атроф-муҳитга янада зиён етказиш, биохилма-хилликни йўққа чиқариш эвазига кечиши шубҳасиз.

CFF марказининг қайд этишига кўра, унутилган экинларни кенг истеъмолга олиб кириш масаланинг ечими бўла олади. Бундай экинларни кўпайтириш орқали давлатларнинг импорт маҳсулотлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташишга мўлжалланган транспорт тармоқларига қарамлиги камаяди. Бундан ташқари, унутилган экинларни кўпайтириш иқлим ўзгариб, биз етиштираётган асосий экинлар келажаги савол остида қолаётган бир вақтда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлай олади. Жаноб Аъзам-Алининг айтишича, бу экинлар иқлим ўзгаришига анчайин чидамли. Унинг хулосаси қатъий: “Озиқ-овқат маҳсулотлари турини кенгайтириш инсоният келажаги учун ҳаёт-мамот масаласидир”.

Озиқ-овқат саноатидаги аксар мутахассислар ҳам бу фикрга қўшилади. “Дунёда озиқ-овқат тақчиллиги йўқ, балки биз эътибордан четда қолдирган экинлар бор, холос”, - дейди Сингапур Миллий университетининг Сув сиёсати институтида ишловчи Сесилия Тортаҳада.

Жаноб Аъзам-Али унутилган экинларни кенг истеъмолга олиб кириш осон кечмаслигини яхши англайди. У 1980-йилларда Нигерда ҳеч қандай техника ва технологиясиз экинлар парваришлаб, оиласини боқаётган аёлларни учратади. Ўша пайт унинг миясига бунга ўхшаш муқобил озиқ-овқат тизимларини яратиш фикри келади.

“Бироқ фикримга нисбатан қаршилик кучли бўлган эди”, - хотирлайди у.

Шундай бўлса-да, жаноб Аъзам-Али фикрида собит туради. Лойиҳа ортидан лойиҳа яратиб, унутилган экинларни ўргана бошлайди. Уларнинг турли атроф-муҳит шароитида қандай ўсиши, ҳосил беришини кузатади.

Гумбазлардан бирининг марказида озиқ-овқат технологияси бўйича мутахассис Тан Син Лин яшил рангдаги хамирни қоришга уринмоқда. Моринга дарахтининг баргларини эзиб тайёрланган кукун, олимларнинг фикрича, буғдой уни ўрнини бемалол эгаллай олади. Моринга “уни”дан глютени камроқ, озуқаларга бойроқ пирог пишириш мумкин.

Син Лин хонимнинг вазифаси бундай ноодатий маҳсулотлардан бизнинг кундалик таомномамиздан жой олган овқатларни тайёрлаш йўлларини ўрганишдир.

“Мен қадимий рецептлардан фойдаланган ҳолда унутилган экинларни замонавийлаштиришга ҳаракат қиламан”, - дейди у. У жамоатчилик эътиборини “қашшоқлар овқати” номини олган унутилган экинларга тортиш илинжида.

Экинлар, ўз вақтида, сиёсий босимлар туфайли ҳам унутилишга юз тутган. Масалан, Африкадаги Саҳройи Кабир ҳудудига тегишли бўлган оқсилга бой бамбара ерёнғоғи Жануби-Шарқий Осиёда ҳам экиб келинади. Бу ўсимлик бир вақтлар мустамлакачилар тақиқига учраган.

“Бамбара ерёнғоғини ўстирган африкалик аёллар бу иши учун жазога тортилган”, дейди жаноб Аъзам-Али. “Мустамлакачилар бамбарадан ёғ олиб бўлмаслиги, бозорда харидоргир бўлмагани учун уни тақиқлашган”.

Ҳозирги кунда Бамбара CFF томонидан энг кўп ўрганилган ўсимлик бўлиб, марказ унинг салоҳиятини сармоядорларга янада кенгроқ очиб беришга ҳаракат қилмоқда. Мисол учун, бир вақтлар фақат Боливия ва Перу тоғларида етиштирилган киноа (ғалладошларга ўхшаш донли ўсимлик) бугунга келиб, озуқа моддаларга бой дон сифатида бутун дунёга тарқалмоқда.

Экинларнинг озиқ-овқат саноати томонидан озуқа моддаларга бойлиги эмас, балки ҳосилдорлигига қараб танланиши ҳам кўплаб ўсимликларнинг эътибордан четда қолиб кетишига сабаб бўлган. 1960-йилларда юзага келган “яшил инқилоб”дан бери ҳосилдорлиги юқори экинлар қишлоқ хўжалигини эгаллаб олди.

20-асрда инсоният юзлашган бир қанча даҳшатли очарчиликлар озиқ-овқат таъминотини кучайтириш эҳтиёжи туғилишига сабаб бўлди.

“Атмосферада карбонат ангидрид миқдори кўпайиб бораётгани туфайли экинларнинг озуқавий қиймати тушиб кетмоқда”, - дейди жаноб Аъзам-Али. “Шу сабабдан биз озуқа моддаларига анчайин бой бўлган унутилган экинларни истеъмолга олиб киришимиз лозим”.

Гумбазларнинг бирида олимлар юқори ҳарорат ва карбонат ангидриднинг турли даражаси муқобил экинларга қандай таъсир ўтказишини ўрганмоқда.

АҚШда жойлашган Food Tank таҳлилий марказидан Даниелла Ниеренберг CFF қишлоқ хўжалигида муқобил экинларни жорий этишга интилаётган ягона “ўйинчи” эмаслигини таъкидлайди. Crop Trust, Slow Food, Icrisat ва Biodiversity International каби компаниялар дунё аҳлининг ўрта синфга мансуб қатлами учун озуқаларга бой экинларни излаш устида тер тўкмоқда.

Африка ва Жануби-Шарқий Осиёнинг қашшоқ минтақаларида асосан аёл фермерлар авлоддан авлодга ўтиб келаётган уруғларни парваришлаш орқали оиласини боқишга интилади. Шу сабабли унутилган экинлар, аксар ҳолларда, “қашшоқлар таоми” деб ҳам аталади.

Бироқ шакар, ёғ ва қайта ишланган маҳсулотларга асосланган ғарбона овқатланиш маданиятига нисбатан қизиқишнинг ошиб бориши унутилган экинларнинг, ҳатто, ўз Ватанида ҳам назардан четда қолишига сабаб бўлмоқда.

Масалан, Малайзия ресторан ва умумий овқатланиш шохобчаларида импорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари маҳаллий фермерлар таклиф қилаётган маҳсулотлар ўрнини эгалламоқда. Рестораторларнинг айтишича, одамлар четдан келган маҳсулотларга “обрў тимсоли” сифатида қарагани туфайли маҳаллий экинлар бозорларда ўз ўрнини топа олмаётир.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, унутилган экинлар келажакда, албатта, кун тартибига кўтарилади.

“Иқлим ўзгариши озиқ-овқатга нисбатан қарашларимизни ҳам ўзгартириб юбориши аниқ”, - дейди Лондон Университетидан профессор Тим Ланг.

“Биз ўрганган асосий экинлар ҳосилдорлиги тушиб кетгандан сўнг бошқа маҳсулотларни истеъмол қилишга кўникишга мажбурмиз”.

Жаноб Аъзам-Али ўзи таклиф қилаётган экинлар учун сармоядорлар топиш мушкул кечаётганини айтади.

“Кўп сармоядорлар келиб, экинларимизни кўрди, қилаётган ишимизга қизиққанлигини айтди. Бироқ бу экинларни бозор тортмаслигини важ қилиб, кетиб қолди”.

Аммо CFF одамлар кун келиб, унутилган экинларни ҳеч иккиланмай истеъмол қилиши учун ҳаракатдан тўхтамасликка қатъиян аҳд қилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар