Университетларга киритиш бўйича йирик коррупциявий схема фош этилди

19:24 14 Март 2019 Дунё
980 0

Иллюстратив фото

АҚШ Адлия вазирлиги Йель, Калифорния ва Стэнфорд университетларига киргизиб қўйиш бўйича йирик коррупциявий схема аниқланганини маълум қилди. Бу борада 50 нафар кишига айблов қўйилган. Уларнинг ичида Фелисити Хаффман, Лори Лафлин каби машҳур актрисалар ҳам бор, деб ёзади Meduza.

ОТМларга кириш учун абитуриентларни тайёрлайдиган компания ҳамда хайрия ташкилоти раҳбари Уильям Сингер мазкур коррупциявий схема марказидан жой олган. Ота-оналар унга хайрия-эҳсон кўринишида пора беришган. Айблов ҳужжатига кўра, Сингер айбини тан олган ва ўзи билан бирга ишлаган ҳамда унга ёрдам берганларга қарши кўрсатма берган.

“Хизмат”лардан бири SAT ва ACT тестларини топширишда қаллоблик қилиш билан боғлиқ. Маълумот учун, ушбу тест натижалари Америка олий ўқув юртларида талабаларни саралашда инобатга олинади. Ушбу “хизмат” учун ота-оналар 15 мингдан 75 минг долларгача тўлаган.

Сингернинг режаси бўйича, таълим олишдаги қийинчиликлар баҳонаси билан уларнинг фарзандлари имтиҳонлари кечиктирилган. Кейин улар маъмурлари Сингерга таниш бўлган Техас ёки Калифорниядаги мактаблардан бирини танлашган. Схеманинг яна бир иштирокчиси эса имтиҳон куни ё тўғри жавобларни бериб турган ёки тестдаги хатоларни тўғрилаб берган ёхуд ўзи абитуриентлар учун тест топширган.

Айни шу схемада санъаткор Фелисити Хаффман ҳам иштирок этган. 2017 йилда Сингер 15 минг доллар эвазига актрисанинг қизига имтиҳондан яхши натижа олиш учун ёрдам берган. Лос-Анжелес суди Хаффманга 250 минг доллар гаров пул тайинлади.

Сингер, шунингдек, ОТМ мураббийлари билан келишиб ўқишга киришни ҳам кафолатлаган. Мураббийлар пора эвазига болаларни уларнинг реал муваффақиятлари бўлса-бўлмаса, спортчи сифатида йиққан. Сингер ташкилоти ходимлари эса ўсмирларнинг спортдаги натижалари ҳақида сохта маълумотлар, жумладан, худдики, спорт билан шуғулланаётгани акс этган фотосуратларни тайёрлашган.

Баъзан саҳна кўринишларини ота-оналарнинг ўзлари ҳам қилишган. Масалан, актриса Лори Лафлин ва унинг турмуш ўртоғи Моссимо Жанулли. 2016-2017 йилларда актрисанинг қизини Жанубий Калифорниядаги университет эшкак эшиш бўйича жамоаси аъзоси сифатида қабул қилишади. Ваҳолонки, бу қиз мазкур спорт тури билан умуман шуғулланмаган.

Оила соҳиблари эса фарзандининг эшкак эшиш тренажёридаги суратларини жўнатганлар. Ўқишга кириш учун эса Сингерга 500 минг доллар қуртдек санаб берилган.

Текширув маълумотларига кўра, болалар кўпинча фирибгарлик ортидан ўқишга киришганини билишмаган. Шунинг учун уларнинг бирортасига ҳам айблов қўйилмади. Адлия вазирлиги ушбу талабаларнинг келгуси тақдирини ОТМларнинг ўзлари ҳал этишини билдирган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019