Умумхалқ бойлиги, ризқимиз манбаи

12:11 25 Апрель 2018 Иқтисодиёт
734 0
Фото: nuz.uz

1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган фермерлар, деҳқонлар фақат пахта-ғалла, чорвадорлар — чорва, боғ эгалари — боғдорчилик йўналишида фаолият олиб бориши лозим ҳамда улар қишлоқ хўжалигининг бошқа жабҳаларида фаолият кўрсатиши ман қилинган эди. Яқинда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан мазкур Қонунга ҳам ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди. 

Унга кўра, фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектидир, дея унинг фаолияти янги таҳрирда баён этилди. Шунингдек, кўп тармоқли фермер хўжалигига маҳсулотни етиштириш билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ҳамда реализация қилиш, саноат ишлаб чиқариши, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи фермер хўжалигидир, дея таъриф берилган.

Шу ўринда бир масалага эътиборингизни қаратсак. Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида “Феруз”, “Ашур Абдулқосим”, “Раҳмат”, “Имкон”, “Ал-Шамшер” каби фермер хўжаликлари четдан наслдор чорва моллари олиб келиб боқмоқда. Бундан ташқари, улар асаларичилик, паррандачилик, балиқчилик билан ҳам шуғулланишаяпти. Баъзи фермер хўжаликлари қўшимча техник хизмат кўрсатиш шохобчалари, сартарошхона, қассобхона, новвойхона, умумий овқатланиш шохобчалари ташкил этиб, фаолиятини кенгайтиришмоқда. Боғлар ҳамда иссиқхоналар ташкил қилаётган фермер хўжаликлари сони ҳам ортиб, кўп тармоқли фермер хўжаликларига айланаяпти. 

Қонун билан фермер хўжаликлари манфаати учун яхши имконият яратилгани ҳолда, фермер хўжаликларини ташкил этиш шартлари бирмунча такомиллашди. Амалдаги нормалардан фарқли равишда наслли чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалиги учун ҳар бир бош чорва молга ҳисоблаганда 0,5 гектардан 0,6 гектаргача ер майдони ажратилиши белгиланган. Чорвачилик маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжаликларига шартли мол бошига қараб сувли ва суғорилмайдиган (лалми) ерлардан олдингиларга нисбатан бу тарзда кўпайтириб берилиши фермер хўжаликларига чорва учун озуқа миқдорини етарлича яратиш имкониятини яратади.

Аксарият ҳолларда боғ-узумчилик ҳамда сабзавот-полизчилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг катта ер майдонларида фаолият юритиши кутилган натижаларни бермаётганидан келиб чиқиб, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ва бошқа экинларни етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари учун ажратиладиган ер майдонлари камида 1 гектар ҳамда кўпи билан 5 гектар ҳажмда ижарага берилиши белгиланган.

Қонун билан, шунингдек, деҳқончилик соҳасидаги фермер хўжаликларига ажратиладиган ер майдонлари меъёри белгилаб берилди. Унга кўра, фермер хўжаликлари бу имкониятдан фойдаланган ҳолда янада кўпроқ фуқароларни иш билан таъминлаши мумкин. Қонунда ер участкаси берилган фермер хўжалиги зиммасига ўз хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги (уч йил учун ўртача йиллик ҳосил ҳисобида) қонун ҳужжатларида белгиланган норматив ҳосилдорликдан кам бўлмаслигини таъминлаш мажбурияти юкланган.

Илгарилари фермер хўжалигининг раҳбари пенсия ёшига тўлганда ёки меҳнат қобилиятини йўқотганда ўз оила аъзоларидан бирига қонун ҳужжатларига мувофиқ ижара шартномаси амал қиладиган муддатга бериши мумкин эди. Янги ўзгартириш матнида буларга қўшимча равишда ҳарбий хизматга чақирилган ёки олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган, сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланган тақдирда ҳам ўз оила аъзоларидан бирига қонун ҳужжатларига мувофиқ ижара шартномаси амал қиладиган муддатга бериши мумкинлиги қайд этилган.

Янги Қонун билан киритилган ўзгартишлар замон талаби ўлароқ, аграр тармоқда фидокорона меҳнат қилаётган фермер хўжаликлари учун муносиб шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. Айни пайтда мамлакатимиз иқтисодиётининг энг асосий бўғинларидан бўлган аграр соҳа олдига қўйилган вазифаларнинг ижобий ҳал этилишига шароит яратади.

Очилди ХИДИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар