Умумий ва муштарак тарих мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда изчиллик касб этмоқда

10:23 02 Май 2018 Сиёсат
877 0

Туркия Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган мамлакат. Дипломатик алоқаларимиз 1992 йил бошида ўрнатилган. Албатта, бу сиёсий муносабатлар ўз йўлига, бироқ ўзбек ва турк халқининг умумий ҳамда муштарак тарихи, яқин маданияти, урф-одатлари, тили ва динининг бирлиги узоқ ўтмиш силсиласида икки миллат оға-ини бўлиб келганидан далолатдир.

Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар охирги бир ярим йил мобайнида тобора изчиллик касб этиб бормоқда. Бунда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, дўстона муносабатлари муҳим ўрин тутаётир. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25-26 октябрь кунлари Туркия Республикасига давлат ташрифи бугунги кунда иқтисодиёт, савдо-сотиқ, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, транспорт-логистика, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ҳамда бошқа соҳалардаги ҳамкорликда -ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Шу зайлда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида савдо-иқтисодий, маданий, сиёсий ҳамда -бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларида янги тарихий саҳифа очилганига бутун халқимиз гувоҳ бўлаётир.
Албатта, Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги икки томон учун ҳам бирдек манфаатлидир. Хусусан, бугунги кунда жадал ривожланиб бораётган маданий-гуманитар алоқалар ҳам Ўзбекистон — Туркия -муносабатларининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Турк санъат усталарининг Самарқандда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам қатнашиши, Туркия давлат телерадиокомпанияси (TRT) Ўзбекистонда ўтказиладиган расмий тантаналарни хорижий мамлакатларга ретрансляция қилиши анъанага айланди. Соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳаларида, етакчи тадқиқот марказлари ўртасида тажриба алмашиш ҳамда профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг парламентлараро муносабатлари ҳам тобора ривожланиб, Ўзбекистон — Туркия ўртасидаги дўстона муносабатларни янги босқичга кўтаришда алоҳида ўрин тутаётгани барчамизни мамнун қилади.

Амалга оширилаётган истиқболли режалар асосида халқимизнинг турмуш фаровонлиги, эртанги кунга бўлган ишончи кундан-кун ошиб бормоқда.
Туркия раҳбарининг 29 апрель — 1 май кунлари мамлакатимизга давлат ташрифи билан келгани юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида яна бир муҳим воқеа бўлди. Ташриф давомида Ўзбекистон — Туркия ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатларимиз ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт-логистика, саноат, илм-фан, таълим, туризм ҳамда бошқа соҳаларга доир 24 ҳужжат имзолангани унинг нақадар самарали кечганидан далолатдир. Бу ҳужжатлар ўзаро ишонч, ҳурмат, манфаатли шерикликка асосланган муносабатларимизга янгича мазмун бахш этиши шубҳасиз.

Айниқса, олий мартабали меҳмоннинг биз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида сўзлаган нутқи барчамизда катта таассурот қолдирди. Туркия давлати раҳбарининг минбардан туриб, халқимизнинг буюк тарихи, маданияти ҳақида билдирган самимий дил изҳорлари, аввало, қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизнинг нақадар яқин эканидан далолат беради. Бу яқинлик эса, ушбу қардош халқ билан ҳамжиҳатликда ривожланиш, ўзаро борди-келдини кўпайтириш, қисқача айтганда, тараққиёт сари биргаликда юз тутишда ҳал қилувчи омил бўлади.

Гавҳар АЛИМОВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019