“Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари босқичлари аниқланди

11:08 18 Май 2018 Спорт
635 0

Анъанавий “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг Бухоро вилояти босқичидан Fиждувон тумани вакиллари Президент совғаси — “Damas” русумли автомашина билан қайтдилар. Улар умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритиб, ана шундай эъзозга муносиб кўрилдилар.

Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган бу галги мусобақаларда юқори синф ўқувчиларининг ҳам иштирок этишгани беллашувларнинг янада муросасиз ва кескин баҳслар остида кечишини таъминлади.

— Бу йилги спорт ўйинлари дастуридан турон яккакураши, белбоғли кураш, ўзбек жанг санъати қаторида миллий курашнинг ҳам ўрин олгани айни муддао бўлди, — дейди Ўзбекистон Кураш федерацияси вилоят бўлинмаси ижрочи директори С. Умаров. — Биз “Умид ниҳоллари”да кўплаб истеъдодли ёш полвонларни кашф қилдик. Бу эса курашимизнинг эртаси порлоқлигидан далолат беради.

Тадбирда намойиш этилган концерт дастури дилларга завқу шавқ улашди.

Термиз шаҳрида “Умид ниҳоллари — 2018” спорт мусобақаларининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Мусобақанинг саралаш босқичларида 238 минг 796 нафар йигит-қиз иштирок этди. 

— “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасида 19 нафар ўқувчимиз муваффақиятли қатнашиб, жами 14 та олтин, 5 та бронза медални қўлга киритишди, — дейди Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйи тарбиячиси Х. Шоимқулов. — Айни пайтда республика босқичида ҳам яхши натижаларга эришиш мақсадида машғулотларни бошлаб юборганмиз. 

Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Денов тумани ёшлари биринчи ўринни қўлга киритишди. Fолиб жамоага Президентимиз совғаси — “Damas” автомашинаси топширилди. Термиз шаҳри вакиллари иккинчи, қумқўрғонлик ёшлар учинчи ўринга муносиб, деб топилди. 

Истам ИБРОҲИМОВ,
Илҳом РАҲМАТОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари. 

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар