“Умид эпкинлари” Ўзбекистондан эсмоқда

10:33 09 Октябр 2018 Сиёсат
1587 0

Хорижий ОАВ, таниқли сиёсатшунослар, экспертлар Президентимиз ташаббусларини глобал миқёсдаги ижобий жараён сифатида кўрсатмоқда.

“Куз — йилнинг сўнгги, энг гўзал табассуми”. Бу таърифни бундан икки аср муқаддам ижод қилган иқтидорли журналист, “New York Post” газетаси муҳаррири Уильям Каллен Брайант берган эди. Дарҳақиқат, айни шу паллада сахий фасл беқиёс даражада гўзал қиёфа касб этади. Балки шунинг учун ҳам кузни олтин фасл, дея тарифлашар. Ўзбекистонда куз “барака” сўзи билан туташган. Унинг турли бетакрор манзаралари минг бир рангда жилоланади. Дарахтларнинг турфа либослари, меваю сабзавотлар ғарқ пишиб, дастурхонимизда товланиши, об-ҳавонинг инжиқлик билан тез-тез ўзгариб, гоҳ иссиқ, гоҳ салқин, баъзан шаррос ёғиб қоладиган ёмғирлар саси ҳам ўзига хос завқу шавқ уйғотади кишида. Диёримиз узра эсаётган куз шабадаси-чи? У майин ва жудаям ёқимли. Мана шу хайрли шабада бугун жаноб Брайант яшаган жойгача, аниқроғи, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳи жойлашган Манхэттендаги осмонўпар биногача етиб борди.

БМТ Бош Ассамблеясида Антониу Гутерриш инсоният олдида турган глобал муаммолар ҳақида фикр юритар экан, бутун дунё бўйлаб “умид эпкинлари” кезиб юрганини айтди. Бош котиб таъкидлашича, бунга ижобий мисоллардан бири — бизнинг юртимиз. “Ўзбекистондаги тинч сиёсий ҳокимият алмашинувидан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ҳамкорлик кучайганига шахсан гувоҳ бўлдим”, деди А. Гутерриш.

БМТ Бош котиби нутқининг моҳиятига эътибор берсак, юқоридаги иқтибоснинг аҳамияти янада яққолроқ ойдинлашади. Антониу Гутерриш бугунги дунёга “ишонч етишмовчилиги синдроми”, деган ташхисни қўйди. Бунда иқлим ўзгаришининг асоратлари ҳамда замонавий технологиялардаги яширин хавф-хатарларга алоҳида эътибор қаратди. “Тоби қочган” жаҳон учун зарур бўлган муолажа мазмунига ҳам тўхталиб ўтди — бу ишончни ва кўптомонлама тартибни тиклашдир. “Қўшниларда хавфни кўрувчилар ўзлари билмаган ҳолда ўша хавфни туғдирадилар”, дея қўшимча қилди Гутерриш.

Умумий келажак учун масъулият
Минтақамизда сиёсий вазиятни соғломлаштириш жараёни бундан икки йил аввал бошланди, десак, муболаға бўлмайди. Буни Ўзбекистон етакчисининг ташаббуслари берди. Россия Федерациясида хизмат кўрсатган фан арбоби, Россия Фанлар академияси Бозор муаммолари институтининг бош илмий ходими Наби Зиядуллаевнинг фикрича, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги янгича ёндашувлари минтақавий ҳамкорликни кучайтириш заруратини кўрсатди ва Марказий Осиёда умидли муҳитни яратди. Эксперт “Независимая газета”да босилган мақоласида Ўзбекистон Президентининг саъй-ҳаракатлари туфайли бешта давлатнинг ўзаро муносабатларида сезиларли натижаларга эришилгани, 2017 йилдан бошлаб улар ўртасидаги алоқалар яхшиланаётгани, бир-биридан анча узилиб қолган давлатлар борган сари яқинлашиб, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаётганини қайд этди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг июнь ойида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Марказий Осиё бўйича махсус резолюция қабул қилиниши минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда янги даврни бошлаб берди. Марказий Осиё ва Кавказ институти директори Сванте Корнелл таъкидлаганидек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида республикамизда олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар минтақадаги вазиятга ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг куз бошидан буён ўтган қисқа муддатда амалга оширган ташриф ва учрашувлари жадвалининг ўзиёқ, Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилганидек, Марказий Осиёдаги қўшниларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлаш ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши эканини яна бир бор тасдиқлайди. Бу жадвалдан Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саммити, Тожикистон пойтахтидаги МДҲ саммити ва элчиларни, хусусан, Туркманистон дипломатик миссияси раҳбарини қабул қилиш каби тадбирлар ўрин олди.

Марказий Осиё “бешлиги” давлатларининг вакиллари учун шу сингари мунтазам учрашувлар анъанага айланди. Одатий ҳол бўлиб қолган бундай тадбирлар кейинги икки йил ичида рўй берди. Ҳа, яхшиликка тез кўникади киши. Айниқса, бу янгича ижобий ҳолат қайтадан тикланган бўлса. Н. Зиядуллаев қайд этганидек, кўп асрлар давомида қадимий тамаддун бешиги сифатида инсониятга маълум бўлиб келган, нафақат жуғрофий ва геосиёсий, балки маданий ва маънавий жиҳатдан ягона саналган маконда бугун 100 миллиондан зиёд аҳоли яшайди, уларни умумий тарих, дин, маданият ва анъаналар, кучли интеллектуал салоҳият, ўзаро боғлиқ коммуникациялар тизими, ҳамкорликка интилиш, шунингдек, умумий келажак учун масъулият бирлаштириб туради.

Ташрифлар амалий натижаларга қаратилган
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий доирадаги ҳаракати энг яқин минтақа билан чегараланмайди. Тўғрироғи, шу ердан бошланиб, куч ва тезкор суръат оляпти. Қўшнилар билан муносабатлар яхшиланаётганини кўрган бошқа давлат раҳбарлари ҳам алоқани янада мустаҳкамлаш мақсадида юртимизга келмоқдалар.

Сентябрнинг биринчи кунларида Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ташриф буюрди. Икки давлат ўртасида сайёҳлик, инвестиция, солиқ сиёсати, адлия, қишлоқ хўжалиги, маданий мерос, спорт, ёшлар масаласи каби қатор йўналишдаги ҳамкорликка тегишли 12 та ҳужжат имзоланди. Деярли юз миллион аҳолиси бўлган Мисрдек йирик мамлакат етакчиси эришилган келишувлар келгусида амалга ошириладиган ташрифлар ва юқори натижалар учун пойдевор бўлиб хизмат қилади, дея эътироф этди.

Орадан ўн кун ўтмай, меҳмондўст Тошкент Беларусь раҳбарини кутиб олди. Ушбу давлат Президенти Александр Лукашенко тан олганидек, унинг Ўзбекистонга ташрифига икки йил давомида тайёргарлик кўрилди. Натижа ҳам тайёргарликка яраша бўлди. “Биз сафарни сайёҳлик мақсадида уюштирмадик, — деб Беларусь етакчисининг сўзларини келтиради “БЕЛТА” телеграф агентлиги. — Мен буни аллақачон ҳис қилдим. Биз бу ерга дўстим ва ҳамкасбим, Ўзбекистон Президентининг талаб ва истакларига жавобан аниқ таклифлар билан келдик”.

Кузнинг биринчи ойидаги АҚШ ва Туркия делегациялари, Малайзия элчиси билан учрашувлар ҳам ана шундай очиқ-ойдин, прагматик руҳда, Ўзбекистондаги янги даврга хос ва мос тарзда бўлиб ўтди. Мамлакатимиз ҳар бир давлатни ўзаро манфаатли ҳамкорликка чорлар экан, уни гўёки янгитдан кашф этаётгандек.

Нафақат Ипак йўли...
Қитъаларни боғлаб турувчи қадимий йўналишлар ҳақида сўз борар экан, биз, аввало, мамлакатимиз ҳудудидан ўтган Буюк Ипак йўлини эсга оламиз. Аммо қатор манбаларга таянган тарихчиларда бошқача фикрлар ҳам бор.

Академик Эдвард Ртвеладзенинг ёзишича, Ипак йўлидан анча илгари тамаддун тарихида биринчи қитъалараро йўналиш мавжуд бўлган. Бу савдо йўли Ҳиндистондан Ўрта Осиё орқали Ўрта Ер денгизигача чўзилган. Таниқли олим қадимий манбалар, шунингдек, тадқиқотларига асосланган ҳолда, мазкур йўлни Буюк ҳинд йўли деб атайди.

Буюк ҳинд йўлининг ноёблиги шундаки, унинг бир қисми қуруқликдан ўтса, иккинчиси дарёлар, учинчиси эса денгизлар орқали ўтган экан. Ўзбекистон ҳам гўё шунга ўхшаш, турлича бўлса-да, бир-бирини тўлдирувчи йўналишлар билан Ҳиндистон сари ўз йўлини тикламоқда. Президентимизнинг мазкур мамлакатга амалга оширган давлат ташрифи йўлнинг бошланғич нуқтаси бўлди.

Нью-Деҳлидаги учрашувлар давомида давлатимиз раҳбари ҳар икки халқни тарихий ришталар, ўхшаш анъаналар, маънавий ва маданий яқинлик боғлаб туради, дея бир неча бор таъкидлади. Ўз навбатида, инглиз тилида чиқадиган дунёдаги йирик газеталардан бири “The Times of India”да ёзилганидек, “Меҳмон” ва “Дўст” сўзлари деярли бир хил жаранглайди, демак, дўстлик ҳақида гап кетганда биз бир тилда гаплашамиз”. Мақолада шундай хабар берилади: “Яқин орада Ҳиндистонда хориж давлат раҳбарини бундай катта миқёсда кутиб олишмаган эди. Бу Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдаги ташқи сиёсатида Ўзбекистон нақадар муҳим аҳамият касб этишини яққол исботлайди”.

Ташриф доирасида истиқболли йўналишларда ўзаро манфаатли келишувлар имзоланди. Экспертлар фикрича, Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи давлатлар ўртасидаги муносабатлар шаклини ўзгартирди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми айни вақтда 300 миллион долларни ташкил этиши мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги ва уни бир миллиард долларга етказиш мўлжаллангани ҳам шундан далолат беради.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди сўзларига қараганда, Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг умумий жиҳатлари кўплиги ва ўзаро яқинлиги тўғрисида тарихий маълумотлар далолат беради. “Мен мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар шундай пухта асосга эга бўлишидан фахрланаман ва хурсандман, — деди Нарендра Моди учрашув чоғида Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилар экан. — Жаноб Президент, мен Сиз билан Ўзбекистонга ташрифим давомида танишдим. Сизнинг Ҳиндистонга дўстона муносабатингиз, Сизнинг шахсиятингиз менга кучли таъсир кўрсатди. Биз тўртинчи марта учрашяпмиз. Лекин назаримда, жуда яқин дўстмиз”.

Ҳинд томонининг фикрича, Ўзбекистон жадал суръатлар билан тараққий топмоқда, унинг имиджи ўзгаряпти. Ушбу мамлакатнинг электроника ва ахборот технологиялари вазири Рави Шанкар Прасад эътироф этганидек, Ҳиндистон Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлидан бораётганини кўриб турибди ва бу йўлда ҳамкорлик қилишга, билим, тажриба ва технологиялар билан кўмаклашишга тайёр.

Бешинчи республика ҳамкорликка чорламоқда
Замонавий Франция ҳақида нималарни биламиз? Футболчилари — жаҳон чемпиони, пойтахтида Эйфел минораси бўй чўзиб турибди, одамлари чиройли кийинишади ва ширинлик қўшиб қаҳва ичишни ёқтиришади... Яна...

Бундан ташқари, жуда муҳим жиҳатлар ҳам борки, кўпинча эсга олавермаймиз. Франция Европа иттифоқида юқори ривожланиши билан иккинчи ўринда турувчи иқтисодиётга эга. Ядро ва космик соҳада қудратли давлат. Аксарият кўрсаткичлар бўйича дунёдаги кучли ўнталикка киради. Жаҳон миқёсида энг йирик инвесторлардан бири. “Cushman & Wakefield” глобал таҳлилий гуруҳи маълумотларига кўра, ўтган йил давомида Франция халқаро бозордаги лойиҳаларга 40 миллиард евро атрофида маблағ сарфлаган.

Бу кўрсаткичлар Ўзбекистон Президентининг Францияга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтаётган тадбирлар мундарижасини белгилайди. Европадаги йирик давлат билан мулоқот сиёсий соҳадаги ҳамкорлик, савдо-иқтисодий ва молиявий соҳалардаги шерикликни кенгайтириш, инвестициявий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш каби масалаларни ўз ичига олади. Франция Президенти Эммануэль Макрон кейинги пайтда ўзбек — француз муносабатларида мутлақо янгича ўсиш кузатилмоқда, деб ҳисоблайди. “Ўзбекистон раҳбарининг мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштиришга катта қизиқиш билдираётганини юқори баҳолайман, — деди у. — Франция ва Ўзбекистонда ҳали фойдаланилмаган салоҳият катта. Шу боис Президент Шавкат Мирзиёев билан расмий ташриф доирасида Парижда учрашишни сабрсизлик билан кутяпман. Ташриф бизга нафақат икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш ва кенгайтириш, балки халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга бўлган долзарб мавзулар, шу жумладан, терроризмга қарши кураш, иқлим ўзгариши каби масалаларни муҳокама қилишга имкон яратади”.

Дарвоқе, Франция Республикасининг жаҳонда тутган ўрнини белгилаганда, мамлакатнинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолари бешталигига киришини айтиб ўтмаслик мумкин эмас. Ўзбекистон Президентининг Россия, Хитой ва АҚШга ташрифи ҳамда Буюк Британияда ташқи ишлар вазири ўринбосари билан учрашувини ҳисобга олсак, Шавкат Мирзиёев шу кунларда ушбу рўйхатдаги бешинчи давлатда бўлиб турибди.

Европада истиқболли таҳлил ва хавфсизлик институти президенти Эммануэль Дюпюи эътироф этишича, Ўзбекистон раҳбарининг Францияга ташрифи биринчи галда иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади ҳамда бир-бири сари катта қадамлар ташлаётган икки мамлакатнинг ўзаро шериклик муносабатларида муҳим воқеадир.

“Биз Ўзбекистон Президентининг ташрифидан кўп нарса кутяпмиз ва қатор ҳужжатларни имзолашга тайёрланяпмиз, — дейди “Natixis” инвестициявий банкининг бўлим бошлиғи Арнаут Саред. — Франция юртингизда барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатмоқда. Аминманки, бизни кўплаб истиқболли лойиҳаларнинг рўёби кутяпти”.

Уларнинг натижадор бўлишига биз ҳам шубҳа қилмаймиз. “Умид эпкинлари” ҳар биримизнинг қалбимиздаги ишончни мустаҳкамлаган ҳолда майин эсишда давом этаверади.
Ўткир РАҲМАТ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019