Улуғ ишларга кенг йўл очган ташаббус

16:20 01 Май 2019 Жамият
413 0

Ислом дини ва маданияти инсон таваллуд топган кундан бошлаб уни камолот сари етаклайди. Бу жамият учун ҳам фойдали бўлиб, мамлакатнинг гуллаб-яшнаши учун хизмат қилади. Шу маънода, юртимиз саодатли ўлка, ҳамюртларимиз шукроналикни бошларига тож каби кўтарган инсонлардир. Буни бутун жаҳон афкор оммаси эътироф этиб тургани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 16 апрелда имзолаган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон мазкур йўналишдаги улуғ ишларни амалга оширишда кенг йўл очиб бермоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тизимида “Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш юзасидан ахборот-таҳлил маркази”, Ҳадис илми мактаби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фондининг ташкил этилиши баробарида Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ҳам асос солинди. Бу даргоҳ аждодларимиз ва халқимиз орзу қилган муқаддас масканлардан бири сифатида юртимизда фаолият олиб бораётган ҳамда хорижий олий диний таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. “Исломшунослик”, “Мумтоз шарқ филологияси”, “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” сингари факультетларда бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичларида таълим олиб борилаётгани ҳолда кундузги бўлимларда мингдан ортиқ талаба исломшунослик, қуръоншунослик ва ҳадисшунослик, ақида ва тасаввуф, мумтоз шарқ адабиёти, диншунослик, халқаро муносабатлар, иқтисодиёт, араб тили, тамаддуншунослик, саёҳатшунослик кабиларни қунт билан ўрганяпти. Илмий-маънавий, диний-маърифий меросимиз дурдоналари бўлган қадимий қўлёзма ва тошбосма асарларни жамлаш, сақлаш, нодир қўлёзмалар устида тадқиқот ишларини амалга ошириш — асосий мақсади этиб белгиланган “Манбалар хазинаси” бўлимининг аҳоли қўлида сақланаётган қадимий китобларни сотиб олиш эвазига ноёб қўлёзма ва китоблар фонди бойиб бораётгани эътиборга молик.

Айни пайтда бўлимда 500 га яқин қўлёзма, қарийб 1500 та тошбосма, 10 000 дан ортиқ замонавий нашрлар мавжуд. 2004 йили моҳир хаттот Ҳабибулло Солиҳ томонидан кўчирилган Усмон мусҳафининг нусхаси, улуғ аждодимиз Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарининг асл нусхаси шу бўлимда сақланаётгани хорижлик мутахассислар эътиборига тушган.

Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Тоййиб бошчилигидаги ал-Азҳар мажмуаси вакилларидан иборат нуфузли делегация ташрифи фақатгина академия эмас, балки мамлакатимиздаги бошқа кўплаб таълим муассасалари ҳаётидаги ёрқин воқеалардан бири бўлди. Бундай дунёга машҳур дин арбоблари ва уламоларининг юртимизга ташрифи билан бир қаторда ўзбек уламолари ва шарқшуносларининг халқаро миқёсда ўтаётган анжуманлардаги иштироки ҳам тобора кўпайиб бораётганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. “Исломшунослик” факультети таркибидаги “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш, ЮНЕСКО” кафедраси дунё бўйлаб турли таълим даргоҳларидаги 678 та ЮНЕСКО кафедрасидан бири ҳисобланади. Санкт-Петербург, Бишкек, Бухарест ва Швейцариянинг Фрибур университетлари билан яқин алоқаларни йўлга қўйган мазкур кафедра ҳар йил 7 апрелда анъанавий тарзда республика миқёсида “Диншуносликнинг долзарб муаммолари”, 16 ноябрда халқаро миқёсда “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик — жамият барқарорлиги гарови” мавзулари бўйича илмий-амалий конференциялар ташкил этиб келмоқда.

Айтиш жоизки, иқтидорли дастурчи талабалар “Абу Мансур ал-Мотуридий илмий мероси ва “Мотрудия” таълимоти”, “Тошкент шаҳри масжидлари дислокацияси. Оnline харитаси ва 3 Dмоделлар”, “Зиёрат туризми” бўйича ўзбек, рус ва инглиз тилида Бухоро вилоятининг диний, тарихий, маданий зиёратгоҳлари суратларини ўзида жамлаган, қадамжолар ҳақида батафсил маълумот берувчи, зиёратгоҳларнинг онлайн харитаси мавжуд бўлган андроид платформасида ишловчи геолакацион тизим, “Ўзбекистонда ислом цивилизацияси”, деб номланган автоматлаштирилган ахборот дастури ва “Ўрта Осиё олимлари қомуси” каби иловаларни яратишди.

Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар орасида аҳиллик ва тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон эълон қилинганига бир йил тўлди. Бу муддатда диний соҳада мазкур ҳужжатдан келиб чиққан ҳолда кенг қамровли ишлар амалга оширилганини фаолиятини бошлаганига бир йил, таълим даргоҳи сифатида фаолият юритаётганига йигирма йил бўлган академия мисолида ҳам яққол кузатиш мумкин.

Шуҳрат ЁВҚОЧЕВ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019