Улар – бегона эмас, маҳалла куй ёлғизлатиб қўймайди

01:42 31 Май 2019 Жамият
235 0

Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, Рўзаи рамазон кунларида “Меҳр” инсонпарварлик операцияси амалга оширилиб, нопок инсонлар макрига алданиб, Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудига бориб қолган 156 нафар ватандошимиз, асосан, аёллар ва болалар она юртимизга олиб келинди.

Халқимизда боланинг бегонаси бўлмайди, деган гап бежизга айтилмаган. Бугун даҳшат ўчоғидан қайтганлар маҳалладошимиз, қариндошимиз, қўшнимиздир. Адашиб, ёлғон йўлга кириб қолганларни, сўнг қилмишига пушаймон бўлганларни кўксидан итариш, бегона кўз билан қараш бизнинг миллатимизга, қадриятларимизга ётдир. Халқимиз, давлатимиз кечиримлидир.

Яқин Шарқда чорасиз, сарсон кезган аёллар, бегуноҳ болалар азиз юртимизга қайтганида она замин тупроғи нақадар муқаддас экани, маҳаллаларимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз кераклигини барчамиз яна бир карра ҳис қилиб турибмиз. Асосий эътиборни нохуш ҳолатларнинг оқибатлари билан курашишга эмас, балки унинг барвақт олдини олиш, ўз вақтида бартараф этишга қаратишимиз зарур экан.

Бунинг учун барча имкониятларимиздан оқилона ва мақсадли фойдаланишимиз керак. Оилалардаги муҳитни соғломлаштириш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, эҳтиёжманд оилалар аъзоларининг ҳаётда ўрнини топишига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш ишларига маҳалладаги обрўли ва салоҳиятли кишиларни жалб этаётганимиз ҳам шундан далолат. Айни пайтда барча маҳалла фуқаролар йиғинларида носоғлом ғоялар таъсирига тушиб қолган оилалар ва фуқаролар билан алоҳида иш олиб борилиб, уларнинг тўғри йўлга киришини таъминлаш, ижтимоий ҳаётда ўзларининг муносиб ўринларини топишларига амалий ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилмоқда.

Ўтган давр мобайнида оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида 2 миллионга яқин оилалар ўрганилиб, зарур муҳокамалар ўтказилди. Натижада 27 минг 258 та оиланинг низоларига барҳам берилди. Шунингдек, 2 минг 923 та хонадон фуқаролар йиғинлари томонидан назоратга олинди. Уларнинг муаммоларини ҳал этиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг асосий донори ҳисобланган нотинч оилалар билан ишлаш борасида ҳам янгича ёндашув асосида иш олиб борилмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида республикамиз бўйича ажрим арафасида турган 11 мингдан ортиқ оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлаштирилди. Шунингдек, маҳалла раисларининг ёт ғоялар таъсирига тушган оилалар билан суҳбат ўтказиш тартиби пойтахтимизнинг Юнусобод тумани мисолида амалиётга татбиқ этилди.

Ўз Ватанига, маҳалласига, яқинлари бағрига қайтган юртдошларимизни нормал ҳаётга қайтариш мақсадида улар билан алоҳида суҳбатлар ўтказилиб, шароит ва муаммолари ўрганилади. Фуқаролар йиғинлари томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда уларнинг янги шароитга, ҳаётга мослашиши учун барча зарур чоралар кўрилади, хусусан, бандлигини таъминлаш, соғлиғини тиклашлари учун тиббий реабилитация ишларини ташкил этиш, моддий ва маънавий кўмаклашиш, психологик маслаҳатлар бериш каби зарур тадбирлар тизимли ташкил этилади.

Шунингдек, уларнинг фарзандларини таълим муассасаларига жойлаштириш, бўш вақтларини мақсадли ташкил этиш, фан ва ижодий тўгаракларга йўналтириш, шунингдек, бошқа ижтимоий масалаларни ҳал этишга кўмаклашилади. Энг асосийси, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига, жамиятга қўшилиб кетишига кўмаклашиш фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Муборак Рамазон ҳайитини кутиб олиш арафасидамиз. Ушбу муборак айём маънавий ҳаётимизда жуда катта аҳамиятга эгадир. Унинг эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат каби олижаноб қадриятларни қарор топтиришдаги ўрни беқиёс.

Президентимиз белгилаб берган устувор вазифалардан келиб чиқиб, маҳаллаларда тегишли мутасадди идоралар, жамоат ташкилотлари томонидан жойларда ҳайит байрамини тартибли, қадриятларимизга мос ҳолда ўтказиш бўйича давра суҳбатлари, учрашувлар, турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Байрам тадбирлари давомида эҳтиёжманд оилалар, ногиронлар, уруш қатнашчиларига ҳам манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш режалаштирилган.

Миллий маънавиятимиз, қадриятларимизга зид бўлган турли салбий таъсирларнинг олдини олиш, маънавий-ахлоқий муҳитни таъминлаш, айниқса, ёшларни экстремизм, ақидапарастлик каби бузғунчи ҳаракатлар таъсиридан асрашга қаратилган учрашув ва давра суҳбатлари мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда. Чунки тинчлик, фаровон ҳаётни таъминлаш ва ривожланиш ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ.

Ўз юртига қайтган юртдошларимиз биз учун бегона эмас, уларни яқинлари, маҳалла-кўй ёлғизлатиб қўймайди.

Шавкат ЖАВЛОНОВ, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви раиси.

ЎзА.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019