Уй-жой қуриш жараёнидаги муаммолар: сенаторлар парламент сўрови натижасидан қониқдими?

17:32 11 Сентябр 2020 Сиёсат
278 0

Бугун, 11 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида арзон уй‑жойлар қуриш жараёнидаги муаммолар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама марказида бўлди.

Таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қурилиш вазири бошчилигида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги Фармони билан бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий этилган. Унга мувофиқ, амалдаги қурилиш пудрат ташкилотларига қурилиш материалларини арзонлаштирилган ҳолда етказиб бериш ва белгиланган солиқ имтиёзлари ўрнига кам таъминланган аҳоли қатлами учун манзилли имтиёзлар белгиланган.

Жумладан, даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга дастлабки бадал ёки кредит фоизи тўловларининг бир қисмини қоплаш тартибида субсидия берилиши назарда тутилган.

Бунга қўшимча равишда Солиқ кодексига асосан қиймати 300 млн. сўмдан ортиқ бўлмаган уй-жой эгалари учун ҳар йили 15 млн. сўмлик жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан имтиёз белгиланган.

Шунингдек, қурилиш ташкилотларининг онлайн тизимда ишловчи ягона электрон маълумотлар базасининг яратилиши, танлов савдоларини ўтказиш ва соҳада «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида давлат қурилиши назоратини амалга ошириш чораларининг қўлланиши ҳам назарда тутилган.

Бундан ташқари, мажлисда қурилиш соҳаси аҳоли ҳаётида муҳим ўрин тутиши туфайли ажратилаётган маблағлар, жалб этилаётган инвестициялардан самарали фойдаланишда шаффофликни таъминлаш, соҳани модернизациялаш, жадал ва инновацион ривожлантириш, қурилиш сифати ва назоратини илғор тажрибалар асосида мукаммал таъминлаб бориш, жорий этилаётган янги тартибни самарали қўллаш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, қурилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий меъёрларни илғор хорижий тажрибалар даражасига олиб чиқиш, қурилиш соҳасининг барча жараёнларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, хорижий тажриба асосида амалга оширилаётган қурилиш нархини арзонлаштириш чораларини кўриш, истеъмолчи ҳуқуқлари бўйича шартнома шартларини бузган қурувчи ташкилотлар жавобгарлигини кучайтириш борасида чора-тадбирларни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди. Қолаверса, арзон ипотека кредитлари билан таъминлашни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.

Шунингдек, мажлисда уй-жойга муҳтож фуқаролар учун уй-жой олиши мақсадида субсидия бериш тартибини ва қўлланилаётган кредит сиёсатини соддалаштириш, қурилиш материалларини марказлаштирилган тартибда етказиб бериш амалиётида бозор иқтисодиёти талабларига риоя этилишини таъминлаш, қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлаш бўйича электрон (онлайн) тизимни жорий этиш, уй-жойлар бўйича очиқ маълумотлар базасини яратиш зарурлиги таъкидланди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?