Уй-жой, мулк, нотариал ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар. Адлия вазири тушунтириш берди

18:07 29 Январь 2019 Жамият
1158 0

“Халқ билан юзма-юз” рукнининг бу галги мавзуси адлия идоралари тизимидаги ўзгаришлар, аҳолини қийнаётган айрим муаммоларнинг ечимига бағишланади. Айни чоғда фуқароларни қизиқтирган масалаларга жавоб изланди.  

Юртдошларимиз томонидан таҳририятимизга йўлланган саволларга Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек ДАВЛЕТОВ эксклюзив тарзда жавоб берди.

Савол: Ота-онам вафот этишган. Ҳозирги кунда акам ва мен оилаларимиз билан ота-онамиздан қолган уйда истиқомат қиляпмиз. Яқинда ўзаро келишиб, уйни акамнинг номига расмийлаштиришмоқчи бўлсак, билдикки, у ҳамон бундан 40 йиллар муқаддам отамга сотган кишининг номида экан. Энди биз уйни расмийлаштириш учун қандай йўл тутсак, тўғри бўлади?

Нурбек АЛЛАНОВ. 
Амударё тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунига асосан, нотариус қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани беришда мерос мол-мулкнинг таркиби ва жойини текшириб кўради. Мерос таркибини текшириш мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (ҳоким қарори, олди-сотди, ҳадя ва бошқа битимлар, мерос гувоҳнома) асосида амалга оширилади.

Мазкур ҳолатда ота-онангиздан қолган уй-жой бўйича мерос иши расмийлаштиришнинг имкони йўқ. Чунки отангиз уйни оғзаки келишувга асосан сотиб олган кўринади. Уй-жойни бошқа шахсга ўтказиш ҳақида битимлар ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тасдиқланган бўлиши шарт.

Фуқаролик кодексининг 187-моддасига асосан, мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка 15 йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат).

Шунга кўра, Сиз уй-жойни расмийлаштириш учун мазкур уй-жой жойлашган ҳудуддаги судга ариза билан мурожаат қилишингиз лозим.

Савол: Бировга пул қарз бериб, сўнгра ололмай сарсон юрганлар ҳақида ҳаётда кўп эшитамиз. Баъзида қарз олганлиги тўғрисидаги қоғоз нотариус томонидан тасдиқланган вазиятда ҳам пулини ундиролмаётганлар учраб туради. Саволим шуки, берилган қарзни қайтариб олишнинг кафолатланиши учун қандай қонун-қоидаларга амал қилиш керак? 

Бердақ ЮСУПОВ. 
Нукус тумани

Жавоб: Авваламбор, қарз ўзи нима деган саволга жавоб берсак. Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади (Фуқаролик кодексининг 732-моддаси).

Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса (2 027 300 сўмдан ортиқ бўлса), оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.

Қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт. Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.

Қарз шартномаси бўйича мажбуриятнинг бажарилиши неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкин. Бундан ташқари, фуқаролардан шу нарсани илтимос қилган бўлардикки, агар нотариал идорага боришнинг имкони бўлмаса, қарз олувчидан қарз олганлиги ҳақида тилхат ёздириб олиш мақсадга мувофиқ. Келгусида бу тилхат судда қарзни ундириш учун тасдиқловчи ҳужжат сифатида инобатга олинади.

Агар қарз шартномаси нотариал тасдиқланган бўлса, қарздордан пул суммаларини ундириш ёки мол-мулкни талаб қилиб олиш учун нотариус қарздорликни белгиловчи ҳужжатларга ижро хатларини ёзиб беради. Ижро хатлари Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунида белгиланган тартибда ижро этилади.

Савол: Мен яшаётган уй айни кунларда раҳматли отамнинг номида. Кадастр ҳужжатлари ҳам йўқ. Ушбу уйни ўз номимга расмийлаштиришим учун, аввало, кадастр ҳужжатларини раҳматли отамнинг номига қилишим керак экан. Шу тўғрими? 

Каримберди РАҲМОНҚУЛОВ. 
Бағдод тумани

Жавоб: Ҳа тўғри, раҳматли отангизнинг номида бўлган тураржойга нисбатан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, мазкур тураржойга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида ариза билан кўчмас мулк жойлашган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказига ёки Интерактив давлат хизматлари ягона портали воситасида рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қиласиз.

Тураржойга нисбатан бўлган ҳуқуқ белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг нотариал идора орқали мерос мулкини меросхўрлар номига расмийлаштириш мумкин бўлади. Тураржойга нисбатан мерос гувоҳномасини олиш учун нотариал идорага мерос қолдирувчининг ўлим ҳақидаги гувоҳнома ёки далолатнома ёзувидан кўчирма, мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаш жойи ҳақидаги ички ишлар органларининг маълумотномаси ёки ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувидан кўчирма ёхуд уй дафтаридан кўчирма, мерос таркибининг мерос қолдирувчига тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат, меросхўрларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари (Ф.И.О. ўзгарган тақдирда) ёки далолатнома ёзувларидан кўчирмалар ёхуд қариндошлик муносабатларининг ҳақиқийлигини белгиловчи суд ҳужжати, меросхўрлар вафот этган тақдирда ўлим ҳақидаги гувоҳнома ёки далолатнома ёзувидан кўчирма, мерос қолдирувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси (ажрашганлик ҳақидаги гувоҳнома) ёки далолатнома ёзувидан кўчирмалар тақдим қилиниши керак.

Савол: Жиззах вилоятида доимий пропискада турамиз. Айни пайтда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида вақтинчалик прописка билан яшаяпмиз. Биз турган ҳовли-жой нотариус орқали мерос сифатида менга расмийлаштирилган. Бу уй-жойнинг менинг номимга расмийлаштирилишига ҳуқуқий асос бўла оладими?

Розия ҲУСАНОВА

Жавоб: Ҳа, ҳуқуқий асос бўлади. Фуқаролик кодексига асосан, мол-мулкни мерос қилиб олиш мулк ҳуқуқининг вужудга келишига асос ҳисобланади. 

Мазкур уй-жой юзасидан Сизга васиятнома бўйича ёки қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома нотариал тасдиқланиб, кадастр хизматидан давлат рўйхатидан ўтказилган тақдирда, Сизда тураржойга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келади. Шунда ушбу тураржой номингизга расмийлаштирилган ҳисобланади.

Савол: Биз яшаётган квартирани турмуш ўртоғимнинг қариндошлари ўзаро келишган ҳолда бизга беришмоқчи эди. Лекин уй номига расмийлаштирилган фуқаро Россия Федерациясида ишлайди. Шу сабабли уйни номимизга расмийлаштиролмаяпмиз. Турар-жойни уй эгаси иштирокисиз ҳам қонуний расмийлаштириш мумкинми? Бунинг учун нотариал идорага қандай ҳужжатлар тақдим этиш лозим бўлади?

Марҳабо НАЗАРОВА. 
Чиноз тумани

Жавоб: Бу ҳолда, мулк эгаси ўзининг номидан тураржой олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун ишончли вакилга сотиб олувчи олдида вакиллик қилиш нотариал тасдиқланган ишончнома юбориши керак. Шундан сўнг, ишончли вакил ишочнома асосида тегишли ҳужжатларни нотариусга тақдим қилади ва олди-сотди шартномасида тараф вакили сифатида иштирок этади.

Такидлаш жоизки, 2019 йил 1 январдан буён барча давлат нотариал идораларида уй-жой олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш учун тарафларнинг паспортлари ва тураржойга нисбатан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тақдим қилинади. Бошқа барча ҳужжатларни нотариус тегишли ташкилотга идоралараро ҳамкорлик йўли билан сўровнома юбориш орқали олади.

Савол: Уйимизнинг (квартира) ҳужжатлари эски намунадаги шакли билан қолиб кетган эди. Уни янгилаш учун нотариусга мурожаат қилсам, ҳар бир квадрат мерти учун давлат божи тўланишини айтди. Шу тўғрими? Тўғри бўлса, квадрат метри учун қанча тўланади?

Жавоҳир ОТАМУРОДОВ. 
Тошкент вилояти

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 июлдаги 186-сон қарори билан тасдиқланган Кадастр ишини тайёрлаш ва кўчмас мулк объектларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари нархларини белгилаш тартибига асосан, кўчмас мулк объектларининг тураржой фондига оид қисмига кадастр ишини тайёрлаш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда: 

— кўп квартирали уйдаги квартира — объектнинг 1 квадрат метр майдони учун энг кам ойлик иш ҳақининг 1 фоизи (2 027,3 сўм), 25 фоизга кўпайтирилган ҳолда; 

— якка тартибдаги турар жой – объектнинг 1 квадрат метр майдони учун энг кам ойлик иш ҳақининг 1 фоизи (2 027,3 сўм), 25 фоизга кўпайтирилган ҳолда тўлов ундирилади.

— Давлат хизматлари марказига ёки Интерактив давлат хизматлари ягона порталига буюртма бериш йўли билан уй-жойга тегишли бўлган кадастр йиғмажилдини янгилашингиз мумкин.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019