Учқудуқда Давлат хизматлари марказининг янги биноси иш бошлади

11:50 16 Август 2019 Жамият
96 0

Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида Давлат хизматлари марказининг янги биноси иш бошлади. Бу ҳақда ДХА Навоий вилояти бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Анъанага айланган қадрият, карнай-сурнай садолари, янги объект маҳаллий бюджет ҳисобидан қурилиб, халқ ихтиёрига топширилди. 

Халқ кирадиган жой шинам ва обод бўлиши учун алоҳида эътибор қаратилган. Ресепшнда ҳамиша очиқ чеҳрадаги марказ ходими фуқароларни тизим фаолияти билан танишитириб, йўналтиради. 

Электрон навбат, кутиш зали, болалар майдончаси, интернетдан фойдаланиш учун бепул WiFi ташкил этилган. Марказ бир вақтнинг ўзида 11 та қабул ойнасида мурожаатчиларга хизмат кўрсата олади. Бежирим ва бетакрор дизайнда замонавий жиҳозланган залда 5 та мониторда 100 дан ортиқ давлат хизмати турлари юзасидан маълумотлар марказга келувчи фуқаролар учун тақдим этилган. 

- 9 ой аввал бу ерлар тақир тупроқ эди. Қурувчилар бор бўлишсин, чўл бағрида бир мўъжиза яратишдики, учқудуқлик аҳоли бундан мамнун, - дейди кекса нуроний Абдулла Керимбаев.

Учқудуқ тумани давлат хизматлари маркази йил бошидан шу кунга қадар аҳолига 8500 та давлат хизматини кўрсатди. 40 мингдан ортиқ аҳолиси бор учқудуқ учун аввалги бино кичик, фуқаролар хизмат олиши учун торлик қиларди. 

- Яширмаймиз, жуда ноқулай эди. Мана энди халқ кирса киргулик, миллий ва замонавий дизайндаги архитектура, кенг ва ёруғ хизмат олиш зали, хизмат ойналари бари бари кўнгилдагидек…Бундай шароитда ишлаш ходимлар учун ҳам, марказ хизматидан фойдаланишга кирган одамлар учун ўзгача кайфият улашади, - дейди марказ директори Умар Худойқулов.

Марказ биносида туман фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлими, тадбиркорлар учун бош вазир қабулхонаси ҳам иш бошлади. 

Бу биринчи марказ эмас, вилоятда Учқудуқ Давлат хизматлари маркази ўз фаолиятини янги бинода бошлаган тўртинчи марказдир. Яна Навбаҳор ва Хатирчи туманларида ҳам марказларнинг янги бинолари иш бошлаш арафасида.

Асосийси, фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатининг энг ёрқин намунасини кўрсатиш. Чунки, чулқувар учқудуқликлар бунга муносиб. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019