Учқўрғондаги кичик ГЭСлар каскади энергия бера бошлади

17:14 09 Июль 2019 Иқтисодиёт
354 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Наманган вилояти Учқўрғон туманида Катта Фарғона каналидаги кичик ГЭСлар каскадининг ишга туширилди.

Бундан роппа-роса 80 йил олдин - 1939 йил 1 августда 40 кун ичида ҳашар йўли билан қуриб битказилган Катта Фарғона каналининг тантанали очилиши маросими ўтказилган эди. Ушбу мисли кўрилмаган тарихий иншоот Фарғона водийсининг минглаб гектар ерларини ўзлаштиришда асосий оби-ҳаёт манбаи бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “2017–2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги Қарорда республикамизнинг табиий сув оқимлари ва сув хўжаликлари объектларида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизимида янги гидроэлектростанциялар қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳалари рўйхати тасдиқланган.

Рўйхатдан 2017–2019 йилларда Катта Фарғона каналининг Учқўрғон туманидан оқиб ўтувчи қисмида умумий қуввати 12 МВтга тенг бўлган кичик ГЭСлар каскадини қуриш вазифаси ҳам ўрин олган. Мазкур иншоот барпо этилиши натижасида Наманган вилояти йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 72,89 млн. кВт.с га оширишга эришилади. Бу эса, 48 минг хонадон ёки вилоятнинг Учқўрғон туманини узлуксиз экологик тоза ва қайта тикланувчи электр қуввати билан тўлиқ таъминлаш имконини беради.

Лойиҳанинг умумий қиймати 31 млн. АҚШ долларига тенг бўлиб, унинг 22,3 млн. АҚШ доллари “Ўзбекгидроэнерго” АЖ, қолган қисми эса Хитой Халқ Республикасининг “Эксимбанки” ҳисобидан молиялаштирилди. Харажатлар 8,5 йил давомида тўла қопланиши кўзда тутилмоқда.

Ўтган икки йил давомида бу ерда ҳар бирининг қуввати 6 МВт бўлган иккита кичик ГЭСдан иборат бўлган каскад қурилиши амалга оширилиб, ҳудудда тегишли топографик-геодезия тадқиқотлари олиб борилди.

Айни жараёнда кичик ГЭСлар каскадига сув берувчи каналнинг икки қирғоғига 3 минг тупдан зиёд мевали, 200 тупдан зиёд манзарали дарахтлар экилиб, ҳудуд ободонлаштирилди.

- Учқўрғон ГЭСи сўнгги технологиядаги ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган,-дейди Хитойнинг “Dongfang Elektric” компанияси вакили Ли Чун Гуанг. – Улар тежамкорлиги ва узоқ муддат ишлаши билан ажралиб туради. Масалан, каскадга ўрнатилган агрегатлар 40 йилдан кўпроқ муддат хизмат қила олади.

Катта Фарғона каналидаги кичик ГЭСлар каскадининг ишга туширилишига бағишланган тадбир байрамга айланиб кетди. Унда ҳукумат вакиллари, ГЭС қурилиш-монтаж ишларида иштирок этган корхоналар, жумладан,Хитой Халқ Республикасидан ҳамкорлар иштирок этдилар. Расмий очилиш маросимидан сўнг рамзий тугма босилди ва кичик ГЭСлар каскади ишга тушди.

Кичик ГЭСлар каскадининг очилиш маросимида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Цзян Янь, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ аппарат раҳбари С. Ҳамроев, Наманган вилояти ҳокими Х. Бозоров иштирок этдилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019