Уч нафар ҳамюртимиз Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди

10:30 16 Апрель 2018 Спорт
570 0

Барселонада байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида умидли ёш спортчиларимиз Ислом Абдусаломов, Шерзод Ҳакимжонов ва Гулбаҳор Файзиева жорий йилнинг октябрь ойида Буэнос-Айрес (Аргентина)да бўлиб ўтадиган III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларига лицензияларни қўлга киритишди.

Ҳамюртларимиздан Ислом Абдусаломов ва Гулбаҳор Файзиева спринт ва слалом баҳсларида юқори натижага эришиб, ана шундай имкониятга эга бўлди.
Шунингдек, яна бир ёш спортчимиз Шерзод Ҳакимжонов Олимпия ўйинлари меъёрини бажариб, нуфузли мусобақада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Шу тариқа, байдарка ва каноэчиларимиз Барселонадаги жаҳон чемпионатида тўрт имкониятдан учта йўлланмага сазовор булишди. 

Бунгача вакилларимиз академик эшкак эшиш бўйича ҳам иккита йўлланмага эгалик қилишган эди. 

Миллий Олимпия қўмитаси томонидан маълум қилинишича, айни пайтга келиб умидли спортчиларимиз томонидан III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларига оғир атлетика бўйича 3 та, от спорти (конкур) 1 та, таэквондо ВТФ 1 та йўлланма қўлга киритилган.
  
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар