У “Сиань – Тошкент” йўналиши бўйича биринчи чартер ҳаво қатновининг очилишига бағишланди 

18:07 28 Сентябр 2019 Жамият
122 0

Жорий йил 27 сентябрь куни Хитой Халқ Республикасидаги Шэньси провинциясининг маъмурий маркази - Сиань шаҳрида жойлашган “Сяньянь” халқаро аэропортида “Zhejiang long Airlines Co.Ltd” авиакомпанияси томонидан “Сиань – Тошкент” йўналиши бўйича 1-чартер ҳаво қатновининг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Шэньси провинцияси халқ ҳукуматининг расмийлари, “Zhejiang long Airlines Co.Ltd” авиакомпанияси ва “Western Airport Group” аэропорти, Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси, Сиань шаҳри раҳбарияти ва жамоатчилиги, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.  

Ушбу ҳаво қатновининг очилиши юртимизга келаётган хитойлик сайёҳлар сонини янада кўпайтириш мақсадида Ўзбекистоннинг ХХРдаги элчихонаси ва “Zhejiang long Airlines Co.Ltd” компанияси томонидан ўзаро ҳамкорликда олиб борилган изчил саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси бўлди. 

“Zhejiang long Airlines Co.Ltd” авиакомпанияси директорлар кенгаши раиси Лю Цихонг тантанали маросимни очар экан, Хитойдан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими борган сари кўпайиб бораётганини алоҳида таъкидлади. У Ўзбекистонда мавжуд бўлган бой ва бетакрор сайёҳлик имкониятлари Хитойда фаол тарғиб этилаётгани, ўзбеклар заминидаги Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва бошқа тарихий  шаҳарлар ҳамда уларнинг бағрида жойлашган дунёга машҳур диққатга сазовор масканлар ўз мамлакати саёҳатчилари ўртасида тобора  оммалашиб бораётганини бунинг сабаблари сифатида тилга олди. 

- 2018 йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Туризм соҳасидаги 1-халқаро сармоявий форум ишида Шэньси провинцияси сайёҳлик компанияларининг таркибида “Zhejiang long Airlines Co.Ltd” компанияси вакиллари ҳам иштирок этган эди, - деди у. – Ўшанда Ўзбекистон  Республикаси  Туризмни ривожлантириш  давлат қўмитаси ва бошқа қатор идораларда Хитойдан республикага саёҳатчилар оқимини янада ошириш, шу жумладан, икки мамлакат ўртасида янги ҳаво қатновларини йўлга қўйиш  юзасидан самарали музокаралар ўтказилган эди. 

Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, 2011 йили ташкил топган “Zhejiang long Airlines Co.Ltd” компанияси ички, ташқи ва юк авиаташувлари ҳуқуқини берувчи тўлақонли лицензияга эга. У А320 русумли 44 та йўловчи ташувчи ҳамда 3 та В737 full русумли юк ташувчи ҳаво кемаларига эга. Мазкур самолётлар 269 йўналиш бўйича, яъни  нафақат Хитойнинг турли  шаҳарлари, балки Япония, Жанубий Корея ва Жанубий-шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатлари бўйлаб ҳам ҳаво қатновларини амалга оширади. 

Мамлакатимиз дипломатия ваколатхонаси раҳбари Б.Саидов тантанали маросим қатнашчиларини ушбу чартер ҳаво қатновининг очилиши билан қутлар экан,  бу икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар, шу жумладан, сайёҳлик алмашувларини янада ривожлантириш йўналишида хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда олиб борилган фаол саъй-ҳаракатлар натижаси бўлганини қайд этди. 

Мамлакатимиз элчиси ўз нутқида Ўзбекистонда туризмни миллий иқтисодиётни диверсификациялаш, ҳудудларни жадал ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, мамлакатнинг сармоявий жозибадорлигини оширишни таъминловчи стратегик тармоқлардан бири сифатида ривожлантириш бўйича диққатга сазовор чора-тадбирлар амалга оширилаётганига алоҳида тўхталди.  

- 2019 йилда Ўзбекистонда туризм соҳаси учун жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар, Ўзбекистон Президентининг Фармон ва Қарорлари эълон қилинди, - деди у. - Мамлакатимизда 2019-2025 йилларда туризм жабҳасини ривожлантириш Концепцияси ҳам тасдиқланди. Унга кўра, 2025 йилга қадар соҳа ривожланишининг асосий йўналишлари, бу йўналишдаги аниқ мақсадлар белгилаб олинди. Ўтган давр мобайнида мазкур Концепцияни ҳаётга тадбиқ этиш йўлида эътиборга молик бўлган кўп ишлар амалга оширилди. Яқинда, 12 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Хитой Халқ Республикаси  фуқаролари учун Ўзбекистонга киришда визасиз режимни тадбиқ этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Мазкур ҳужжат икки мамлакат ўртасида маданий, илм-фан, таълим алмашувлари, инвестицион иқлимни яхшилаш ва мамлакат туристик салоҳиятини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатадиган Ўзбекистон ҳамда Хитой ўртасида халқаро муносабатларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинди. Ушбу Фармонга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб Хитой Халқ Республикаси  фуқаролари Ўзбекистон халқаро аэропортлари орқали 7 кундан кўп бўлмаган муддатга Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби белгиланди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда виза режимининг либераллаштирилиши ва сайёҳлик жабҳасини  ривожлантириш учун имтиёз ва преференциялар берилиши миллий туризм салоҳиятини ички ва ташқи бозорларда самарали тарғиб қилиш имконини бермоқда. 

Бундан ташқари, ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг логистика жозибадорлигини тубдан яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, маҳаллий аэропортлар орқали парвозларга хорижий авиакомпанияларни жалб этиш, Европа ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси, йўловчилар сони ва инвестицияларни кўпайтириш учун республикадаги транспорт алоқа тизимини тубдан яхшилашга амалий жиҳатдан ёндошилмоқда. 

Маълумки, туристлар оқимини кўпайтириш учун ҳаво парвозларининг стратегик муҳим йўналишларини аниқлаш катта аҳамиятга эга. Шу боис янги ҳаво йўналишларини йўлга қўйиш мақсадида хорижий авиаташувчилар учун мослашувчан чегирма ва преференциялар тизимини ишлаб чиқиш, чартер рейсларини ташкил этиш механизмини соддалаштириш, айрим аэропортларда «Очиқ осмон» режимини жорий этиш бўйича жиддий қадамлар ташланаётир. 

Яна бир муҳим жиҳат: Шэньси провинциясидан Тошкентга 1-чартер ҳаво қатновининг Сиань шаҳридан Тошкентга йўл олиши ҳам рамзий маънога эгадир. 

Тарихдан маълумки, жаҳонга машҳур Буюк Ипак йўли айнан Сиань шаҳридан бошланган. Сиань тарихда “Чанъань” деб номланган. Ушбу шаҳар мамлакат тарихидаги ўндан зиёд династиялар ҳукмдорлиги даврларида Хитойнинг пойтахти бўлган. Бугунги кунда ҳам Сиань мамлакатда ўзининг алоҳида ўрнига эга. У  Хитойнинг ривожланган инфратузилмаган эга бўлган йирик саноат ва сайёҳлик маркази ҳисобланади.   

ХХР Маданият ва сайёҳлик вазирлигининг жорий йил биринчи чораги маълумотларида қайд этилишича, 2018 йили 149,72 миллион нафар  хитойлик сайёҳлар хорижий мамлакатлар бўйлаб саёҳат қилган. Бу 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 14,7 фоизга кўпдир. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019