У рингга кўтарилганида жиноятчилик даражаси кескин камаяди, ҳатто террорчилар гаровга олинганларни қўйиб юборишади

09:50 22 Сентябр 2020 Спорт
524 0

Маълумот ўрнида: Эммануэл Пакьяо – Филиппин фуқароси. 1978 йилнинг 17 декабрида туғилган. Лақаби Пак Мен.Чапақай. Ярим ўрта вазн боксчиси. 71 та жанг ўтказиб, шунинг 62 тасида ғолиб чиққан. Ҳисобида 7 мағлубият, 2 дуранг бор. 8 вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлишга эришган дунёдаги ягона боксчи. 2006, 2008, 2009 йилларда энг кучли боксчи деб топилган. ”Ўн йилликнинг энг яхши боксчиси” деб эътироф этилган. ”Ринг” журнали сўровига кўра, вазн тоифасидан қатъий назар дунёнинг энг кучли «чарм қўлқоп» устаси. Актёр ва сиёсатчи сифатида ҳам танилган.

Пакьяо Филиппин учун 1 – рақамли одам. У рингга кўтарилганида кўчалар ҳувиллаб қолади, жиноятчилик кескин камаяди, ҳатто террорчилар гаровга олинганларни қўйиб юборишади. Бунақасини дунё дунё бўлиб ҳали кўрган эмас. Ваҳолонки, Пакьяо камбағал, қашшоқ бир оилада туғилган.Келинг, унинг болалиги қандай кечгани хусусида тўхталайлик.

Мэнни оиладаги олти фарзанднинг тўртинчиси саналади. Рўзғорга нафи тегиши учун болалигиданоқ ишлашига тўғри келди.Онаси ўғлининг руҳоний бўлишини хоҳларди. Аммо унинг истагига қарши ўлароқ болакай бокс билан шуғуллана бошлади. Ўй – хаёли бокс билан бўлиб, мактабга кечиккани учун онасидан нуқул койиш эшитарди. Бироқ оила ҳаддан зиёд қашшоқлиги сабаб ўқишдан воз кечишга мажбур бўлди.

Отаси уларни ташлаб кетганида Мэнни 13 ёшда эди. Болани нон ва сув сотиш учун кўчага чиқаришди. У кундузи ишлар, кечаси эса бокс билан шуғулланарди.Рингда шунақанги берилиб курашардики, унга жон-жаҳдини бериб муштлашаётганини инобатга олиб ҳар бир жанг учун 100 песо ( тахминан 2 доллар) бера бошлашди.100 песо 25 килограмм гурунч сотиб олишга етарди. Буни кўрган онаси унинг савдони ташлашига розилик билдирди.

14 ёшга кирганида бола онасидан яширинча Манила шаҳрига борди.Бора солиб, ўзининг профессионал бокс билан шуғулланиш ниятида эканидан онасига хабар берди.Бироқ рингда жанг ўтказиш ўрнига ахлатхонада металл кесувчи бўлиб ишлашига тўғри келди.Бокс билан эса фақат кечқурунлари шуғулланди. Машғулот ўтказиладиган зал унга бошпана вазифасини ҳам ўтади. Чунки тураржой учун пули йўқ эди.Тақдирни қарангки, орадан йиллар ўтиб, Мэнни Пакьяо ўша спорт залини сотиб олиб, у ерда ўз мактабини очади.

Спорт клуб директори салкам икки йил ўтиб Пакьяога бокс телешоусида иштирок этиши учун имкон яратиб берди ва қаҳрамонимиз дарҳол ўзининг қайноққон, енгилишни хуш кўрмас курашчи экани билан назарга тушди. Осиёда дастлабки ютуқларни қўлга киритгач, АҚШга йўл олди.

Америкада уни ҳеч ким кутиб турган эмасди. Кўплаб мураббийлар филиппинлик бу нотаниш боксчи билан ишлашни хоҳлашмади. Фақат Фредди Роучгина бундан истисно. Бу мураббий ҳам Пакьяо ҳақида эшитмаганди. Лекин боксчи билан бир неча дақиқа машғулот ўтказгач, Роуч қаршисида бўлғуси чемпион турганини англади. Мэннининг ҳайратомуз фаолияти шу тариқа бошланди. У профессионал боксда шунақанги жанглар ўтказдики, ҳар бирининг тафсилоти хусусида узоқ тўхталиш мумкин. Рақиблари номининг ўзиёқ кўп нарсадан дарак беради: Марко- Антонио Баррера, Хуан Мануэл Маркес, Эрик Моралес, Девид Диас, Оскар Де Ла Хойя, Рикки Хаттон, Мигел Котто, Шейн Мосли, Тимоти Бредли,Флойд Мейвезер. Профессионал бокс мухлисларига бу номларнинг барчаси таниш. Улар номини эшитганида ҳар қандай боксчининг оёғига титроқ кириши тайин. Мэнни Пакьяо ва Флойд Мейвезер ўртасидаги муштлашувга «Аср жанги» дея таъриф берилгани ҳам бежиз эмас.

Шу ўринда унинг 2008 йилда Оскар Де Ла Хойяга қарши кечган баҳсини эслашни лозим топдик. Ўшанда қаҳрамонимиз ярим ўрта вазнда дебют жангини ўтказганди. Таҳлилчилар Оскар Де Ла Хойянинг ҳеч бир муаммосиз ғалаба қозонишини башорат қилишаётганди. Бироқ улар кутганидек бўлмади.Пакьяо дарҳол ташаббусни қўлига олди. У чаққон ҳаракат қилар, зарбалари ҳам аниқ чиқарди. Рақиби унинг яшин тезлигидаги зарбаларидан ҳимояланишга улгура олмай қолди. 7 ва 8- раундларга келиб Оскар Де Ла Хойя шунақанги кўп зарбалар ўтказиб юбордики, оқибатда чап кўзи деярли ёпилиб қолди. 9-раунд олдидан берилган танаффус чоғида мураббийлари жангни давом эттиришни лозим топишмади.

Пакьяонинг ўйин услуби ҳақида алоҳида тўхталиш лозим. Бу тезлик, аниқ зарба бериш, реакция, оёқлар билан ажойиб тарзда ишлаш, фикрлашдир. Ва албатта унинг машҳур комбинацияси, яъни рақиб томон йўлланадиган зарбалар сериясини эсламаслик мумкин эмас. Буни кўплар тўфонга қиёслашади. Тўфон олдида биласизки, жоннинг омон қолиши даргумондир.

Қаҳрамонимиз кинода ҳам ўз маҳоратини синаб кўрди. Бир неча фильмда суратга тушди. 2007 йилдан буён сиёсатда ҳам жўшқин фаолият юритиб келяпти. Филиппин либерал партияси вакили.2010 йилда Конгресс сайловларида ғолиб чиқди. Пакьяо мамлакат қуйи палатасидаги яккаю ягона миллиардер саналади. Унинг бойлиги 2014 йилда қарийб 38 миллион доллар дея баҳоланган. Ваҳолонки, бир пайтлар ўта камбағал оилада тарбияланаётганини сабабли бокс бўйича мамлакат терма жамоаси аъзоси ҳисобланган Пакьяони Филиппин ҳукумати ўз қарамоғига олган, унинг тураржойи ва овқатланиши харажатларини тўлаб турганди. Бир қашшоқ оила фарзандининг мамлакатнинг энг машҳур ҳамда бой кишисига айланиши беихтиёр мутафаккир шоиримиз Ғафур Ғуломнинг ўлмас мисраларини ёдимизга туширади: «Тақдирни қўл билан яратур одам, Ғойибдан келажак бахт бир афсона!»

Пакьяони жаҳон аҳли ўз фикрига эга инсон сифатида ҳам яхши билади.У шарқона урф – одатларни қадрлайди. 2016 йилда Мэнни «Агар биз биржинслилар ўртасидаги никоҳни қўллаб – қувватласак, демак, одамлар ҳайвондан ҳам баттардир» дея баёнот берди. Шунда унга тажовуз қилганлар учради. Nike компанияси шу сўзлари учун ҳатто у билан ҳамкорликни тўхтатиб қўйди. Бироқ Мэнни фикрида қатъий турди.

Ўз келажагини қаттиқ меҳнат, қийинчиликлар, сабр-бардош эвазига яратган қаҳрамонимиз 2000 йилда уйланган. Уч ўғил, икки қизи бор. Дарвоқе, у 2019 йилнинг 20 июлида Кит Турманга қарши рингга кўтарилиб, навбатдаги ғалабасини қўлга киритди. Шу жангдан сўнг ярим ўрта вазнда жаҳон чемпионлигига эришган ёши энг катта боксчи сифатида ҳам тарихга кирди. Бу пайтда у қирқ ярим ёшда эди.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?