У  қишлоқдошлари тўплаб берган пул эвазига пойтахтга борган. Ҳозир эса жаҳоннинг энг кучли футболчиларидан бири

09:55 30 Сентябр 2020 Спорт
848 0

Энди юртдошларининг яхшиликларига юз ҳисса ошиғи билан жавоб қайтармоқда. 

У 1992 йилда Сенегалда туғилган. Болалиги Бомбали деган кичик қишлоқда кечди. Оиладаги тўққиз жон торгина уйда яшарди. Хонадон соҳиби маҳаллий масжидда имомлик қилар, топгани бу каттакон оила учун урвоқ ҳам бўлмасди. Шу боисдан ота фарзандлари ҳар бирининг ўқиб, рўзғорга нафи тегадиган даражага етишини орзу қиларди.

Қаҳрамонимизнинг ўй-фикри эса футболда эди. Кун бўйи тўп ортидан югурар, телевизор қаршисида профессионал футболчилар иштирокидаги ўйинларни кузатиб, ўзини улар қаторида тасаввур этарди. 2002 йилги жаҳон чемпионатида Сенегал терма жамоасининг чорак финалга чиқиши уни «Футбол билан жиддий шуғулланишим керак», деган қарорга олиб келди. Гап кейинчалик Садио Мане номи билан дунёга танилган футболчи ҳақида бормоқда.

Ота-онаси Садионинг футболга меҳр қўйганини ҳазм қила олишмади. Бола дарсларга номигагина қатнашгани етмагандай, мактабни бутунлай ташлашдан ҳам тоймасди. Уни ўқув йилини тугатишга кўндиришди. Кейин эса қишлоқдошлар пойтахт Манилага бориши учун пул тўплаб Садионинг қўлига тутқазишди.

«Женерасён Фут» футбол академиясига қабул қилиниш учун аввало кўрикдан ўтиш лозим эди. Дурустроқ кийими ва пойабзали бўлмагани учун Садио кўрикка дабдаласи чиққан бутси ва лозимда борди. Ташқи кўриниши абгорлиги сабабли ҳамма ундан кўзини узмасди. Лекин бола мураббийларда яхши таассурот қолдира олди ва кўрикдан муваффақиятли ўтди. Икки йил Садио учун машаққатли машғулотлар билан кечди. 2011 йилда Францийанинг "Метц" клуби скаутларининг келиши унинг ҳаётида бурилиш ясади. ”Метц” вакиллари Африкада ишлаб, камбағал оилалар фарзандларининг катта спортга йўл олишларига кўмаклашишарди. Улар ўшанда Садиони ўзлари учун энг камбағал ва энг талантли ўйинчи сифатида кашф этишди. Йигитча 17 ёшида «Метц» ёшлар жамоасининг асосий тўпурарига айланди. 20 ёшида асосий жамоага қабул қилинди. Уйидагилар, бундан фақат тоғаси мустасно, уни Сенегалда деб ўйлашар, Садио Франциядан туриб уйига қўнғироқ қилганида ҳатто ишонишмади ҳам. Аммо «Метц» иштирокидаги ўйинни телевизордан кўришгач, унинг ҳазиллашмаганини англашди.

Францияда кечган ярим йил Мане учун яхшигина мактаб вазифасини ўтади. Ёш футболчи билан Австриянинг «Ред Булл» клуби раҳбарлари қизиқиб қолишди. Натижада 4 миллион евро эвазига у шу жамоа сафига ўтди ва тўрт йиллик шартнома тузди. Бироқ маҳаллий тилни билмаслиги, уйдан янада узоқлашгани боис муҳитга кўника олмай юрди. Шунда мураббий Рогер Шмидтнинг кўмаги асқатди. Дастлабки мавсумда Садио 16 та гол киритишга улгурди. Кейингисида эса жамоанинг асосий тўпурарига айланди. 

Натижада Англия клублари назарига тушди. Ўзига хос пойгада «Саутгемптон»нинг қўли баланд келди. Мане шу жамоа сафига қўшилди ва 37 та ўйинда 11 та гол киритди. Сенегаллик ҳужумчининг шиддатли ўйинини кўрган «Ливерпул» уни ўз таркибида кўриш учун 40 миллион евронинг баҳридан воз кечди. 2016 йилнинг августида «Арсенал»га қарши дебют ўйинини ўтказган ҳужумчи ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди.

Ҳозир у дунёнинг энг кучли ҳужумчилари қаторида туради. Садио жуда катта тезликка эга. Алдамчи ҳаракатлар устаси. Жисмоний жиҳатдан бақувват. Чарчоқни билмайди. Рақиб дарвозаси яқинида пайдо бўлганида ундан тўпни олиб қўйиш осон эмас. Умуман, «Ливерпул»даги Муҳаммад Салоҳ – Фирминьо – Садио Мане триоси жаҳоннинг исталган жамоаси ҳимоя чизиғини ёриб ўтишга қодирдир. Бунда ажойиб тактик ва футболчилар кўнглига йўл топишда тенги йўқ мураббий Юрген Клоппнинг ҳиссаси катта, албатта. Биз Маненинг Сенегал терма жамоаси сафида ҳам мазмунли футбол намойиш этаётганини таъкидлаш билан чекланмоқчимиз.

Ютуқларига келсак, улар оз эмас. У «Ред Булл» сафида Австрия чемпиони, мамлакат Кубоги соҳиби бўлди. 2016/2017 йилги мавсумда «Ливерпул»нинг йил ўйинчиси деб топилди. Шу жамоа билан 2018/2019 йилги мавсумда Европа Чемпионлар лигаси ғолиби деган шарафли номга муяссар бўлди. 22 та гол билан Англия премьер –лигасининг энг кучли тўпурарига айланди.

Шу каби қатор ютуқларга эришганига қарамай сенегаллик ҳужумчи камтарлигича қоляпти. Инсоний фазилатларини айтмайсизми? У қимматбаҳо машиналарга, ўзини кўз – кўз қилувчи базмларга пул сарфламайди. Даромадининг бир қисмини хайрия ишларига ажратмоқда. Мане туҳфа қилган пулга Сенегалда мактаб ва шифохоналар қуриляпти. Футболчи қашшоқ, камбағал саналган ўнлаб оилаларга ўз ҳисобидан нафақа бермоқда. Бошқача айтганда, у юртдошлари олдидаги қарзини юз, эҳтимолки, минг карра ортиғи билан узаяпти. Бундан 12 йилча муқаддам кийгани тузук бутсиси ҳам бўлмаган ўспириннинг шу даражага етишига ақл бовар қилмайди. Лекин бу айни ҳақиқатдир.

Мақоламиз якунида эса Садио Маненинг трансфер нархи ҳақида қисқача тўхталмоқчимиз. Германиянинг обрўли порталларидан бири берган маълумотга кўра, 2012 йилнинг ёзида унинг баҳоси 500 минг евро эди. Орадан бир йил ўтиб, 3 миллион еврога етди. 2020 йил ёзига келиб эса Маненинг трансфер нархи 150 миллион еврога кўтарилди. Бошқача айтганда, қай бир клуб уни «Ливерпул»дан харид қилмоқчи бўлса, шунча пулнинг баҳридан ўтиши керак. Қойилмисиз!

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?