Дональд Туск адашининг танқидига жавоб қайтарди

17:39 11 Июль 2018 Дунё
251 0
Фото: AFP

Европа Кенгаши Президенти Дональд Туск АҚШ раҳбари Дональд Трампнинг НАТОга оид танқидларини асоссиз деб атади. Трамп НАТО аъзоларини ҳарбий альянс мудофааси учун етарли даражада маблағ ажратмаётганликда айблаган эди. Бу ҳақида “The Voice of America” манбаси хабар берди.

“АҚШнинг Европадан кўра яхшироқ иттифоқчиси йўқ ва бўлмайди. Биз мудофаа учун Россиядан кўпроқ ва Хитой билан тенг маблағ сарфлаяпмиз. Бу хавфсизлигимиз учун сармоя эканини тушунасиз, деган умиддаман, - дея ёзди Туск ўз твиттерида.

Туск Трампни АҚШ-НАТО алоқаларини қадрлашга ундаган. “Бундай дўстларингиз шундоқ ҳам кўп эмас”, - дея қўшимча қилади у.

Бугун НАТО етакчилари билан учрашувга жўнаб кетиш олдидан Трамп Тускнинг фикрларига муносабат билдирди.

“Иттифоқчиларимиз кўп, лекин биздан фойдаланиб қолишларига йўл қўймаймиз. Европа Иттифоқи биздан фойдаланяпти”, - деди Трамп.

Трамп бундан аввалроқ твиттер орқали НАТО аъзоларини яна бир бор танқид остига олган эди.

“АҚШ уларни ҳимоя қилиш учун бошқа давлатларга қараганда бир неча баробар кўп маблағ сарфламоқда. АҚШ солиқ тўловчилари учун бу адолатдан эмас. Бунинг устига биз Европа Иттифоқи билан савдо бўйича 151 млрд. доллар камомадга эгамиз”, - деб ёзди у.

2017 йил президент этиб сайлангандан сўнг Трамп НАТО иттифоқчиларини ҳимоя қилиш масаласида АҚШ ўз аҳдига содиқ эканини айтган, аммо айни пайтда аъзо мамлакатларнинг мудофаа учун кам маблағ ажратаётганини танқид қилиб келаётган эди.

НАТО маълумотига кўра, 2017 йил альянс харажатларининг 70 фоизини АҚШ молиялаштирган.

НАТОнинг 29 аъзоси иттифоқ учун ўз иқтисодиётлари ҳажмидан келиб чиқиб улуш ажратади. 2006 йил улар ялпи ички маҳсулотларининг 2 фоизини ажратиш бўйича келишиб олган ва буни 2024 йилгача амалга ошириш режалаштирилган. НАТО ҳисоб-китобига кўра, барча аъзо давлатларнинг буни уддалаши даргумон.

Эслатиб ўтамиз, бир ой аввал Канадада бўлиб ўтган “Катта еттилик” мамлакатлари йиғилиши ҳам келишмовчилик билан якун топган эди. Трамп анжуман охирида қабул қилинган қўшма баёнотни маъқулламаган эди.

Маълумот учун, бугун Брюсселда НАТО анжумани ўз ишини бошлади. Ундан кейин Трамп Британияга сафар қилиб, у ерда бош вазир Тереза Мэй ва қиролича Елизавета II билан учрашади. Шундан сўнг Хельсинкига жўнаб, 16 июль куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашиши белгиланган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар