Туркия элчиси ўзбек тилини қандай ва нима учун ўрганганлигини айтди

11:13 23 Октябр 2018 Жамият
1307 0

Юртдошларимиз Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмед Башар Шеннинг турли тадбирларда, оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью бериш жараёнида соф ўзбекча равон сўзлашига катта ҳурмат билан қарайди. Унинг давлатимиз тилини қандай ўрганганлиги билан қизиқдик.

— Анадўлу туркчаси ва ўзбек тили бундан тахминан 900 йил аввал бир-биридан ажратилган икки қардош тилдир. Уларнинг тил мантиғи, сўзлар тизилиши бугунги кунда ҳам катта тафовут қилмайди, десам адашмайман. Шу боис халқларимиз бир-бирининг тилини тушуниши ва ўрганиши жуда осон.

Мен ҳам Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўзбек тили филологияси бўйича илмий иш ёқлаган, бениҳоя қобилиятли ва етук ўқитувчидан 25-30 та дарс олиб, ўзбек тилини жуда қисқа муддатда ўргана олдим. “Ўтган кунлар”, “Шум бола” каби мумтоз ўзбек бадиий фильмларини томоша қилиб, Эркин Воҳидов, Абдулла Қодирий ва Алишер Навоийнинг (бугунги ўзбек тилига ўгирилган ҳолатдаги) асарларини ўқиб, маълумот доирамни кенгайтиришга интилдим.

Ўзбек тили мен учун, аввало, қардошимнинг тилидир. Тил эса бутун маданиятнинг умуртқаси, ташувчиси ҳисобланади. Ўзбекистонда вазифа ўтаётган, битта маданий томирларни ўртоқлашган қардош давлатнинг элчисиман. Тилларимиз битта онанинг икки фарзандидек гўё. Динимиз бир. Ўзбек халқини янада яхшироқ тушуниш, қардошимнинг дардига шерик, қувончидан севиниш учун, биринчи навбатда, унинг тилини мукаммал ўрганишни ўзимнинг масъулиятим, деб билдим.

Ўзбек халқи асрлардан буён тараққий этган, ўз атрофига зиё нурини таратган, бугун ҳам минтақада юлдуз мисоли порлаган қадим, ранго-ранг, нафис маданиятга эга. Ўша маданиятга яқинлашиш, янада теран тушуниш ва ундан баҳра олиш имконига мен ўзбек тилини ўрганиш орқали эришдим.

Шу билан бирга, Туркияда кўплаб ўзбеклар яшайди ва улар билан мамлакатимизнинг ҳар жойида учрашиб қолишим мумкин. Уларни учратганимда ўзбекча саломлашиб, сўрашганимда юзларидаги табассумни кўриш мен учун нақадар бебаҳо туйғу эканлигини таъкидлашни хоҳлардим.

Дилшод КАРИМОВ ёзиб олди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019