Туркия бугундан 31 давлат учун ўз чегараларини очмоқда. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор

17:28 20 Май 2020 Дунё
351 0

Фото: turkishnews.com

20 майдан Туркия 31 давлат учун ўз чегараларини очмоқда. Бу ҳақда Россия Туроператорлари уюшмаси хабар тарқатди.

Манбага кўра, даволаниш ёки реабилитация учун келадиган 31 мамлакат фуқаролари Туркияга киришлари мумкин. Ушбу рўйхатга Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Украина, Озарбайжон, Грузия, Туркманистон, шунингдек, Европа ва Яқин Шарқдан бир қатор давлатлар киритилган. Таъкидланишича, Туркия ҳукумати тиббий туризм мисолида барча санитария-гигиена меъёрларига риоя қилган ҳолда чет элдан сайёҳларни қабул қилишни синаб кўрмоқчи.

Тиббий туризм йўналишлари рўйхатига ортопедия, травматология, умумий ва болалар хирургияси, урология, офтальмология, кардиология, онкология ва бошқалар киритилган.

Сайёҳлар Туркияга фақат Истанбул ва Анқара аэропортлари орқали қабул қилинади. Даволанишга эҳтиёжи бор бемор билан яна икки киши келиши мумкин. Чегарани кесиб ўтишда чет элликлардан коронавирус инфекцияси йўқлиги тўғрисида гувоҳнома (48 соат давомида амал қилиши мумкин) талаб этилади. Агар у йўқ бўлса келгандан кейин тестдан ўтиши талаб этилади ва бу хизмат пуллик бўлади.

Шунингдек, парвоз ва божхона текшируви пайтида чет эллик сайёҳлар ниқобда бўлишлари лозим. Ушбу жараёнлардан сўнг беморлар ва уларнинг ҳамроҳлари шифохонага олиб борилади ва даволаниш давомида муассаса ҳудудида қолиши талаб этилади.

Касалхоналарда чет элликлар даволанадиган жойлар алоҳида тўсиқ билан тўсилади. Бундай беморларга чет тилларини биладиган ходимлар хизмат кўрсатади.

Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсойнинг сўзларига кўра, расмий Анқара яна 70 давлат билан бу борада маслаҳатлашувларни бошлаган.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?