“Туркистон тўплами” — яқин ўтмиш акс этган ноёб дурдона

17:37 14 Март 2020 Жамият
256 0

Фото: АОКА

Кеча, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондидан “Туркистон тўплами” деб номланган ноёб тўпламига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда таниқли тарихчилар, соҳа мутахассислари, тадқиқотчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Миллий кутубхона ўзининг тўлиқлиги ва мазмуни жиҳатидан ягона ҳисобланган коллекцияга эга. Унда қўлёзмалар, тошбосмалар, илк чоп этилган газета ва журналлар, альбомлар, монографиялар, илмий адабиётлар ҳамда Туркистон ўлкаси тарихига доир манбалар тўпланган.

— “Туркистон тўплами” деб номланган ноёб тўплам ёзилиши тарихи Тошкентдаги Туркистон оммавий кутубхонасига асос солиниши даврига тўғри келади, — деди тарих фанлари доктори, профессор Доно Зияева. — Туркистон тўплами даврий нашрлардан, баъзан эса алоҳида китоблардан ҳам кесиб олинган парчаларнинг мажмуидан иборат бўлиб, Марказий Осиё тарихи, этнографияси, географияси, иқтисоди ва маданияти бўйича ўзига хос энциклопедия вазифасини ўтайди. Тўплам 594 жилддан иборат бўлиб, XIX асрнинг 70-йиллари бошидан 1917 йилгача бўлган даврдаги воқеаларни ўз ичига олади.

Туркистон тўпламини ташкил этувчи турли материаллардан самарали фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида, Системали ва алифболи кўрсаткич тузилган. Бу кўрсаткичларда “Туркистон тўплами” нинг мос жилди рақами билан бирга, у ёки бу материал жойлаштирилган нашр ҳам кўрсатилган.

Тўплам саҳифаларини жилдма-жилд варақлар эканмиз, ўлканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати, ишлаб чиқариш кучлари ва ўта бой ресурсларини ўрганишдан тортиб, минтақада яшовчи халқларнинг тарихий ўтмиши, кундалик ҳаёти, анъаналари, урф-одатлари ва қадриятларини ўрганишгача бўлган бутун ҳаётини батафсил тиклашимиз, шунингдек, таниқли географлар, этнографлар ва тарихчиларнинг илмий изланишлари ва илмий экспедициялари ёзма маълумотлари билан танишишимиз мумкин.

Шунингдек, Миллий кутубхонада “Туркистон тўплами“ маълумотлар базаси ҳам мавжуд.

Дастур ҳар бир мақола ҳақида библиографик маълумотни ва унга бириктирилган тўлиқ матнли файлни кўриш имконини беради. Баъзи бир жилдлар бир неча ўнлаб мақолалардан баъзилари эса битта асардан иборат.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида сақланаётган энг ноёб манбалардан бири бўлмиш “Туркистон тўплами” 2016 йил 19 май куни ЮНЕСКО “Жаҳон хотираси” дастурининг Осиё ва Тинч океани минтақаси даражасида тан олиниб унга тегишли ёрлиқ тақдим этилди.

Тадбир якунида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?